Ўзбекистонда болаларни ҳимоя қилишнинг “Barnahus” модели жорий этилиши муҳокама қилинди
Болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш ва уларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга қаратилган илғор халқаро тажрибаларни мамлакатимизга татбиқ этиш масалалари юзасидан навбатдаги муҳим учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида бўлиб ўтган тадбирда “Barnahus” моделини ишлаб чиқиш ва уни Ўзбекистонда жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир 2026-2030 йилларга мўлжалланган Болаларни ҳимоя қилиш стратегиясини амалга ошириш доирасида ўтказилиб, ишчи ҳамда эксперт-таҳлилий хусусиятга эга бўлди.

Муҳокама жараёнида “Barnahus” моделининг концептуал ёндашувлари, уни жорий этиш бўйича ўрганилган халқаро тажриба, жумладан, миллий ҳуқуқий тизимларга мослаштирилган Европа давлатлари амалиёти тақдим этилди.
Шунингдек, иштирокчилар болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига жавоб беришнинг амалдаги тизимини таҳлил қилди.

Қайд этилишича, идоралараро ҳамкорликнинг мавжуд механизми айрим ҳолларда боланинг қайта жароҳатланишига, унинг руҳий-ҳиссий ҳолатининг ёмонлашишига ва далиллар сифатининг пасайишига сабаб бўлмоқда.
Учрашув якунида иштирокчилар миллий ҳуқуқий ва институционал хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда “Barnahus” моделини Ўзбекистонда босқичма-босқич жорий этиш мақсадга мувофиқ экани тўғрисида умумий хулосага келди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА
Ўзбекча
English
Русский