Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форуми иштирокчилари Ислом цивилизацияси марказини зиёрат қилдилар

27 сентябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича бешинчи Самарқанд форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган бир гуруҳ меҳмонлар пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси марказини зиёрат қилдилар. Хорижий ва халқаро меҳмонларга ушбу  маърифий саёҳат давомида  Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази масъул ходимлари ҳамроҳлик қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ғояси ва ташаббуси асосида барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази нафақат ўтмиш ҳақида ҳикоя қиладиган, балки тарих, бугун ва келажакни боғлайдиган, тараққиётимизнинг асосий йўналишларини белгилаб берадиган ақл-тафаккур марказидир.  Ушбу муаззам маскан Ўзбекистоннинг бой маърифий салоҳияти, тарихи, илмий-маънавий, маданий меросини ўзида мужассам этгани билан диққатга сазовор.

Самарқанд форуми иштирокчилари Ватанимизнинг шонли тарихи ва Янги Ўзбекистон ўртасидаги кўприк бўлган ушбу масканда бой маънавий ва илмий меросни мамлакатнинг замонавий интилишлари билан боғлайдиган жараёнлар билан танишдилар. Хусусан, Ислом цивилизацияси марказининг Шон-шараф зали, Қуръони Карим зали, Исломдан аввалги давр цивилизациялари бўлими бўлган Сўғд зали, “Бағрикенглик” майдонини томоша қилдилар.

Меҳмонлар, шунингдек, Шон-шараф залида жойлашган 14 та равоқда Марказий Осиё халқлари тарихидаги муҳим воқеалар тасвирлангани гувоҳи бўлдилар. Марказ залларида замонавий технологиялар тарихни жонли мулоқотга айлантирганини кўриб, ҳайратландилар.

Самарқанд форуми иштирокчиларига Ўзбекистон ҳудудидаги исломгача бўлган давр тарихи, ислом цивилизациясининг шаклланиши ва тараққиёти, буюк алломалар мероси, миллий маданий бойликлар ҳамда мамлакатнинг илмий-маърифий салоҳияти ҳақида атрофлича маълумот берилди. Ўз навбатида, меҳмонлар бу ерда яратилган замонавий мультимедиа, ноёб қўлёзма ва тарихий экспонатларни эътироф этаркан, Ислом цивилизацияси марказининг халқаро миқёсдаги аҳамиятини юқори баҳолади. 

Хорижлик меҳмонлар шу куни Темурийлар тарихи давлат музейида ҳам бўлдилар. Давлатимиз раҳбари қарори асосида яқинда тубдан таъмир қилинган ушбу етакчи маданият ва маърифат муассасасидаги ноёб тарихий экспонатлар меҳмонларда улкан таассурот қолдирди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 27.09.2026 Ko'rishlar 101
Ulashish