Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Миллий марказда Таиланд Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий комиссияси аъзоси билан учрашув бўлди

Яқин кунларда бўлиб ўтадиган Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форумида иштирок этиш учун хорижий ва халқаро делегацияларнинг мамлакатимизга ташрифлари давом этмоқда.

26 сентябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабоев Самарқанд форуми хорижий меҳмонларидан бири – Таиланд Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий комиссияси аъзоси, профессор Сучарт Сеттамалине билан учрашди.

Учрашувда Таиланд Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий комиссияси офиси ходими Фасуан Дуангпратип, шунингдек, Миллий марказнинг Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Иқболбек Абдумажидов ҳамда Таҳлил ва тадқиқотлар бўлими етакчи мутахассиси Дилноза Раҳматжонова ҳам иштирок этди.

М.Тиллабоев меҳмонларни қутлар экан, Таиланд Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий комиссияси Жануби-Шарқий Осиёдаги нуфузли ҳуқуқни муҳофаза қилиш институти эканлигини ва унинг амалий тажрибаси Ўзбекистон томонида катта қизиқиш уйғотишини қайд этди.

Мулоқот асносида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида фикр юритилди. Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи миллий институтлар тизимини шакллантиргани таъкидланди.

Бундан ташқари, «Ўзбекистон – 2030» стратегияси ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги 2030 йилгача бўлган стратегия ҳақида алоҳида сўз борди. Стратегия негизида «инсон – жамият – давлат» тамойили ётади. У миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, шунингдек, аҳолининг барча тоифалари, жумладан, аёллар, болалар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни назарда тутади.

Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурига қўшилгани эътироф этилди.

Томонлар ҳамкорликнинг бир қатор йўналишларини муҳокама қилдилар. Жумладан:

– Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Таиланд Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий комиссияси ўртасида институционал ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда Англашув меморандумини тузиш;

– ўзаро тажриба ва илғор амалиётлар билан алмашиш, жумладан, инсон ҳуқуқларини мониторинг қилиш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича икки томонлама учрашувлар ва танишув ташрифларини ташкил этиш;

– инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим йўналишида ҳамкорлик қилиш, шу жумладан, давлат хизматчилари, ёшлар, педагоглар ва фуқаролик жамияти вакиллари учун қўшма маърифий ташаббусларни амалга ошириш масалалари ҳақида фикр юритилди.

Учрашув якунида Таиланд делегацияси учун Инсон ҳуқуқлари уйи бўйлаб экскурсия ўтказилди. Меҳмонлар ушбу маърифат масканининг фаолияти ва асосий иш йўналишлари билан таништирилди.

Томонлар инсон ҳуқуқлари бўйича икки миллий институт ўртасидаги мулоқотни давом эттириш ва ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олдилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 26.09.2026 Ko'rishlar 37
Ulashish