Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Жаҳон амалиётига инсон ҳуқуқлари бўйича “Самарқанд руҳи”ни олиб кирган анъанавий форум

Жорий йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумига асос солинганига 8 йил бўлди. Анъанавий тарзда ҳар икки йилда ўтказиб келинаётган ушбу халқаро анжуман қисқа вақт ичида инсон ҳуқуқларининг турли соҳаларига тааллуқли долзарб масалаларни муҳокама этиш ва самарадор ечимлар топиш борасида дунё миқёсида кам учрайдиган ноёб, қулай ва ўзига хос мулоқот майдонига айланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Юртимизда илк бор 2018 йилда ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми жаҳон амалиётига ўзига хос “Самарқанд руҳи”ни олиб кирди десак, ҳеч муболаға бўлмайди. Шу тариқа инсон ҳуқуқлари соҳасидаги энг долзарб муаммоларга бағишланган Самарқанд форумларини ўтказиш яхши анъана тусини олди”.

Шу йил сентябрь ойининг сўнгги кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форуми бўлиб ўтади. Фикримизча, навбатдаги анъанавий Форум арафасида унинг тарихига мухтасар назар солиш айни муддаодир.

 

 Инсон ҳуқуқлари бўйича I Самарқанд форуми:

2018 йил ноябрь

 

Дастлабки Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми БМТ ташкил этилганидан кейинги 70 йил давомида Осиё минтақасида илк марта “Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми” сифатида ташкил этилди. Форум “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги якунлари: замонавий таҳдидлар ва реал воқелик” мавзусига бағишланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича I Самарқанд форуми жаҳонда, жумладан, Жануби-Шарқий Осиёдан тортиб Яқин Шарққача бўлган маконда қуролли тўқнашувлар кучайиб, ўзаро ишончсизлик ва низолар, миллатлар ва конфессиялараро ихтилофлар чуқурлашган, барқарор тараққиётга қарши бошқа глобал таҳдид ва хатарлар кучайган мураккаб шароитда ўтказилди.

Шу маънода, Президентимизнинг Форум иштирокчиларига йўллаган табригида: “бизнинг қатъий ишончимизга кўра, жами 4,5 миллиарддан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган Осиё минтақасининг келажаги кўп жиҳатдан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 2030 йилга қадар барқарор тараққиёт соҳасида белгиланган вазифаларни амалга оширишга тайёр бўлишга, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича самарали минтақавий механизмни шакллантиришга боғлиқ”, деб таъкидлангани бежиз эмас. 

Халқаро анжуман якунида БМТ Бош Ассамблеясининг 73-сессияси ҳужжати сифатида тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларацияси қабул қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон парламенти инсон ҳуқуқларининг “Самарқандча руҳи”ни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиқлади.

Ушбу ҳужжатлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга, бу эзгу ишни янги, янада юксак поғонага олиб чиқишга хизмат қилди.

  

Инсон ҳуқуқлари бўйича II Самарқанд форуми:

2020 йил 12-13 август

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича иккинчи Самарқанд форуми “Ёшлар  ̶ 2020: глобал бирдамлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари” мавзусига бағишланди. Ўзбекистон Президентининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми иштирокчиларига табригида эътироф этилганидек, "Келажакка интилиб яшайдиган ёш авлод сайёрамизда фаровон ҳаёт ва юксак тараққиёт барқарор бўлиши учун янги ғоялар ва ижодий руҳдаги саъй-ҳаракатларни амалга оширадиган беқиёс кучдир".

            Президентимиз ўз табригида, шунингдек,      "БМТнинг Ёшлар стратегиясида таъкидланганидек, “ёшлар сиймосида энг қимматли ва ўта муҳим ресурслар мужассам топган бўлиб, унга ҳар қанча инвестиция киритса арзийди, чунки бу сармоялар бир неча баробар зиёда бўлиб қайтади”. Мен ғоят муҳим ушбу фикрга тўлиқ қўшиламан", дея қайд этди.

Форум иштирокчиларининг фикрича, бугун дунёда ёшлар аҳолининг мисли кўрилмаган даражада кўпчилигини, яъни 2 миллиарддан зиёд қисмини ташкил қилмоқда. Бу аксарият мамлакатларда, жумладан Ўзбекистонда ҳам, аҳолининг ўсиб борадиган катта қисми ёшлардан иборат,  деганидир. Шу маънода, ёшларнинг барча ҳуқуқларини, хусусан, иқтисодий, ижтимоий, маданий, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ва амалга оширишни таъминлаш учун янада кўпроқ ҳаракат қилиш лозим.

Иштирокчилар ёшларга инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бериш бўйича халқаро тажрибани таҳлил қилдилар. Мунозаралар асносида дунё ёшларининг инсон ҳуқуқлари борасидаги саводхонлигини ошириш зарурлиги таъкидланди.

Самарқанд форумида таъкидланганидек, БМТ доирасида ва ундан ташқарида ёшлар масаласи тез-тез муҳокама марказига қўйилмоқда. Аммо, глобал ривожланиш даврида олдинга қараб бир неча қадам, натижали қадамлар қўйиш зарурати мавжуд. Шу нуқтаи назардан, иштирокчиларнинг баҳолашича, Самарқанд веб-форуми ер юзидаги ёшларнинг ҳаётини яхшилаш учун глобал ҳамкорликнинг муҳимлигини алоҳида таъкидлашга қаратилгани билан ғоятда аҳамиятлидир.

Коронавирус кучайган бир қалтис даврда ўтказилган мазкур онлайн Форум якунлари бўйича қабул қилинган резолюция БМТ Бош Ассамблеяси 74-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тақдим этилди.  Ушбу ҳужжат БМТнинг 6 та расмий тили – араб, инглиз, испан, хитой, рус ва француз тилларига таржима қилинди ва кенг тарқатилди.

 

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича III Самарқанд форуми:

2022 йил 5-6 декабрь

 

 Инсон ҳуқуқлари бўйича учинчи Самарқанд форуми «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусида бўлиб ўтди. Ушбу Глобал форумни ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида илгари сурилганди.

Глобал форум Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларациянинг 11 йиллигига бағишланган тадбирларнинг дастлабкиси бўлди. Кўплаб нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари Самарқанд форуми иштирокчиларига самимий қутловлар билан мурожаат қилдилар ва халқаро анжуман ишида фаоллик кўрсатдилар.

Халқаро ҳамжамият Президент Шавкат Мирзиёевнинг инсон қадри, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасида олиб бораётган сиёсати ҳамда ташаббусларини юксак баҳоламоқда. Глобал форум иштирокчиларининг бирламчи ва энг асосий хулосаси шу.

Иштирокчилар томонидан кейинги йилларда Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни такомиллаштириш, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш соҳаларида кенг қамровли ишлар амалга оширилгани эътироф этилди.

Энг муҳими, Самарқанд Глобал форуми, бир томондан, башарият тарихида илк бор инсоннинг асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш зарурлигини эълон қилган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигини нишонлашга қаратилган “Қадр-қиммат, эркинлик ва адолат – ҳамма учун” кампаниясини бошлаб берди.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 26-моддасида қайд этилганидек, “Таълим инсон шахсини тўла баркамол қилишга ва инсон ҳуқуқлари ҳамда асосий эркинликларига нисбатан ҳурматни кучайтиришга қаратилмоғи лозим. Таълим барча халқлар, ирқий ва диний гуруҳлар ўртасида бир-бирини тушуниш, хайрихоҳлик ва дўстликка хизмат қилиши ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тинчликни сақлаш борасидаги фаолиятига ёрдам бериши керак”.

 Шу нуқтаи назардан, Глобал форум иштирокчилари томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимнинг қуйидаги учта жиҳати алоҳида таъкидланди:

биринчи жиҳати – барча инсонлар инсон ҳуқуқлари ўзи нима экани, бу ҳуқуқлар қандай кафолатланиши ёки таъминланиши ҳақида етарлича билим олишлари лозим;

иккинчи жиҳати – инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим инсон ҳуқуқларига оид қадриятларга мос ва мувофиқ ҳолда амалга оширилишига ҳамда бу соҳадаги таълимнинг нафақат жараёни, балки мазмун-моҳияти ҳам жуда муҳимлигига жиддий эътибор қаратиш керак;

учинчи жиҳати – инсон ҳуқуқлари талабларидан келиб чиққан ҳолда, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бериш, ўз навбатида, таълим олаётган шахсларга инсон ҳуқуқларига оид қадриятларни ўз ҳаётида қўллаш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини мустақил равишда ёки жамоатчилик билан биргаликда рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш учун жуда қўл келишини унутмаслик зарур.

Форум якунида Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни амалга ошириш бўйича Самарқанд Ҳаракатлар режаси қабул қилинди. Самарқанд Ҳаракатлар режаси, Глобал форум иштирокчиларининг фикрича, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурини амалга ошириш ишига қўшилган катта ҳисса бўлди. Бинобарин, Жаҳон таълим дастурининг ўзи – Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияни тўлдирувчи глобал Ҳаракатлар режаси, деганидир.

 

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми:

2024 йил 13-14 июнь

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича тўртинчи Самарқанд форуми «Экологик муаммолар: ўзгарувчан дунёда инсон ҳуқуқлари келажаги, барқарор ечимлар топиш» мавзусига бағишлаб ўтказилди. Форум сайёрамиз миқёсида учта инқироз – иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланиши кучайган кескин экологик вазиятда бўлиб ўтди.

Президентимиз Инсон ҳуқуқлари бўйича IV анъанавий Самарқанд форуми иштирокчиларига мурожаатида таъкидлаганидек, “Экологик инқироз Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги энг асосий тўсиқ ва таҳдидга айланди, глобал миқёсда қашшоқлик билан боғлиқ муаммолар кўпаймоқда, инсоннинг соғлиқ, тоза сув, озиқ-овқат ва уй-жойга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш хавф остида қолмоқда. Бундан аввало, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам, хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар, аёллар ва болалар жиддий азият чекмоқда”.

Инсон ҳуқуқлари бўйича IV анъанавий Самарқанд форуми давомида жаҳон амалиётида ўзига хос ўрин эгаллаб улгурган “Самарқанд руҳи” яна бир бор ўзини баралла намоён этди. Форумнинг қуйидаги ўзига хос хусусиятлари бу фикримизни  яққол тасдиқлайди:

биринчидан, анъанавий Самарқанд форуми Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари кун тартибини рўёбга чиқариш бўйича саъй-ҳаракатлар бутун жаҳонда давом этаётганининг яна бир амалий исботи бўлди;

иккинчидан, Самарқанд форумида БМТ ва унинг тузилмалари ҳамда бошқа халқаро ташкилотлардан нуфузли вакиллар иштирок этгани, шубҳасиз, айни йўналишда глобал ҳамкорлик муҳимлиги эътироф этилаётганининг ёрқин ифодасига айланди;

учинчидан, Форумда иқлим ўзгаришининг инсон ҳуқуқларига салбий таъсир кўрсатишини юмшатиш бўйича турфа тамойил ва ёндашувлар, шунингдек, бу соҳада турли мамлакатлардаги илғор тажриба ва амалиётлар билан ўзаро алмашиниш асосида аниқ тавсия ва ечимлар ишлаб чиқишга эътибор қаратилди.

Бундай ёндашув Ўзбекистон Президентининг: “Париж битимида таъкидланганидек, иқлим ўзгаришига қарши чоралар кўрилаётганида, давлатлар инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиши, рағбатлантириши ва ҳимоя қилиши, асосий диққат-эътиборини мазкур соҳадаги мажбуриятларини бажаришга қаратишлари лозим”, деган фикрлари билан уйғун ва ҳамоҳангдир.

Аслида ҳам, глобал муаммоларга самарали ечимлар топишда ўзаро жам бўлиб ва барча босқичлардаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштирган ҳолда иш тутиш жуда муҳим. Худди шу боис тўртинчи Самарқанд форумида экология муаммоларининг инсон ҳуқуқларига таъсирини ўрганиш ва ушбу салбий ҳолатларга барҳам бериш учун глобал кўламда мақбул ечимлар ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.

Форум якунида «Иқлим ўзгаришлари шароитида  инсон ҳуқуқларини глобал ҳимоя қилиш: барқарор келажак йўлидаги мажбуриятлар ва саъй-ҳаракатлар тўғрисидаги Самарқанд декларацияси» лойиҳаси ишлаб чиқилди. Иштирокчилар ушбу Лойиҳани Ўзбекистон Президенти мурожаатида илгари сурилган ташаббус ва тавсиялар ҳамда Форум давомида келиб тушган 150 дан ортиқ амалий таклиф асосида маромига етказилган ҳолда қабул қилиш учун овоз бердилар.

Форумнинг иккинчи куни иштирокчилар томонидан Самарқанд заминида “Инсон ҳуқуқлари боғи” барпо этиб, ғамхўрликка муҳтож сайёрамиз бағрида янги ва мўъжаз бир боғга асос солдилар. Бу саъй-ҳаракат замирида ҳам ўзига хос ибратли рамз ўз мужассамини топди.

 

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форуми:

2026 йил 28–29 сентябрь

 

Айни вақтда “Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пактларга 60 йил ва Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларацияга 40 йил: қадр-қиммат, тенглик ва барқарор ривожланиш йўлидаги глобал шериклик” мавзусида ўтказиладиган бешинчи халқаро Форумга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форуми Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 16 февралда қабул қилинган “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон–2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги фармони доирасида ташкил этилмоқда.

Бўлажак Форум БМТнинг 1966 йил 16 декабрда қабул қилинган иккита асосий ҳужжати – Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 60 йиллигига, Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллигига, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 30 йиллигига бағишланади.

Форумнинг юқори даражадаги ялпи йиғилишларида, хусусан:

·                    инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро тизимининг олти ўн йилликдан кейинги трансформацияси: эришилган натижалар, муаммолар ва ривожланиш истиқболлари;

·                    замонавий глобал таҳдидлар шароитида барча инсон ҳуқуқларининг универсаллиги, бўлинмаслиги, ўзаро боғлиқлиги ва ўзаро алоқадорлиги;

·                    инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро тизими келажаги: халқаро пактларнинг олти ўн йилликдан кейинги ижроси ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро архитектурани мустаҳкамлаш истиқболлари;

·                    ривожланиш ҳуқуқи – универсал инсон ҳуқуқи ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва глобал тенгсизликни қисқартиришнинг муҳим омили;

·                    глобал ҳамжиҳатлик ва халқаро ҳамкорлик замонавий таҳдидларга, жумладан рақамли трансформация, иқлим ўзгариши, можаролар ва гуманитар инқирозларга самарали жавоб бериш асоси;

·                    урушда инсонийлик: замонавий қуролли можаролар шароитида халқаро ҳуқуқ олдидаги таҳдидлар каби долзарб, умумбашарий ва инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳуқуққа бевосита алоқадор мавзулар муҳокама этилиши мўлжалланган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форуми доирасида, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 30 йиллигига бағишланадиган “юбилей йиғилиши” ҳам ўтказилиши кутилмоқда. Бундан ташқари, «Capstone Project Uzbekistan» инсон ҳуқуқлари бўйича таълим дастури ғолибларини тақдирлаш маросимини ташкил этиш режалаштирилган.

Хулоса қилиб айтганда, Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумининг келиб чиқиш тарихи унинг ташаббускори шахсан Президентимиз Шавкат Мирзиёев эканлигини яққол тасдиқлаб турибди. Айни шу муҳим ташаббус асосида Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги энг долзарб муаммоларга бағишланган Самарқанд форумларини ўтказиш изчил, хайрли ва самарадор анъанага айлангани ҳар қанча таҳсинга сазовор.

 

Акмал САИДОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори,

академик

“Янги Ўзбекистон” газетасининг 2026 йил 26 сентябрь кунги 200(1799)-сони

Nashr sanasi 26.09.2026 Ko'rishlar 40
Ulashish