Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тизими таркибига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Президент ҳузуридаги тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (бизнес-омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази институтлари киради. Уларнинг фаолияти биз олдинги мавзуларда кўриб чиққан инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро андозалар ва илғор хорижий тажриба асосида ташкил этилган ва доимий равишда такомиллашиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фуқаролар ҳуқуқларининг беғараз ва инсонпарвар ҳимоячисидир: у инсон ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисидаги шикоятларни кўриб чиқади ва текширади, айрим ташкилотлар ва мансабдор шахслар йўл қўйган хатоликларни тугатиш юзасидан тадбирлар тавсия қилади, фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланишига ёрдамлашиб, инсон ҳуқуқларининг жиддий равишда бузилишига сабабчи бўлган шахсларни қонунга биноан жавобгарликка тортиш тўғрисида тавсия қилишга ҳам ҳақлидир. Омбудсманнинг минтақавий вакиллари 2000 йилдан буён Ўзбекистоннинг барча минтақаларида фаолият кўрсатиб келмоқда. Улар фуқароларнинг келиб тушган мурожаатлари бўйича жойларга, шунингдек, озодликдан маҳрум этиш жойларига ҳам чиқиб, ўз текширувларини амалга ошириш, яна шунингдек, тегишли минтақалардаги Халқ депутатлари кенгашлари мажлисларида жойлардаги инсон ҳуқуқларига риоя этилиши бўйича ахборотларни тақдим этиш йўли билан Омбудсман ишининг самарадорлигини анча кучайтирмоқда. Бугунга келиб, Омбудсман ҳузурида Бола ҳуқуқлари бўйича омбудсман институти ҳам жорий этилган.  

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (бизнес-омбудсмен) тадбиркорларнинг давлат томонидан белгиланган ҳуқуқлари ҳимояси учун хизмат қилади. Президент ҳузуридаги тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг вазифалари ва ҳуқуқлари тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш, тадбиркорлар фаолияти текширувида уларни қонуний томонлама қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларнинг манфаатларини кўзлаб, судларга даъво аризалари бериш, уларнинг фаолиятини мониторинг қилиб боришдан иборат.

Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи миллий институтлари орасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази халқаро ва миллий идоралараро мувофиқлаштирувчи роль ўйнайди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини, миллий маърузалар тайёрланишини, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтиришни таъминловчи давлат органи ҳисобланади. Марказ ўз ваколатларини барча давлат органлари ва ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади. Марказ ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади. Марказ давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, таълим, илмий-тадқиқот ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш масалалари бўйича кўмаклашади.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech