Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Тинчлик –  тараққиёт ва фаровонлик шарти

26 сентябрь – Ядро қуролини

бутунлай йўқ қилиш халқаро куни

 

Тинчлик ва хавфсизлик — ҳар қандай жамият тараққиёти ва фаровонлигининг энг муҳим шартларидандир. Бироқ бу мақсадларга эришиш йўлида инсоният олдида ҳамон жиддий синовлар турибди.

Ядро қуроли инсоният яратган энг ҳалокатли қурол тури бўлиб, унинг мавжудлиги бутун сайёрамиз хавфсизлигига доимий таҳдид солмоқда. Айнан шу таҳдиднинг глобал миқёсини англаган халқаро ҳамжамият уни бартараф этиш йўлида қатъий қадамлар қўйишга киришди.

Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеясининг 2013 йил 5 декабрдаги резолюцияси билан  26 сентябрь – Ядро қуролини бутунлай йўқ қилиш халқаро куни сифатида эълон қилинди. Шундан буён халқаро ҳамжамият ҳар йили айни санани кенг нишонлаб келмоқда. Шу орқали халқаро ҳамжамият ядро қуролининг инсоният ва атроф-муҳитга солаётган хавфини жамоатчиликка етказишни, ядровий қуролсизланиш масаласида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришни ҳамда дунёни ядро қуролидан холи қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни кучайтиришни мақсад қилган.

БМТ ядро қуролсизланишини халқаро хавфсизлик соҳасидаги энг устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб келади. Ташкилотнинг 1946 йилдаги илк резолюциясидаёқ атом энергиясини назорат қилиш ва оммавий қирғин қуролларини йўқ қилиш масалалари кун тартибига киритилганди. Кейинги ўн йилликларда ушбу масала халқаро хавфсизлик ва тинчликни таъминлаш бўйича кўп томонлама дипломатиянинг муҳим йўналишига айланди.

Ядро қуролларининг қўлланилиши қисқа вақт ичида жуда катта миқёсдаги инсоний талафотларга, инфратузилманинг вайрон бўлишига ва узоқ муддатли экологик оқибатларга олиб келиши мумкин. Бунинг яққол мисоли сифатида 1945 йилда Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига ташланган иккита атом бомбасини келтириш мумкин — оқибатда тахминан 213 минг киши ҳалок бўлди.

Бугунги кунга келиб эса, БМТ маълумотларига кўра, дунёда ҳамон тахминан 12 минг 187 дона ядро қуроли сақланиб қолмоқда. Бу ташвишли рақам инсоният хавфсизлиги олдида турган хавфнинг ҳали ҳам нақадар долзарблигидан бонг урмоқда.

Ядро қуролларидан фойдаланиш нафақат бевосита зарарланган ҳудуддаги инсонларнинг ҳаёти ва соғлигига, балки келажак авлодларнинг фаровонлигига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Радиацион таъсир, атроф-муҳитнинг ифлосланиши ва узоқ муддатли экологик оқибатлар бундай қуролларнинг хавфини фақат ҳарбий масала билан чеклаб бўлмаслигини кўрсатади.

Шу сабабли ядровий қуролсизланиш масаласи тинчлик ва халқаро хавфсизлик билан бир қаторда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инсон ҳаёти ва соғлигини асраш ҳамда барқарор ривожланишни таъминлаш билан ҳам чамбарчас боғлиқ.

Бу борадаги хавфларнинг глобал миқёси ва узоқ муддатли оқибатларини инобатга олиб, халқаро ҳамжамият йиллар давомида ядро қуролсизланиши соҳасида изчил ҳуқуқий асос яратишга ҳаракат қилиб келмоқда. Бунда нафақат ядро қуролини тақиқловчи ва чекловчи шартномалар, балки уларнинг бажарилишини кафолатловчи назорат механизмлари ҳам муҳим ўрин тутади.

Ушбу ҳуқуқий асоснинг пойдеворини эса ядро қуролларини тарқатмаслик сиёсати ташкил этади. Мазкур сиёсатнинг амалий ифодаси сифатида Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги халқаро шартнома (NPT) халқаро хавфсизлик тизимининг асосий ҳуқуқий механизмларидан бири ҳисобланади.

Шартноманинг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, ядровий технологиялардан тинч мақсадларда фойдаланиш ҳуқуқи билан ядро қуролларининг тарқалишининг олдини олиш вазифаси ўзаро уйғунлаштирилади. Ўзбекистон Республикаси NPTга 1992 йилда қўшилган бўлиб, ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни изчил бажариб келмоқда.

NPT билан бир қаторда, халқаро ҳуқуқда ядро қуролсизланишини таъминлашга қаратилган муҳим ҳужжатлардан яна бири — Ядро қуролини тақиқлаш тўғрисидаги халқаро шартнома (TPNW) ҳисобланади. Мазкур халқаро шартнома 2017 йил 7 июлда қабул қилинган ва 2021 йил 22 январда кучга кирган.

Бинобарин, TPNW 20 йилдан ортиқ вақт ичида ядро қуролсизланиши соҳасида ишлаб чиқилган биринчи кўп томонлама, юридик мажбурий халқаро шартномадир. Шартнома ядро қуролини ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш, эгаллаш, сақлаш, жойлаштириш, топшириш, қўллаш ёки қўллаш билан таҳдид қилиш каби ҳаракатларни тақиқлайди. Шу жиҳатдан, шартнома  ядро қуролидан ҳоли дунёни шакллантиришга қаратилган халқаро ҳуқуқий механизмларни янада ривожлантиришда муҳим қадам бўлди.

Бироқ ҳуқуқий тақиқнинг ўзи етарли эмас — унинг амалда изчил бажарилишини назорат қилувчи мустақил халқаро механизм ҳам зарур ҳисобланади. Айнан шу вазифани Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЕ, инглизча: IAEA) бажаради. МАГАТЕ 1957 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг фаолияти атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишни ривожлантириш, ядровий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва ядровий қуролларнинг тарқалишининг олдини олишга қаратилган.

Агентликнинг кафолатлар тизими давлатларнинг халқаро мажбуриятларига мувофиқлигини техник жиҳатдан текширишга, хусусан ядровий материал ва технологияларнинг тинч мақсадлардан ҳарбий мақсадларга йўналтирилмаслигини назорат қилишга хизмат қилади. Бу жараён ядро энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш ва ядро қуроллари тарқалишининг олдини олиш ўртасидаги мувозанатни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон 1994 йилдан буён МАГАТЕ аъзоси бўлиб, шу давр мобайнида агентлик билан 40 дан ортиқ қўшма лойиҳа амалга оширилган. Президент Шавкат Мирзиёев ва МАГАТЕ Бош директори Рафаел Гросси ўртасида 2024 йил 4 декабрда бўлиб ўтган учрашувда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. 

Натижада тинч атом соҳасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қўшма “йўл харитаси” қабул қилинди. Ушбу келишувларнинг давоми сифатида, 2025 йилда Ўзбекистон ядровий хавфсизлик соҳасидаги бир қатор халқаро конвенцияларга расман қўшилди.

Ушбу халқаро ҳуқуқий механизмларнинг амалий натижасига мисол сифатида Марказий Осиё давлатларининг тажрибасини келтириш мумкин. Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд яратиш ғояси биринчи марта 1993 йил сентябрда Ўзбекистон томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида илгари сурилган. Шу тариқа 13 йилдан сўнг, 2006 йил 8 сентябрда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон Семипалатинскда имзолаган тегишли шартнома кучга кириб, минтақани ядро қуролидан ҳоли ҳудудга айлантирди.

Ушбу шартноманинг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, Марказий Осиё — Шимолий ярим шарда тўлиқ жойлашган ва бевосита ядро қуролларига эга икки давлат, Россия ҳамда Хитой билан чегарадош ягона ядросиз ҳудуддир. БМТ ушбу жараённи халқаро ядровий қуролсизланиш ва ядро қуроллари тарқалишининг олдини олиш борасидаги муҳим қадам сифатида қайд этади.

Марказий Осиёнинг ядросиз ҳудуд сифатида шаклланиши минтақавий хавфсизлик, ўзаро ишонч ва ядровий таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган кўп томонлама ҳамкорликнинг амалий намунасидир. Айниқса, минтақада ўтмишда ядровий синовларнинг оғир оқибатлари кузатилгани мазкур масаланинг минтақа учун нақадар муҳим эканини кўрсатади.

Яъни, минтақамизнинг айнан ядровий синовлар ва қурол жойлаштирилган ҳудуддан глобал ядро қуролсизланиши саъй-ҳаракатларида фаол иштирок этувчи минтақага айланиши шартноманинг рамзий аҳамиятини янада оширади. Ядровий синовларнинг экологик ва инсон саломатлигига узоқ муддатли таъсири халқаро ҳамжамиятнинг ядро қуролларини чеклаш ва уларни бутунлай йўқ қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари нақадар зарурлигини яна бир бор намоён этади.

Шу билан бирга, ядро технологиялари фақат ҳарбий соҳа билан боғлиқ эмаслигини таъкидлаш жоизки. Улар энергетика, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, саноат ва илм-фанда кенг қўлланилади. МАГАТЕ маълумотларига кўра, ядровий технологиялар электр энергияси ишлаб чиқаришдан ташқари, касалликларни ташхислаш ва даволаш, озиқ-овқат ва тиббий буюмларни стерилизация қилиш ҳамда бошқа кўплаб тинч мақсадларда қўлланилади.

Шу сабабли халқаро ҳамжамият олдида турган муҳим вазифалардан бири – ядровий технологияларнинг тинч ва фойдали қўлланилиш имкониятларини сақлаб қолган ҳолда, уларнинг ҳарбий мақсадларда қўлланилиши ва ядро қуролларининг тарқалишининг олдини олишдир.

БМТ Бош котиби  Антониу Гутерриш тегишли халқаро сана  муносабати билан йўллаган чақириғида халқаро ҳамжамиятни “шошилинч ва жасорат билан ҳаракат қилиш ҳамда ҳозирги ва келажак авлодлар учун хавфсизроқ, тинчроқ дунё қуриш”га даъват этди.  Бинобарин, мавжуд халқаро-ҳуқуқий ва институционал механизмлар ўз-ўзидан якуний натижани кафолатламайди — уларнинг самарадорлиги халқаро ҳамжамиятнинг изчил сиёсий иродаси ва амалий ҳаракатларига боғлиқ.

Бугунги мураккаб халқаро шароитда ядровий қуролсизланиш ва ядровий хавфсизликни таъминлаш масалалари халқаро ҳамжамият олдидаги устувор вазифалардан бўлиб қолмоқда. Бу борада қуйидаги йўналишларга:

  • ядровий қуроллар тарқалишининг олдини олиш бўйича халқаро механизмларни мустаҳкамлаш;

  • ядровий қуролсизланиш бўйича кўп томонлама мулоқот ва музокараларни ривожлантириш;

  • ядровий қуролсизланиш ва ядро хавфсизлиги соҳасидаги халқаро ҳуқуқий мажбуриятларни изчил бажариш;

  • ядро материаллари ва технологияларининг тинч мақсадларда қўлланилишини таъминлаш;

  • ядровий хавфсизлик ва радиацион хавфсизликни кучайтириш;

  • ёш авлод ва кенг жамоатчилик ўртасида ядровий қуролларнинг оқибатлари ҳамда тинчлик маданияти ҳақида хабардорликни ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш муҳим.

Хулоса қилиб айтганда, 26 сентябрь  – Ядро қуролини бутунлай йўқ қилиш халқаро куни инсониятга умумий хавфсизликнинг муҳим ҳақиқатини мунтазам эслатиб туради. Зеро, ядро қуролларининг мавжудлиги нафақат давлатлар ўртасидаги стратегик муносабатлар, балки инсон ҳаёти, атроф-муҳит ва келажак авлодлар хавфсизлиги билан ҳам бевосита боғлиқ.

Ядровий қуролсизланиш узоқ ва мураккаб жараён бўлса-да, ядро қуролини тақиқлаш ва ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги халқаро шартномалар каби халқаро-ҳуқуқий механизмлар ҳамда МАГАТЕ каби институционал воситалар бу йўлда муҳим таянч нуқталари бўлиб хизмат қилади. Марказий Осиёнинг ядросиз ҳудуд сифатидаги тажрибаси эса минтақавий даражада бундай саъй-ҳаракатларнинг амалда қандай натижа бериши мумкинлигини яққол кўрсатади.

Шу маънода, 26 сентябрь нафақат муайян санани нишонлаш, балки ядровий хавфсизлик ва тинчлик йўлидаги халқаро ҳуқуқий мажбуриятларни изчил бажариш зарурлигини яна бир бор англаш куни сифатида ҳам ғоят аҳамиятлидир.

 

Суҳроб Бозоров,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларни имплементация қилиш бўлими  бош мутахассиси

Nashr sanasi 26.09.2026 Ko'rishlar 20
Ulashish