Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Фуқаролиги бўлмаган ва халқаро ҳимояга муҳтож шахсларни аниқлаш масалалари бўйича семинар

2026 йил 17 ноябрь куни Тошкент шаҳрида нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) ва юридик клиникалар вакиллари учун фуқаролиги бўлмаган шахсларни, шунингдек, халқаро ҳимояга муҳтож шахсларни аниқлаш ва йўналтириш масалалари бўйича семинар бўлди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилди.

Семинар Миллий марказ ва БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармаси Минтақавий ваколатхонасининг 2026 йилга мўлжалланган қўшма иш режаси доирасида ташкил этилди. У фуқаросизликни қисқартириш ҳамда унга барҳам бериш масалаларига бағишланган тадбирлар туркумининг иккинчи кунида бўлиб ўтди.

Семинарда ҳуқуқий идентификация, фуқаросизлик, аҳолини ҳужжатлаштириш ва турдош масалалар бўйича юридик ёрдам ва маслаҳатлар кўрсатаётган ННТ ва юридик клиникалар ходимлари, шунингдек, Миллий марказ, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) идораси, Ички ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлиги вакиллари иштирок этди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов тадбирни очар экан, Миллий марказ 2021 йилдан буён БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармаси билан фаол ҳамкорлик қилиб келаётганини таъкидлади. Жумладан, 2025 йилги ҳамкорлик режаси доирасида «Мадад» ННТ ва бошқа ННТ вакиллари учун фуқаросизликни камайтириш ва бартараф этиш масалалари бўйича иккита ахборот сессияси ўтказилди. Ўтган йилнинг ноябрь ойида эса ННТ ва юридик клиникалар вакиллари, судьялар ҳамда ички ишлар органлари ходимлари учун туркум ўқув тадбирлари ташкил этилди.

Семинарда асосий эътибор ННТ ва юридик клиникаларнинг фуқаролиги аниқланмаган шахслар, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва халқаро ҳимояга муҳтож шахсларни аниқлаш ва йўналтириш бўйича салоҳиятини қўллаб-қувватлашга қаратилди. Шунингдек, узоқ муддатли ечимлар ва фуқаросизликнинг олдини олишга кўмаклашиш учун давлат органлари, фуқаролик жамияти ташкилотлари ва БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ўртасида янада яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари алоҳида диққат марказида бўлди.

А. Саидов фуқаросизлик муаммосини ҳал этиш «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида мустаҳкамланган давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини қайд этди. Бинобарин, 2020 йилда «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши бу борада ҳал қилувчи қадам бўлди.

Мазкур Қонун асосида 2005 йил 1 январга қадар мамлакатда доимий яшаб келган шахсларни фуқаро деб эътироф этиш институти жорий этилди. Бундан ташқари, камида 15 йилдан буён Ўзбекистонда яшаётган шахслар учун тартиб-таомиллар соддалаштирилди ҳамда болалар ўртасида фуқаросизликнинг олдини олиш кафолатлари мустаҳкамланди.

Шунингдек, #IBelong глобал кампанияси якунлангач, 2024 йилда Марказий Осиё давлатлари минтақада фуқаросизликни бартараф этиш тўғрисидаги Ашхобод декларациясини қабул қилди. БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармаси маълумотларига қараганда, ушбу кампания бошланганидан буён минтақада 218 мингдан ортиқ фуқаросизлик ҳолати ҳал этилган.

Айни вақтда фуқаросизликнинг қолган ҳолатларини аниқлаш ва ҳал этиш, одатда, энг мураккаб ва нотипик вазиятлар билан боғлиқдир. Семинарда ана шу ҳолатларнинг ечими аҳоли билан бевосита ишлайдиган ходимларнинг билими ва малакасига бориб тақалиши таъкидланди.

Шу маънода, Миллий марказ ва БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг қўшма нашрлари — 1954 йилги Фуқаролиги бўлмаган шахслар мақоми тўғрисидаги, 1961 йилги Фуқаросизликни қисқартириш тўғрисидаги ва 1951 йилги Қочоқлар мақоми тўғрисидаги конвенциялар ҳамда унга доир Протокол матнларининг давлат тилидаги таржималари, Парламентлараро иттифоқ ва БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг амалий қўлланмалари ҳамда Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ушбу конвенциялар қоидаларига мувофиқлиги бўйича қиёсий-ҳуқуқий таҳлил ННТ ва юридик клиникалар фаолиятида муҳим амалий кўмак бўлиши эътироф этилди.

Семинар якунида асосий хулосалар муҳокама қилинди. Тадбир иштирокчиларига, жумладан, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Адвокатлар палатаси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат юридик университети, «Мадад» ННТ ҳамда Ўзбекистон ННТларининг миллий ассоциацияси вакилларига миннатдорлик билдирилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 17.11.2026 Ko'rishlar 341
Ulashish