Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Ички ишлар вазирлиги ходимлари учун фуқаросизликни қисқартириш ва унга барҳам бериш масалалари бўйича тренинг

2026 йил 16 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходимлари учун фуқаросизликни қисқартириш ва унга барҳам бериш масалалари бўйича тренинг бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТ Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари бошқармаси (БМТ ҚОКБ) билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тренинг Миллий марказ ва БМТ ҚОКБнинг 2026 йилга мўлжалланган Қўшма тадбирлар режаси доирасида ўтказилди. Унда Ички ишлар вазирлиги, Миллий марказ ва БМТ ҚОКБ ходимлари иштирок этди.

Тренинг мақсади — фуқаросизликнинг олдини олиш ва уни қисқартириш бўйича халқаро стандартлар, жумладан, 1961 йилги Фуқаросизликни қисқартириш тўғрисидаги конвенцияда мустаҳкамланган ҳуқуқий кафолатлар юзасидан билимларни чуқурлаштириш ҳамда Ички ишлар вазирлиги ходимларининг фуқаролиги бўлмаган шахсларни аниқлаш, ҳужжатлаштириш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалий салоҳиятини янада мустаҳкамлашдан иборат.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов тренингни очар экан, Марказ 2021 йилдан буён БМТ ҚОКБ билан фаол ҳамкорлик қилиб келаётганини, шу давр мобайнида фуқаросизликни қисқартириш ва унга барҳам бериш масалалари бўйича жами 21 та қўшма тадбир ташкил этганини таъкидлади. Бугунги тренинг ўтган йилнинг ноябрь ойида ННТ ва юридик клиникалар вакиллари, судьялар ҳамда ички ишлар органлари ходимлари учун ўтказилган туркум ўқув тадбирларининг мантиқий давоми экани қайд этилди.

А. Саидов фуқаросизлик муаммосини ҳал этиш «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида мустаҳкамланган давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани, 2020 йилда «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши бу борада ҳал қилувчи қадам бўлганини алоҳида таъкидлади.

Марказ директорининг маълумотига кўра, 1992–2016 йилларда Ўзбекистон фуқаролигини 482 нафар шахс олган бўлса, 2016 йилдан буён 91 мингдан ортиқ киши: 26 мингга яқин шахс Президент фармонлари билан фуқароликка қабул қилинган, 66 мингдан ортиқ шахс Ўзбекистон фуқароси деб эътироф этилган. А. Саидов бу натижалар ортида, аввало, ички ишлар органлари ходимларининг жойлардаги машаққатли ва масъулиятли меҳнати турганини, Ички ишлар вазирлиги фуқаролик масалаларини ҳал этиш бўйича давлат сиёсатини амалга оширишда асосий ижро бўғини ҳисобланишини қайд этди.

Дастур доирасида иштирокчилар:

–        фуқаролиги бўлмаган шахслар, фуқаросизлик хавфи остидаги шахслар ва фуқаролиги аниқланмаган шахслар тушунчалари, фуқаросизликнинг сабаблари ва оқибатлари, фуқаролик ҳуқуқига оид инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар ҳамда БМТ ҚОКБнинг мандати ва роли;

–        1954 йилги Фуқаролиги бўлмаган шахслар мақоми тўғрисидаги ва 1961 йилги Фуқаросизликни қисқартириш тўғрисидаги конвенцияларга мувофиқ фуқаролиги бўлмаган шахслар сонининг олдини олиш ва уни қисқартиришнинг асосий кафолатлари;

–        Ўзбекистоннинг фуқаросизлик муаммосини ҳал этиш бўйича тажрибаси: фуқаролиги бўлмаган шахсларни харитага тушириш, маълумотлар тўплаш ва статистика, норматив-ҳуқуқий база ва тартиб-таомиллар, асосий ютуқлар ва келгусидаги устувор вазифалар;

–        фуқаролиги бўлмаган шахс мақомини белгилаш тартиб-таомили: унинг босқичлари, далилларнинг роли, процессуал кафолатлар ва қарорларни қайта кўриб чиқиш механизмлари, Марказий Осиё ва бошқа мамлакатлардаги амалиёт;

–        Марказий Осиёда фуқаросизликка барҳам бериш ва унинг олдини олиш: ютуқлар, сақланиб қолаётган муаммолар ва имкониятлар, илғор минтақавий тажриба, Фуқаросизликка барҳам бериш бўйича Глобал альянс ва Ашхобод декларацияси масалалари бўйича маъруза ва муҳокамаларда қатнашди.

Тренинг якунида иштирокчилар асосий хулосалар ва натижаларни муҳокама қилди.

Шунингдек, Миллий марказ ва БМТ ҚОКБнинг қўшма нашрлари — фуқаросизликка оид халқаро конвенциялар матнларининг давлат тилидаги таржималари, амалий қўлланмалар ҳамда Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ушбу конвенциялар қоидаларига мувофиқлиги бўйича қиёсий-ҳуқуқий таҳлил Ички ишлар вазирлиги ходимлари фаолиятида муҳим амалий кўмак бўлиши таъкидланди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 16.11.2026 Ko'rishlar 83
Ulashish