Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

ГЛОБАЛ ТАҲДИДЛАР ВА МИЛЛАТЛАРАРО ҲАМЖИҲАТЛИК

Ҳар йили 15 ноябрда дунё миқёсида Трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг барча шаклларининг олдини олиш ва уларга қарши кураш халқаро куни кенг нишонланади. БМТ Бош Ассамблеясининг 2024 йил март ойидаги резолюция асосида таъсис этилган ушбу сана халқаро ҳамкорликни кучайтириш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда трансчегаравий жиноий тузилмалар келтириб чиқарадиган таҳдидлар ҳақида хабардорликни оширишга қаратилган.

Бугунги кунда уюшган жиноий гуруҳлар ўз таъсир доирасини кенгайтириш мақсадида рақамли технологиялар ва виртуал активлардан ҳам кенг фойдаланмоқда. Трансчегаравий синдикатларнинг асосий мақсади ноқонуний бойлик орттириш бўлиб, жиноятчилар, жабрланувчилар, гувоҳлар ва яширин маблағлар турли давлатлар ҳудудида жойлашгани сабабли, ҳеч бир мамлакат бу таҳдидларга ёлғиз ўзи қарши тура олмайди.

Минтақанинг географик жойлашуви Ўзбекистонни Тожикистон ва Қирғизистон орқали Россия ҳамда Европага йўл олган героин ва каннабис моддалари учун транзит ҳудудга айлантирган. Бунга қўшимча равишда синтетик наркотиклар хавфи тобора кучайиб бормоқда. Бунинг устига кибер макондаги фирибгарликлар, давлат ва хусусий инфратузилмаларга қаратилган товламачилик дастурлари ҳамда ўзини «банк хавфсизлик хизмати» ходими деб таништириб, фуқароларнинг пластик карталаридаги маблағларини ўмараётган виртуал жиноятчилар таҳдиди қўшилмоқда.

Ана шундай мураккаб шароитда Ўзбекистон Республикаси ИИВ тизимида уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўйича алоҳида хизматнинг ташкил этилиши замон талабига муносиб амалий жавоб бўлди. Ушбу ихтисослашган тузилма жиноий гуруҳларни, уларнинг ҳомийлари ва трансчегаравий алоқаларини илдизи билан йўқ қилишга қаратилган яхлит тезкор тизимни шакллантирмоқда. Бундан ташқари, кибержиноятчилик ва иқтисодий ҳуқуқбузарликларга қарши курашувчи бўлинмалар замонавий таҳлилий дастурлар билан таъминланиб, криптовалюта ва виртуал активлар орқали амалга оширилаётган шубҳали операцияларни тезкорлик билан тўхтатиш салоҳиятини оширмоқда.

Давлатимиз БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) билан ҳамкорликда Ўзбекистон тарихида илк бор уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўйича Миллий стратегияни ишлаб чиқишга киришгани ушбу соҳадаги узоқ муддатли сиёсат пойдеворини яратмоқда.

Бироқ трансмиллий жиноятчиликка қарши фақат мамлакат ичкарисида курашиш билан чекланиб бўлмайди. Минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва илғор тажриба алмашиш мақсадида Ўзбекистон нуфузли халқаро дастурларда, жумладан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЙХҲТ) Котибиятининг Трансмиллий таҳдидлар департаменти томонидан амалга оширилаётган «SENTINEL» лойиҳасида фаол иштирок этмоқда.

Баъзи бир мамлакатлардаги мураккаб вазият ва жиноий тармоқларнинг ўзгарувчанлигини инобатга олган ҳолда, мазкур ташаббус доирасида мутахассислар учун фойдалигида пухта тайёрланмоқда. Биринчидан, уюшган жиноятларни тизимли тергов қилиш ва ашёвий далиллар билан ишлаш кўникмалари мустаҳкамланмоқда. Иккинчидан, конспиратив жиноий тузилмаларни фош этишда замонавий махсус тергов усуллари ўргатилмоқда. Учинчидан, инсон ҳуқуқлари ва касбий ахлоқ меъёрларига риоя этган ҳолда тергов суҳбатларини ўтказиш ҳамда кўрсатувларни таҳлил қилиш амалиёти шакллантирилмоқда. Хусусан, Анқара шаҳрида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон тезкор ходимлари учун ташкил этилган қўшма машғулотлар ҳамда INTERPOL ва CARICC каби халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик минтақа терговчилари ўртасида ишончли алоқа ўрнатишга муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу билан бирга, олдимизда ҳали ўз ечимини кутаётган жиддий муаммолар мавжуд. Коррупцияга қарши муросасиз курашни янги босқичга олиб чиқиш, божхона ва чегара назорати механизмларини тўлиқ рақамлаштириш ҳамда жабрланувчи ва гувоҳларни ҳимоя қилиш тизимини кучайтириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

 

Шодия ИСМОИЛОВА,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази етакчи мутахассиси.

“POSTDA-НА ПОСТУ-AT THE POST” газетасининг 2026 йил 13 ноябрдаги 46-сони

Nashr sanasi 17.11.2026 Ko'rishlar 318
Ulashish