Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари самимий қабул ва кўрсатилаётган юксак эътибор учун Султонга миннатдорлик билдириб, Ўмон етакчиси ва дўст халқини яқинлашиб келаётган байрам – Ўмон миллий куни билан чин дилдан қутлади.
Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали алоқаларни янада ривожлантириш ҳамда ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Сиёсий мулоқот ва идоралараро алмашинувлар фаоллашгани, товар айирбошлаш ҳамда инвестициялар ҳажми барқарор ортиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Олий даражадаги ташриф арафасида Масқатда Ҳукуматлараро комиссиянинг олтинчи йиғилиши, қатор ишбилармонлик ва маданий тадбирлар ташкил этилди.
Жорий йил июль ойидан икки давлат пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри авиапарвозлар йўлга қўйилгани юқори баҳоланди.
Амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида савдо, инвестиция, транспорт ва логистика, энергетика ҳамда электротехника, кимё ва тоғ-кон саноати, шаҳарсозлик ва туризм, қишлоқ хўжалиги, космик тадқиқотлар ҳамда рақамлаштириш соҳалари кўрсатиб ўтилди.
Қўшма лойиҳаларни илгари суриш мақсадида Ўзбекистон – Ўмон инвестиция компаниясининг устав капиталини икки баробарга ошириб, 500 миллион долларга етказишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўмон маблағлари иштирокида тузилган Марказий Осиё ва Кавказ инвестиция жамғармаси фаолиятини тез фурсатларда йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди.
Маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш учун маданият ва санъат ҳафталикларини ўтказиш, ёшлар форумини ташкил этиш, ноёб қўлёзмаларни рақамлаштириш ва биргаликда тадқиқ қилиш, қадимий шаҳарлар ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Мулоқот чоғида халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Қўшилмаслик ҳаракати, “Кўрфаз араб давлатлари – Марказий Осиё” формати ва бошқа нуфузли тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги билдирилди.
Икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги анъанавий дўстлик ва ўзаро ишончга асосланган муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтариш бўйича тарихий қарор қабул қилдилар.
Олий даражадаги келишувлар ижросини таъминлаш учун “йўл харитаси”ни қабул қилиш ҳамда Мувофиқлаштирувчи кенгаш механизмини йўлга қўйишга келишиб олинди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон Президенти Ўмон Султонини мамлакатимизга давлат ташриф билан келишга таклиф этди.
“Yangi Oʻzbekiston” va “Pravda Vostoka” gazetalari tahririyati
