Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Маҳкумалар фарзандларининг ҳуқуқлари ҳимояси йўлида

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2026 йил 12 ноябрда «Жазони ижро этиш муассасаларидаги маҳкума аёллар фарзандларини мактабгача таълим билан қамраб олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарор қабул қилинди. Шу асосда  2026 йил 1 декабрдан Ички ишлар вазирлиги жазони ижро этиш тизимидаги 21-сон колониянинг Болалар уйи негизида ҳамда 42-сон манзил-колонияда 3 ёшгача бўлган болалар учун «Она ва бола марказлари» ташкил этилади.

Қарорга мувофиқ, Марказларнинг асосий вазифаси болаларга сифатли парвариш кўрсатиш, уларнинг соғлом ўсиши ва ёшига мос ривожланишини таъминлаш, шунингдек, она ва бола ўртасидаги яқинликни сақлаш учун зарур шароитлар яратишдан иборат.

Қарорга кўра, маҳкума аёлларга ишдан бўш вақтларида, жумладан, тунги пайтда ҳам фарзандлари билан бирга бўлиш имконияти берилади.

Марказлар Таълим ва илм-фан вазирлиги тизимида юридик шахс мақомида фаолият юритади. Уларда кеча-кундуз ишлайдиган, беш нафаргача болани қамраб олувчи гуруҳлар ташкил этилади.

Болалар белгиланган меъёрлар асосида озиқ-овқат, кийим-кечак, пойабзал ва юмшоқ жиҳозлар билан таъминланади. Шунингдек, улар тиббий кўрикдан ўтказилиб, эмланади. Таълим-тарбия жараёни тасдиқланган болаларни ривожлантириш дастури асосида ташкил этилади.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги она ва бола учун яратилган шароитларни ҳар чоракда мониторинг қилиб боради. Зарур ҳолларда болага васийлик белгилаш ёки уни муқобил жойлаштириш шаклларидан бирига жойлаштириш чоралари кўрилади.

Шунингдек, Марказлар ходимларига мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган шартлар асосида иш ҳақи тўланади. Алоҳида меҳнат шароитлари учун ҳар ой 100 фоиз миқдорида устама ҳақ белгиланади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 16.11.2026 Ko'rishlar 148
Ulashish