Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

ЁШЛАР ҲУҚУҚЛАРИ — БАРҚАРОР ТАРАҚҚИЁТНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

“Юртимиздаги 22 миллиондан зиёд ёшларимиз тимсолида биз жуда катта иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий кучни кўрамиз”.

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

Бугунги жаҳон ҳамжамияти олдида турган энг мураккаб ва долзарб вазифалардан бири — инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш асосида барқарор тараққиётга эришиш ҳисобланади. Айниқса, дунё аҳолисининг катта қисмини ташкил этаётган ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кафолатлаш ушбу жараённинг муҳим шартларидан бири сифатида намоён бўлмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда 15 ёшдан 24 ёшгача бўлган 1,2 миллиарддан ортиқ ёшлар истиқомат қилади ва бу кўрсаткич инсоният тарихидаги энг юқори даражалардан биридир. Мазкур демографик салоҳият ёшларни нафақат келажак авлод, балки бугунги куннинг фаол иштирокчилари, инновацион ғоялар манбаи ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларнинг муҳим ҳаракатлантирувчи кучи сифатида кўришни тақозо этади. Шу боис ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш масаласи инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг алоҳида йўналиши бўлиш билан бирга, барқарор тараққиётнинг муҳим омилига ҳам айланмоқда.

Мазкур масаланинг Ўзбекистон учун аҳамияти мамлакатнинг ўзига хос демографик таркиби билан ҳам бевосита боғлиқ. Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 60 фоизга яқини 30 ёшгача бўлган фуқаролар ташкил этиши мамлакат олдида инсон капиталини шакллантириш ва ундан самарали фойдаланиш имкониятини яратмоқда. Бироқ демографик устунликнинг ўзи автоматик равишда тараққиётга олиб келмайди. Унинг реал иқтисодий ва ижтимоий натижага айланиши, аввало, ёшларнинг таълим олиш, муносиб меҳнат қилиш, соғлиғини сақлаш, ижтимоий ҳимояланиш, ахборотдан фойдаланиш, ўз фикрини эркин ифода этиш ҳамда жамият ва давлат бошқарувида иштирок этиш ҳуқуқларининг амалда қай даражада таъминланганига боғлиқ. Демак, ёшлар ҳуқуқларини кафолатлаш масаласига инсон капиталини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асоси сифатида қараш мумкин.

Ёшлар ҳуқуқларини таъминлашнинг бундай аҳамияти халқаро ҳуқуқий тизимда ҳам ўз ифодасини топган. Жумладан, 1948 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ҳар бир инсоннинг таълим олиш, меҳнат қилиш, ижтимоий таъминот ва бошқа фундаментал ҳуқуқлари эътироф этилган бўлса, 1989 йилдаги БМТ Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция 18 ёшгача бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини алоҳида ҳимоя қилиш механизмларини белгилаб берди. Халқаро меҳнат ташкилотининг тегишли конвенциялари эса ёшларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини, жумладан, меҳнатга қабул қилишнинг минимал ёшини, хавфсиз ва муносиб меҳнат шароитларини таъминлашга қаратилган стандартларни белгилайди. Шу билан бирга, 1995 йилда қабул қилинган БМТнинг Ёшларга оид Бутунжаҳон ҳаракат дастури ёшлар сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаб, ёшларнинг ривожланиш жараёнидаги фаол иштирокини халқаро даражада ривожланишига хизмат қилмоқда.

Мазкур халқаро ёндашув кейинги йилларда янада ривожлантирилиб, ёшлар масаласи глобал барқарор тараққиёт кун тартибининг ажралмас қисмига айланди. Хусусан, 2015 йилда қабул қилинган БМТнинг 2030 йилгача Барқарор ривожланиш кун тартибида белгиланган 17 та Барқарор ривожланиш мақсади ёшларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари билан бевосита ёки билвосита чамбарчас боғлиқдир. 2018 йилда БМТ Бош котиби томонидан эълон қилинган “Ёшлар-2030: БМТнинг ёшлар стратегияси” эса ёшларни барқарор тараққиёт, тинчлик ва хавфсизлик ҳамда инсон ҳуқуқларини илгари суриш жараёнларининг фаол субъекти сифатида эътироф этиш ёндашувини янада кучайтирди. Шу маънода, ёшлар сиёсати эндиликда фақат ёш авлодни қўллаб-қувватлашга қаратилган ижтимоий сиёсат йўналиши эмас, балки глобал ривожланиш стратегиясининг таркибий элементи сифатида қаралмоқда.

Ёшлар масаласига халқаро миқёсда эътибор қаратилишининг муҳим ифодаси сифатида 12 август Халқаро ёшлар кунининг ҳар йили нишонланишини қайд этиш лозим. Мазкур сана 1999 йил 17 декабрда БМТ Бош Ассамблеясининг А/РЕС/54/120-сон резолюциясида белгиланган бўлиб, ёшлар масалалари бўйича глобал хабардорликни оширишга хизмат қилади. 2026-йилги Халқаро ёшлар кунининг “Турли шароитлар, умумий интилишлар” шиори эса дунёнинг турли ҳудудларида ёшларнинг яшаш шароитлари фарқ қилса-да, уларнинг қадр-қиммат, тенг имконият, сифатли таълим, муносиб меҳнат, мазмунли иштирок ва барқарор келажакка бўлган интилишлари муштарак эканини ифодалайди. БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш ҳам 2026-йилги Халқаро ёшлар кунига бағишланган мурожаатида ёшларнинг турли шароитларга қарамай, қадр-қиммат, иштирок ва имкониятга бўлган умумий интилишларини таъкидлайди. Шу жиҳатдан, мазкур халқаро сана ва унинг 2026-йилги шиори ёшлар ҳуқуқларини таъминлашни нафақат миллий, балки бутун инсониятнинг умумий тараққиёти ва барқарор келажагини белгиловчи муҳим вазифа сифатида кўрсатади.

Айниқса, Барқарор ривожланиш мақсадлари билан ёшлар ҳуқуқлари ўртасидаги узвий боғлиқлик алоҳида аҳамият касб этади. Жумладан, 4-мақсад — сифатли таълимни таъминлаш, 8-мақсад — муносиб меҳнат ва иқтисодий ўсишни рағбатлантириш, 10-мақсад — тенгсизликни қисқартириш, 13-мақсад — иқлим ўзгаришига қарши курашиш, 16-мақсад — тинчлик, адолат ва самарали институтларни шакллантириш каби йўналишларнинг самарали амалга оширилиши ёшларнинг фаол иштирокисиз мумкин эмас. Чунки ёшлар ушбу жараёнларнинг нафақат манфаатдор томони, балки уларни амалга оширувчи асосий ижтимоий кучлардан биридир. Шу сабабли ёшлар ҳуқуқларини таъминлашни Барқарор ривожланиш мақсадларининг алоҳида йўналишларидан ажратиб кўриш эмас, балки уларнинг деярли барчасини амалга оширишнинг зарур шарти сифатида баҳолаш мақсадга мувофиқдир.

Бундай халқаро стандартлар Ўзбекистоннинг миллий қонунчилиги ва давлат сиёсатида ҳам ўз аксини топмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсоннинг таълим олиш, меҳнат қилиш, соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот, бирлашиш ва жамият ҳаётида иштирок этиш билан боғлиқ фундаментал ҳуқуқлари кафолатланган. Мазкур конституциявий кафолатлар ёшларнинг ҳуқуқий мақомини таъминлаш учун умумий ҳуқуқий пойдевор вазифасини бажаради. Шу билан бирга, 2016 йилда қабул қилинган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун ёшларни 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган шахслар сифатида белгилаб, ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаётдаги иштирокини таъминлашга қаратилган давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва ташкилий-ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлади.

Мазкур ҳуқуқий асосларнинг шаклланиши ёшлар сиёсатини алоҳида тадбирлар мажмуасидан тизимли давлат сиёсати даражасига олиб чиқиш имконини берди. Хусусан, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг ташкил этилиши, ёшлар масалаларига оид давлат дастурларининг қабул қилиниши ҳамда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга ихтисослашган давлат ва жамоат институтларининг фаолияти ушбу йўналишдаги институционал механизмларнинг такомиллашиб бораётганини кўрсатади. Бунда асосий эътибор ёшларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш билангина чекланмай, уларнинг ўз ҳуқуқларини англаш, жамият ҳаётида фаол иштирок этиш ва мустақил равишда ўз манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятларини кенгайтиришга ҳам қаратилмоқда.

Ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини амалда таъминлаш борасида жорий этилган механизмлар ҳам мазкур ёндашувнинг амалий ифодасидир. Хусусан, “Ёшлар дафтари” тизими орқали ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган ёшларни аниқлаш ҳамда уларга манзилли ёрдам кўрсатиш механизми шакллантирилди. Ушбу тизим доирасида ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаши ва бошқа ижтимоий эҳтиёжларини қўллаб-қувватлашга қаратилган чоралар амалга оширилмоқда. Шунингдек, ёшларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган молиявий механизмлар ҳам уларнинг мустақил иқтисодий субъект сифатида шаклланишига хизмат қилмоқда.

Ёшлар ҳуқуқларини таъминлашда таълимнинг ўрни эса алоҳида аҳамиятга эга. Чунки таълим олиш ҳуқуқининг самарали амалга оширилиши ёшларнинг бошқа ҳуқуқлардан фойдаланиш имкониятларини ҳам сезиларли даражада кенгайтиради. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда олий таълимдан фойдаланиш имкониятларининг кенгайиши, таълим шаклларининг диверсификация қилиниши, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар, жумладан, хотин-қизлар учун қўшимча имкониятларнинг яратилиши, ахборот технологиялари, муҳандислик, тиббиёт ва бошқа устувор йўналишларда кадрлар тайёрлашнинг кучайтирилиши муҳим аҳамият касб этмоқда. Бундан ташқари, хорижий тилларни ўрганиш, халқаро алмашинув дастурларида қатнашиш ва замонавий касбий кўникмаларни эгаллаш учун яратилаётган имкониятлар ёшларнинг глобал меҳнат бозорида рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Таълим ва бандлик имкониятларининг кенгайиши билан бир қаторда, ёшларнинг қарорлар қабул қилиш жараёнларидаги иштирокини таъминлаш ҳам демократик жамият ва барқарор тараққиётнинг муҳим шартидир. Шу сабабли ёшлар парламентлари, ёшлар етакчилари институти, турли маслаҳат кенгашлари ва бошқа иштирокчилик механизмларининг шакллантирилиши ёшларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ролини кучайтиришга хизмат қилмоқда. Бундай механизмлар ёшларни сиёсий жараёнларнинг пассив кузатувчисидан фаол иштирокчисига айлантириш, уларнинг фикр ва таклифларини давлат сиёсатини ишлаб чиқиш жараёнларига олиб кириш имконини беради. Натижада ёшларнинг фуқаролик фаоллиги билан бир қаторда, давлат институтларининг ёшлар олдидаги ҳисобдорлиги ва очиқлигини таъминлаш имкониятлари ҳам кенгаяди.

Ўзбекистонда ёшлар ҳуқуқларини халқаро стандартлар асосида илгари суриш борасидаги ташаббуслар мамлакатнинг халқаро ҳамкорлик сиёсатида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда ҳамкор халқаро ва миллий ташкилотлар иштирокида 2021 йилда Тошкент шаҳрида “Ёшларни глобал ҳаракатга жалб қилиш” мавзусида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича Бутунжаҳон конференцияси ўтказилди. Мазкур конференция ёшлар ҳуқуқларини халқаро инсон ҳуқуқлари тизимининг муҳим йўналиши сифатида ривожлантиришга қаратилган муҳим халқаро платформалардан бири бўлди. Конференция якунида “Тошкент ёшлар декларацияси”нинг қабул қилиниши эса ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини халқаро кун тартибида илгари суриш борасидаги ташаббусларнинг амалий натижаси сифатида эътироф этилиши мумкин.

Ушбу ташаббусларнинг мантиқий давоми сифатида 2023 йилда “Ёшлар ҳуқуқлари: имкониятлар ва ҳимоя қилиш механизмлари” мавзусида халқаро форум ташкил этилди. Мазкур форум Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 майдаги фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури доирасида ўтказилиб, унда 800 дан ортиқ иштирокчи қатнашди. Форум доирасида ёшлар ҳуқуқларини таъминлашнинг халқаро ва миллий механизмлари, мавжуд муаммолар ҳамда истиқболдаги вазифалар муҳокама қилиниб, Марказий Осиё ёшлар декларацияси лойиҳаси ишлаб чиқилди ва кенг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди. Бу эса ёшлар ҳуқуқлари масаласининг нафақат миллий, балки минтақавий ҳамкорликнинг муҳим йўналишига айланиб бораётганидан далолат беради.

Шу билан бирга, ёшлар ҳуқуқларини таъминлашнинг самарадорлиги фақат ҳуқуқий нормалар ва институционал механизмларнинг мавжудлиги билан белгиланмайди. Ушбу ҳуқуқларнинг мазмуни ва уларни амалга ошириш механизмлари ҳақида ёшларнинг ўзлари, давлат хизматчилари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда кенг жамоатчиликнинг етарли ҳуқуқий билим ва хабардорликка эга бўлиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Айнан шу нуқтаи назардан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Ёшлар ҳуқуқларини таъминлашда халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик асослари бўйича давлат хизматчилари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда аҳолининг турли қатламлари вакилларининг хабардорлигини ошириш ва ёшлар ҳуқуқлари соҳасига оид таълим учун мультимедиа маҳсулотларини ишлаб чиқиш” мавзусидаги илмий-тадқиқот лойиҳасининг амалга оширилиши алоҳида аҳамият касб этади.

Мазкур лойиҳа ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида ҳуқуқий билим ва кўникмаларни замонавий таълим технологиялари асосида ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Лойиҳа доирасида давлат хизматчилари, фуқаролик жамияти вакиллари, кенг аҳоли қатламлари, хусусан, ёшлар ва улар билан ишловчи мутахассисларнинг халқаро стандартлар ҳамда миллий қонунчилик асосидаги билимларини ошириш кўзда тутилмоқда. Интерактив видеодарслар, онлайн курслар, мобил иловалар ва масофавий таълим модуллари каби мультимедиа маҳсулотларининг яратилиши эса ёшлар ҳуқуқлари бўйича таълимни анъанавий шакллар билан чекланиб қолмасдан, замонавий рақамли имкониятлар асосида ташкил этиш учун янги шароит яратади. Натижада ёшларнинг ўз ҳуқуқларини билиши, ҳуқуқий муаммоларга мустақил муносабат билдира олиши ва зарур ҳолларда уларни ҳимоя қилиш механизмларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилувчи амалий таълим муҳити юзага келади.

Умуман олганда, ёшлар ҳуқуқларини таъминлашни барқарор тараққиётдан алоҳида ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Чунки ёшларнинг ҳуқуқлари кафолатланган, таълим ва меҳнат қилиш имкониятлари кенгайган, ижтимоий ҳимояси таъминланган ҳамда давлат ва жамият бошқарувида фаол иштироки учун зарур шароитлар яратилган жамиятда инсон капиталининг сифати ва салоҳияти ҳам юқори бўлади. Ўз навбатида, юқори даражадаги инсон капитали иқтисодий ўсиш, инновациялар, ижтимоий барқарорлик ва демократик институтларнинг ривожланиши учун мустаҳкам замин яратади. Демак, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни фақат ижтимоий сиёсатнинг бир йўналиши сифатида эмас, балки узоқ муддатли миллий тараққиёт стратегиясининг таркибий қисми сифатида баҳолаш лозим.

Шу маънода, Ўзбекистоннинг ёшлар сиёсатидаги бугунги ёндашувни ҳуқуқларни таъминлаш, имкониятларни кенгайтириш ва ёшларнинг ижтимоий жараёнлардаги субъектлигини кучайтиришнинг ўзаро боғлиқ уч йўналиши асосида янада ривожлантириш муҳимдир. Келгусида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг институционал механизмларини такомиллаштириш, ёшларнинг инновацион ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, сифатли таълим ва муносиб бандлик имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги мазмунли иштирокини кучайтириш барқарор тараққиётга эришишнинг муҳим шартларидан бири бўлиб қолади. Зеро, бугунги ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятлари қанчалик кенг ва ишончли кафолатланган бўлса, эртанги кун жамияти ҳам шунчалик адолатли, барқарор ва фаровон бўлади.

 

 

Наврўзбек Аслонов,

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси Миллий

маркази масъул ходими,

юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)

Nashr sanasi 13.08.2026 Ko'rishlar 47
Ulashish