Ҳуқуқий ҳимоя тизимини янада такомиллаштириш зарур

Мамлакатимизда сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини, айниқса, аҳолининг заиф қатламлари – хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. "Инсон қадрини юксалтириш" тамойилига асосланган ҳолда амалга оширилган ислоҳотлар кенг қамровли ҳуқуқий ва институционал ўзгаришларни ўз ичига олиб, халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда. Бунда 2023 йилда қабул қилинган Конституциянинг янги таҳрири инсон ҳуқуқларини таъминлашда ҳуқуқий кафолатларни энг юқори даражага кўтарди.

Институционал пойдеворни мустаҳкамлаш мақсадида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ваколатлари кенгайтирилди, жазони ижро этиш муассасаларида қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм жорий этилди. Шу билан бирга, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар Омбудсмани) лавозимининг алоҳида ажратилиши ва Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг ташкил этилиши соҳавий муаммоларни манзилли ҳал қилиш учун мустаҳкам асос яратди.

Хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини амалий ҳимоя қилишдаги муҳим қадамлардан бири – "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида" ги қонун қабул қилиниши бўлди. Ушбу қонун асосида зўравонлик қурбонларига "Ҳимоя ордери" бериш амалиёти жорий этилди. Ордер зўравонлик содир этган шахсга нисбатан жабрланувчига яқинлашиш, алоқа ўрнатиш каби аниқ чекловлар ўрнатиб, жабрланувчининг хавфсизлигини кафолатловчи тезкор превентив чора ҳисобланади. Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида махсус шелтерлар (ҳимоя масканлари) тармоғи кенгайтирилди. Бу масканлар жабрланган аёлларга психологик, ҳуқуқий, тиббий ва ижтимоий ёрдамни комплекс кўрсатишга хизмат қилади. Қўшимча равишда, "Аёллар дафтари" тизими жорий этилиб, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан оғир аҳволдаги аёлларни касбга ўқитиш, тадбиркорлик учун субсидиялар ва ишга жойлаштириш орқали уларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлашга қаратилди. Бу, аёлларнинг ижтимоий мавқеини кўтариш орқали уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада мустаҳкамлайди.

Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги асосий ёндашув "Боланинг энг устун манфаатларини таъминлаш" тамойилига асосланади. Бу, айниқса, вояга етмаганлар адолати тизимида яққол намоён бўлиб, вояга етмаганларга оид ишларни кўриб чиқишда махсус судьяларнинг иштироки таъминланди, жазо чораларида тарбиялаш ва реабилитацияга устуворлик берилди. Мамлакатимизнинг мажбурий ва болалар меҳнатига қарши курашдаги халқаро эътироф этилган муваффақиятлари Бола ҳуқуқларини таъминлашдаги қатъий сиёсатнинг натижасидир. Боланинг устун манфаатларини таъминлаш доирасида болаларни оилада қолдириш ва уларни интернат муассасаларига жойлаштиришга имкон қадар йўл қўймаслик сиёсати кучайтирилди.

Шунингдек, ҳуқуқларни ҳимоя қилиш тизимининг муҳим компоненти сифатида фуқаролик жамияти институтлари (ННТ) билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилди. ННТлар жабрланувчиларни реабилитация қилиш, ҳуқуқий маслаҳат бериш, шунингдек, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда фаол иштирок этмоқда. Бундан ташқари, Конституциянинг янги таҳририда шахсий дахлсизлик, сўз эркинлиги, шунингдек, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқлиликнинг бевосита конституциявий кафолатлари мустаҳкамланди.

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ислоҳотлар сиёсий ирода, тизимли институционал ўзгаришлар, ННТлар билан ҳамкорлик ва конституциявий кафолатлар уйғунлигида олиб борилмоқда. Ҳимоя ордери ва шелтерлар орқали зўравонликка қарши курашиш, "Аёллар дафтари" орқали ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш ҳамда барча қарорларда боланинг энг устун манфаатини таъминлаш сиёсати – булар Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўз мажбуриятларини изчил бажариш ва тизимни янада такомиллаштириш йўлидаги қатъий қадамларидир. Бу ислоҳотларнинг тўлиқ самарадорлигини таъминлаш учун ҳуқуқий онгни ошириш ва амалиётда қонунларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш борасидаги ишлар давом эттирилиши лозим.

А.Ғаффоров,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech