25 ноябрь – Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро куни

Ҳар йили 25 ноябрь – Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро куни сифатида дунё миқёсида кенг нишонланади. Ушбу сана БМТ ташаббуси билан жорий қилинган бўлиб, аёлларни таҳқирлаш, камситиш, жинсий, иқтисодий, психологик ёки жисмоний зўравонликка қарши курашнинг рамзига айланган.

Бу кун муайян давра суҳбатлари ёки акция тадбирлари билан чегараланиб қолмаяпти, у бутун жамиятнинг онгини ўзгартиришга қаратилган ҳаракатларнинг марказига айланди. Аёлларга нисбатан зўравонлик шунчаки шахсий муаммо эмас. У ижтимоий, иқтисодий, маданий ва сиёсий барқарорликка хавф солувчи глобал инқироздир.

БМТ маълумотларига кўра, ҳар уч аёлдан бири ҳаёти давомида камида бир марта зўравонликка дуч келади. Баъзи минтақаларда эса бу кўрсаткич 70 фоизгача етади.  

Аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашда БМТ томонидан бир неча муҳим ҳужжатлар қабул қилинган. Хусусан, “Аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларини бартараф этиш тўғрисидаги конвенция” (CEDAW) – аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларини йўқ қилишга қаратилган ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 1979 йилда қабул қилинган. Конвенция давлатларни аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш учун сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳаларда тегишли чора-тадбирлар кўришга даъват этади.

Пекин декларацияси аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида тенглик асосида тўлиқ иштирок этиши, тараққиёт ва тинчлик мақсадларига эришиш асосида 1995 йилда тўртинчи Бутунжаҳон аёллар конференциясида қабул қабул қилинган. Ушбу ҳужжат дунёда гендер тенглигининг муҳимлиги ва аёллар ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишини таъкидлайди. Шунингдек, кўплаб соҳаларда гендер тенгсизлигини бартараш этишга қаратилган аниқ чора-тадбирларни белгилайди.

Қолаверса, ҳар йили ушбу кундан бошлаб 10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари кунига қадар “Гендер зўравонликка қарши 16 кунлик” фаол ҳаракатлар кампанияси ўтказилади.

Бу кун оддий сана эмас, балки, инсон ҳуқуқлари, адолат, тенглик учун курашнинг рамзидир. Зўравонликка барҳам бериш ҳар бир жамият аъзоси, ҳар бир оиланинг зиммасидаги масъулият. Аёлнинг хавфсизлиги таъминланган жамиятгина демократия, тараққиёт ва барқарорлик сари дадил қадам ташлай олади.  

Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech