Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

МУСТАҚИЛЛИК – БУЮК ВА МУҚАДДАС ҚАДРИЯТ

“Миллий суверенитет ва давлат мустақиллиги ҳар қайси мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий тараққиётининг энг асосий шарти ва гаровидир. Бу ҳал қилувчи омиллар давлатнинг халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаши, халқнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш, унинг барча манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Бизнинг миллий мустақиллигимиз мард ва матонатли халқимизнинг қатъий иродаси, истиқлол йўлида курашган фидойи аждодларимиз орзу-умидларининг рўёби бўлиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган эзгу ишларимизнинг мустаҳкам асоси, келажак авлодларимиз учун безавол етказишимиз шарт бўлган буюк ва муқаддас қадриятдир”.

Бу фикрлар Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 1 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори муқаддимасида таъкидланган. Қарор билан “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган  бош ғояни ўзида мужассам этган ғоявий-бадиий концепция ва дастур тасдиқланди ҳамда шу негизда юртимиз бўйлаб энг улуғ ва энг азиз байрамимиз тадбирлари ўтказилмоқда.

Истиқлол байрамининг ушбу бош шиори ўз маъно-мазмунига кўра  2023 йил 30 апрелда янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизнинг туб моҳиятига батамом уйғундир. Бунга биргина мисол: Асосий Қонунимиз  “Ўзбекистоннинг ягона халқи” деган янада ҳаққоний тушунча билан бойитилди. Яъни, “ягона халқ” тушунчасининг мазмун-моҳияти Ватанимизда доимий асосда яшаб келаётган фуқаролар ва барча заминдош инсонлар ташкил этишига оид реал воқелик конституциявий асосда мустаҳкамлаб қўйилди.

Кейинги ўн йилда Янги Ўзбекистонни барпо этишда жамиятимиз ва давлатимиз “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган инсонпарвар ғояга таянмоқда. Бундай ғоятда демократик ёндашув ҳам айнан халқимиз манфаатларига хизмат қилмоқда.

Маҳалла – жамиятнинг юзи. Мамлакатимиздаги барча ўзгаришлар, аввало, шу ерда ўз ифодасини топади. Бинобарин, Янги Ўзбекистонда шундай тизим яратилдики, илгари жиддий деб ҳисоблаган кўплаб масалаларга ечим эндиликда айнан маҳалланинг ўзида топиляпти.

Шу маънода, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан мамлакатимизда 2026 йил – “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”, деб эълон қилингани бежиз эмас. Зеро, давлатимиз раҳбари ишонч билан қайд этганидек, маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз тинч ва ҳамжиҳат бўлади. Маҳалла ривожланса, бутун мамлакатимиз юксалади.

Янги таҳрирдаги Конституцияда ҳар бир инсоннинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун миллий ва халқаро институтларга мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланди. Конституциявий шикоят институти конституциявий даражада мустаҳкамланиб, фуқаролар Конституциявий судга бевосита мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлди. Жаҳон мамлакатлари орасида биринчилардан бўлиб инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг мақоми конституциявий даражада таъминланди.

Янада муҳими, сўнгги йилларда Янги Ўзбекистон жаҳон сиёсатининг объекти эмас, балки том маънода фаол ва ташаббускор субъектига айланди. Зеро, ХХ аср бошидан токи яқин даврларгача Ўзбекистон жаҳон сиёсати объекти бўлган ва унга нисбатан гоҳ “яқин хориж”, гоҳ “хомашё базаси”, гоҳ эса “постсовет ҳудуди” каби беписанд “ёрлиқ”лар қўлланиб келингани сир эмас.

Кейинги ўн йилда мамлакатимиз жаҳон сиёсатида бошқаларнинг ортидан эргашадиган ташаббуссиз объект ҳолатидан дадил чиқиб олди. Янада эътиборлиси, дунёда кескин геосиёсий ўзгаришлар юз бераётган бугунги мураккаб шароитда Янги Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятга иқлимни муҳофаза қилиш, “яшил” иқтисодиётни жорий этиш, фуқаросизликка барҳам бериш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш каби турли соҳаларда янги ғоя ҳамда лойиҳаларни тақдим этаётган жаҳон сиёсатининг фаол актори ҳисобланади.

Эътибор беринг: Мамлакатимиз БМТнинг фуқаросизликни бартараф этиш бўйича тавсияларини бажариш борасида тарихий ютуққа эришди. Гап шундаки, 1991 йилдан 2016 йилгача бор-йўғи 482 киши Ўзбекистон фуқаролигини олган бўлса, 2017 йилдан 2026 йилгача 85 мингдан ортиқ киши Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлди. Бу кўрсаткич мамлакатимиздаги инсонпарвар сиёсат жамиятнинг ҳамма қатламларини қамраб олишга ва инсон қадр-қимматини том маънода ҳурмат қилишга қаратилганини баралла намоён этади.

Давлатимиз раҳбари минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди. Марказий Осиё давлатлари бугунги кунда долзарб бўлган минтақавий масалаларни очиқ ва самимий муҳокама қила бошлади. Натижада халқаро сиёсий луғатда минтақавий тараққиётни таъминлашга хизмат қилувчи ўзига хос моделни акс эттирадиган “Марказий Осиё руҳи”, “Янги Марказий Осиё” атамалари шаклланди.

Янги Ўзбекистон глобал масалалар муҳокама қилинадиган халқаро мулоқот майдони сифатида ўзини яққол намоён этаётгани алоҳида таҳсинга сазовор. БМТнинг тенг ҳуқуқли ва тўлақонли аъзоси сифатида Ўзбекистон тенглик, ҳамкорлик, кўптомонламалик ва халқаро сиёсий тизимни ҳимоя қилиш принципларига сўзсиз амал қилишини намойиш этмоқда. Сўнгги вақтларда халқаро низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, янги глобал қуролли тўқнашувларнинг олдини олиш, мамлакатлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, глобал мулоқот, глобал ҳаракатлар ва бутун дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби ғояларни фаол илгари сурмоқда. 

Мамлакат ички сиёсати самараларига келсак, жорий йил давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизими, иқтисодиёт тармоқлари, таълим, илм-фан, тиббиёт, маданият, спорт, экология тизимини – барча-барча соҳаларни ривожлантиришда туб бурилиш йили сифатида кўзга ташланмоқда. Бу ҳаётий ҳақиқатнинг тасдиғи учун айрим мисолларни келтирамиз.

Конституциямизга асосан давлат зиммасига юклатилган ижтимоий мажбуриятларни бажариш ҳамда юртимизда ижтимоий давлат барпо этиш борасида ҳам улкан ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 1 миллион нафардан зиёд фуқаро камбағалликдан чиқарилди, камбағаллик даражаси 6,6 фоизга туширилди.

Ўзбекистонда аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги сезиларли даражада ошди. Маълумотларга кўра, 2025 йил якунлари бўйича бу кўрсаткич 75,4 ёшни ташкил этган. Истиқлолнинг илк даври — 1991 йилда эса мамлакатда ўртача умр кўриш давомийлиги 66,4 ёш бўлган. Демак, ўтган 35 йилда халқимизнинг ўртача умр кўриш даражаси нақ тўққиз йилга узайибди.

Донишманд оқсоқолларимиз дуога қўл очганда, биринчи бўлиб айтадиган тилаги: “Умринг узоқ бўлсин!” деган эзгу ният эканини яхши биламиз. Шу маънода, Ватанимиз, миллатимиз, халқимиз мустақиллиги ҳатто Яратганга ҳам хуш келгандирки, биз бандаларининг умрини тобора узайтирмоқда. Ўзига беҳисоб шукрлар бўлсин!

Бундан бир йилча илгари – 2025 йил августида Мустақиллик куни муносабати билан байрам тантанасида сўзга чиққан Президентимиз Шавкат Мирзиёев сўнгги йилларда тиббиёт учун ажратилаётган маблағлар 6 карра оширилганини, аҳолининг турмуш шароитлари яхшиланиб бораётгани натижасида ўртача умр кўриш даражаси 73,8 ёшдан 75,1 ёшга узайганини қайд этганди.

Эътибор беринг: атиги 10 ойнинг нари-берисида юртимизда ўртача умр кўриш даражаси салкам 2 ёшга ортибди. Айни чоғда, “Ўзбекистон–2030” стратегиясида аҳолининг ўртача умр давомийлигини 78 ёшга етказиш мақсад қилинган.

Яна бир муҳим рақам: Миллий статистика қўмитаси маълумотига қараганда, 2026 йил 1 апрель ҳолатига Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 38 миллион 382 минг 685 нафарни ташкил этган. Жорий йил июнь ойи охирида эълон қилинган рўйхатга олиш натижаларига кўра эса, юртимиз аҳолиси сони 39 миллион нафардан ошган.

Яъни, мамлакатимизда аҳоли сони 1989 йилдаги рўйхатга олиш натижаларига нисбатан 2 баробар ортган. Бу рақам Истиқлол йилларида халқимиз нуфуси икки карра кўпайганидан далолат беради. Бундай натижа халқимизга хос: “Ўзларингдан кўпайинглар” деган яна бир хайрли дуо ижобат бўлаётганини кўрсатиб турибди.

Албатта, оилада фарзандлар, набиралар ва чеваралар сони кўпайиши наслнинг давом этиши ва кенгайишини кафолатлайди. Шу билан бирга, халқимиз дунёқараши ва маънавий қадриятларимиз тамойилларига таянадиган бўлсак, айни мавзунинг бир қатор маънавий ва амалий жиҳатлари ҳам борлиги яққол намоён бўлади.

Биринчи жиҳат – солиҳ фарзандлар тарбияси. Гап шундаки, эл-юрт нуфусининг ортиб бораётгани маъқул, шунинг баробарида, кўп сонли наслимизнинг тарбияли, илмли ва жамиятга фойдаси тегадиган инсонлар бўлиб етишиши ҳам муҳим ва долзарб масаладир.

Иккинчи жиҳат – барака ва ризқ барқарорлиги ҳамда бардавомлиги. Оилага, ўз навбатида, жамиятга янги аъзолар қўшилиши билан бирга хонадонга ва мамлакатга қут-барака билан ризқ-рўзнинг кенгайиб кириб келишини барқарор таъминлаш талаб этилади.

Учинчи жиҳат – анъаналар давомийлиги. Содда қилиб айтганда, оила аъзолари кўпайгани ва аҳоли сони ўсганини баҳона қилиб, ота-боболаримиздан қолган мақбул хислат ва фазилатлар, касб-ҳунар ва гўзал қадриятларнинг авлоддан-авлодга ўтишини эътибордан четда қолдиришга йўл қўймаслигимиз керак .

Тўртинчи жиҳат – куч ва бирдамлик омили. Оила аъзолари кўпайиб, бир-бирига тиргак ва суянч бўлиши, қариндошлик ришталарининг мустаҳкамланиши жамиятимиз равнақи, давлатимиз тараққиёти ва Ватанимиз обрў-эътиборини юксалтириш йўлидаги мустаҳкам маънавий таянч ҳисобланади. Бинобарин, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 76-моддасида белгилаб қўйилганидек, “Оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасидадир”.

Шу маънода, Ўзбекистонда 35 йиллик мустақиллик даврида (1991–2026 йилларда) қўлга киритилган энг асосий ютуқлар аввало миллий давлатчилик асосларини қуриш, иқтисодий суверенитет, инфратузилма мустақиллиги ва глобал дунёга интеграциялашув билан боғлиқлиги бежиз эмас. Бунда аввало давлатчилик ва суверенитетни шакллантириш, ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш йўналишларида бир қатор муҳим тарихий натижаларга эришилди.

Бу ҳақда фикр юритганда, Ўзбекистон мустақиллик йилларида турли соҳаларда эришган бемисл ютуқларнинг аксарияти охирги 10 йилга (2016–2026 йиллар) тўғри келишини эътироф этиш керакки, бу ҳам фарз, ҳам қарз ҳисобланади. Янги даврдаги энг асосий ютуқлар иқтисодий эркинлик, халқаро очиқлик, давлат хизматларининг рақамлашиши ва ижтимоий соҳадаги туб бурилишлар билан чамбарчас  боғлиқ.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз, минтақамиз, бутун сайёрамиз миқёсида тинчликни сақлаш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, маънавият ва маърифатни ривожлантириш, экологияни муҳофаза қилиш, шунингдек, илғор инновациялар, замонавий технологиялар ва “яшил иқтисодиёт”ни чуқур татбиқ этиш орқали барқарор тараққиётни таъминлаш йўлида том маънода бемисл самараларга эришилмоқда. Ушбу натижаларнинг барчаси мукаррам зот – инсон қадрини улуғлашга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

Истиқлолнинг 35 йиллиги катта байрам қилинаётган жорий йилда Соҳибқирон Амир Темур, Мир Алишер Навоий боболаримизнинг қутлуғ таваллуд айёмлари ҳам кенг нишонлангани замирида ўзига хос рамзий маъно мужассам. Зеро, улуғ аллома аждодимиз Абу Райҳон Берунийнинг: “Вақт пиллапояси чексиздир, бир-бирининг ўрнини эгаллаб борадиган авлодлар зинадан-зинагача кўтариладилар, холос. Жамланган тажрибани ҳар бир авлод ўзидан кейин келаётган, ўзидан кейин уни тараққий эттирадиган ва бойитадиган навбатдаги авлодга етказиб беради”, деган пурҳикмат фикрлари бор.

Бу  бебаҳо фикрларни изчил ривожлантириш асносида Биринчи Шарқ Уйғониш даври ва Иккинчи Шарқ Уйғониш даври – ана шу икки Ренессанс том маънода инсоният тараққиётининг олтин пиллапоялари сифатида тарих саҳифаларига муҳрланган. Шарқнинг бутун инсоният тарихидаги нодир ижтимоий ҳодиса бўлган ҳар икки Ренессанси буюк аждодларимизнинг илм-маърифат ва кучли эътиқод, диний бағрикенглик ва инсонпарварлик борасидаги эзгу ғоялари билан йўғрилган эди. Бу ғоялар Ўзбекистон мустақиллиги йилларида алоҳида, янада теран маъно-мазмун касб этиб бормоқда. 

Мамлакатимизда Учинчи Ренессансни ХХ асрда маърифатпарвар жадидлар амалга оширишлари мумкин эди. Нега деганда, бу фидойи ва жонкуяр зотлар бутун умрини миллий уйғониш ғоясига бағишлаб, ўлкани жаҳолат ва қолоқликдан олиб чиқиш, миллатимизни ғафлат ботқоғидан қутқариш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этганлар.

Шукрки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистонда  янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш асосий мақсад этиб белгиланди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Биз Учинчи Ренессанс масаласини стратегик вазифа сифатида олдимизга қўйиб, уни миллий ғоя даражасига кўтармоқдамиз”.

Хулоса қилиб айтганда, жонажон Ватанимиз бугун янгича сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий, маънавий муносабатлар асосида яшаб, меҳнат қилаётган, мустақил фикрлайдиган, озод ва эркин инсонлар диёрига айланмоқда.

Чунки, Президентимиз фахру ифтихор билан эътироф этганларидек, “Мамлакатимизнинг миллий суверенитети ва давлат мустақиллиги ғояларининг сиёсий-ҳуқуқий кафолатларини ўзида мужассам этган янги таҳрирдаги Конституциямиз ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси асосидаги тараққиёт йўлимиз инсон қадр-қимматини юксалтириш, кўп миллатли жамиятимизда дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий урф-одат ва анъаналарни асраб-авайлаш, юртимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, унинг мудофаа қобилиятини кучайтириш, минтақада яхши қўшничиликни ривожлантириш ҳамда Ватанимизнинг халқаро обрў-эътиборини оширишда мустаҳкам таянч бўлиб келмоқда”.

 

Акмал САИДОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик

«GULISTON» журналининг 2026 йилдаги 4-сони

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг кутубхонаси

Nashr sanasi 25.11.2026 Ko'rishlar 139
Ulashish