Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳамиша долзарб масала

Ўзбекистоннинг болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш борасидаги тажрибаси халқаро миқёсда кенг эътироф этилмоқда.

Филиппин пойтахти Манила шаҳрида Болаларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш бўйича Иккинчи глобал вазирлар конференцияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон делегацияси, жумладан, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг ўринбосари Сирожиддин Абдуллаев иштирок этди.

Конференцияда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, оилаларни қўллаб-қувватлаш ва жабрланган болаларга комплекс ёрдам кўрсатиш масалалари муҳокама қилинди. Тадбир якунида 94 та давлат томонидан 283 та мажбурият тақдим этилди.

“Зўравонликсиз келажакни молиялаштириш” мавзусидаги ялпи муҳокамада Ўзбекистоннинг болалар фаровонлиги ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги тажрибаси тақдим этилди. Хусусан, Самарқандда ўтказилган Бутунжаҳон саммити, Самарқанд декларацияси, 208 та “Инсон” маркази ҳамда ижтимоий ходимлар фаолияти ҳақида сўз юритилди.

Халқаро ҳамкорлар мамлакатимизда болаларни ҳимоя қилишга қаратилган қонунчилик ва институционал ислоҳотларни, шунингдек, 2026-2030 йилларга мўлжалланган миллий стратегия қабул қилинганини ижобий баҳолади, дейилади Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълумотида.

БМТ Бош котибининг махсус вакили Нажат Маалла Мъжид Ўзбекистон тажрибасини бошқа давлатларга ҳам тақдим этиш муҳимлигини таъкидлади. Тожикистон Бош вазири ўринбосари Дилрабо Мансури эса “Barnahus” моделини жорий этиш тажрибамизга қизиқиш билдирди.

А.РУСТАМОВ,

ЎзА

Nashr sanasi 25.11.2026 Ko'rishlar 81
Ulashish