Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Сайёр қабуллар – фуқароларнинг муаммоларига мақбул ечим

Жорий йилнинг 18-20 ноябрь кунлари Сирдарё вилоятининг Янгиер ва Ховос туманларида аҳоли билан учрашувлар ўтказилди. Учрашувларда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўлими масъул ходимлари қатнашди.

Жонли мулоқотлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 декабрдаги  қарори талаблари ва Миллий марказнинг 2026 йилги иш режаси доирасида ташкил этилди.

Дастлабки учрашувлар туркуми Янгиер тумани адлия бўлими биносида ва Абдураҳмон Жомий номидаги, “Наврўзобод” ҳамда “Бинокор” маҳаллаларида ўтказилди. Мулоқотлар ушбу туман ҳокимлиги, прокуратура, адлия бўлими, кадастр агентлиги, қишлоқ хўжалиги бўлими, Давлат солиқ инспекцияси ва Давлат хизматлари маркази ходимлари билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Кейинги учрашувлар Ховос тумани ҳокимлиги, прокуратураси, адлия, кадастр агентлиги, архитектура ҳамда Давлат хизматлари маркази ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилди. Мулоқотлар адлия бўлими биносида, “Гулбаҳор” ва “Дўстлик” маҳаллаларида бўлиб ўтди.

Учрашувларда маҳаллий, ҳудудий идоралар вакиллари ва масъул ходимлари ҳамда 74 нафар фуқаро қатнашди.

Суҳбат асносида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчиликнинг моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида фикр юритилди.

Айниқса, жорий йил бошида Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштиришга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида кўтарилган долзарб масалалар ва мутасадди раҳбарларга берилган топшириқлар моҳияти ҳамда аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Мулоқотлар асносида мурожаатлар билан ишлашга доир қонун ҳужжатлари ижросини таъминлашга ва назорат қилишга масъул идоралар, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолияти бўйича ҳам тушунчалар берилди.

Шундан сўнг, фуқаролар билан сайёр қабуллар ташкил этилди. Янгиер туманида ўтказилган сайёр қабулда 23 нафар, Ховос туманида ўтказилган сайёр қабулда 51 нафар, жами 74 нафар фуқаро иштирок этди.

Сайёр қабулларда иштирок этган фуқароларнинг 28 нафари ижтимоий, 20 нафари иқтисодий ва 26 нафари бошқа масалалар бўйича ўз муаммоларини баён қилди. Уларнинг ариза ва таклифлари кўриб чиқиш учун қабул қилинди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 24.11.2026 Ko'rishlar 68
Ulashish