Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бундан саккиз йил олдинги ташаббуси билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумларини ҳар икки йилда ўтказиш яхши анъанага айланди. Куни кеча бўлиб ўтган Бешинчи Самарқанд форуми ушбу анъананинг нечоғлик долзарблиги ва ҳаётийлигини яна бир бор амалда яққол тасдиқлади.
Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Юртимизда илк бор 2018 йилда ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми жаҳон амалиётига ўзига хос “Самарқанд руҳи”ни олиб кирди десак, ҳеч муболаға бўлмайди. Шу тариқа инсон ҳуқуқлари соҳасидаги энг долзарб муаммоларга бағишланган Самарқанд форумларини ўтказиш яхши анъана тусини олди”.
Инсон ҳуқуқлари бўйича “Самарқанд руҳи”нинг туб моҳияти, шубҳасиз, Самарқанд форуми каби фойдали мулоқот майдонларида халқаро стандартлар ва миллий тажрибанинг ўзаро бойиб боришида намоён бўлади. Бу жараёнда халқаро стандартлар миллий қарорлар, институтлар ва механизмларда амалий ифодасини топиши, миллий тажриба эса очиқ мулоқот ва ўзаро ҳурмат асосида халқаро ҳамкорликни бойитиши тайин.
Икки кун давомида Тошкент ва Самарқандда инсон ҳуқуқларининг энг долзарб масалалари бўйича мазмунли ва очиқ муҳокамалар олиб борилди. Форумнинг ялпи ва шўъба мажлисларида 100 дан ортиқ маърузачи оффлайн ва онлайн тарзда сўзга чиқди.
Форум доирасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги икки асосий халқаро пактнинг 60 йиллиги ва Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллигига оид масалалар билан бир қаторда, болалар, аёллар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар, фуқароликсизликни олдини олиш каби муҳим мавзулар муҳокама қилинди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари ташаббуси билан жорий қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Глобал альянснинг асосий қоидаларини қўллаб-қувватлаган ҳолда Самарқанд Форумида:
биринчидан, инсон ҳуқуқларининг универсаллиги, бўлинмаслиги, ўзаро боғлиқлиги ва ўзаро бир-бирини тўлдириши тамойилларига содиқлик яна бир бор тасдиқланди;
иккинчидан, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчилик, суд амалиёти, давлат институтлари ва миллий механизмлар орқали самарали амалга ошириш масалалари таҳлил қилинди;
учинчидан, инсон ҳуқуқлари, тараққиёт, тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликнинг ўзаро боғлиқлигига алоҳида эътибор қаратилди;
тўртинчидан, халқаро ва миллий тажрибани ўзаро алмашиш, давлатлар ва институтларнинг ўзаро ўрганиши ҳамда амалий ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилди.
Бу муҳокамаларнинг барчасини бирлаштириб турадиган бош мезон — бу инсон қадр-қиммати, тенглик ва ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалда таъминлашдир.
Форумнинг якунловчи ялпи мажлисида қабул қилинган «Самарқанд тасаввури – 2040: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор тараққиёт йўлидаги глобал ҳамкорлик» номли якуний ҳужжат мазмун-моҳияти бунга яққол мисол. Ушбу ҳужжатда қуйидаги устувор вазифалар, яъни:
биринчиси, халқаро пактларда белгиланган ҳуқуқларни самарали амалга ошириш ва миллий механизмларни янада такомиллаштириш;
иккинчиси, ривожланиш ҳуқуқини инсон ҳуқуқлари, ижтимоий адолат, камбағаллик ва тенгсизликни қисқартириш билан узвий боғлаш;
учинчиси, аёллар, болалар, ёшлар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва бошқа эҳтиёжманд гуруҳлар учун тенг имкониятларни таъминлаш;
тўртинчиси, рақамли муҳит ва сунъий интеллектдан фойдаланишда инсон қадр-қиммати, шахсий ҳаёт дахлсизлиги, тенглик, шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлаш;
бешинчиси, ҳар бир инсоннинг тоза, соғлом ва барқарор атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқини ҳимоя қилиш, иқлим ўзгаришининг энг заиф гуруҳларга таъсирини камайтириш;
олтинчиси, фуқароликка эга эмасликнинг олдини олиш ва ҳар бир инсоннинг фуқароликка бўлган ҳуқуқини таъминлаш, тинчлик, хавфсизлик ва халқаро гуманитар ҳуқуқ талабларига риоя этиш орқали қуролли можаролар шароитида инсон қадр-қимматини ҳимоя қилиш ишларини амалга ошириш муҳим деб ҳисобланмоқда.
Эътибор беринг: «Самарқанд тасаввури – 2040» ҳужжатининг муҳим жиҳати шундаки, унда белгиланган устувор мақсадларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича кейинги амалий қадамлар ҳам кўзда тутилган. Жумладан:
-
инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик учун Рақамли Самарқанд платформасини яратиш имкониятларини ўрганиш;
-
ҳужжат ижросини баҳолаш кўрсаткичларини ишлаб чиқиш;
-
миллий тажриба ва маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш;
-
кейинги Самарқанд форумларида амалга оширилган ишлар бўйича ихтиёрий ахборот алмашиш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, 2026–2040 йилларга мўлжалланган йўл харитасида рақамли платформани ривожлантириш, амалга ошириш кўрсаткичларини шакллантириш, биринчи ихтиёрий шарҳни ўтказиш, оралиқ ва якуний баҳолаш каби босқичлар белгиланди.
Буларнинг барчаси, албатта, Самарқанд форумларининг «мулоқотдан амалий ҳаракатга» ўтиш тамойилини янада мустаҳкамлайди.
Бугунги глобаллашув жараёнида қадр-қиммат, барқарорлик ва адолатли ривожланишнинг таянчи бўлмиш инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон янги халқаро ташаббусларни илгари суришни таклиф этмоқда.
Биринчи таклиф: Жадал ривожланаётган рақамли технологиялар ва сунъий интеллектнинг инсон ҳуқуқларига таъсирини инобатга олган ҳолда, инсон қадр-қиммати, тенглик, камситилмаслик, шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва бошқа ҳуқуқ ва эркинликларни ишончли ҳимоя қилишга қаратилган «Инсон ҳуқуқлари ва сунъий интеллект бўйича дастурий қоидалар»ни ишлаб чиқиш.
Ушбу қоидалар сунъий интеллектни инсон манфаатларига хизмат қиладиган, хавфсиз ва масъулиятли тарзда ривожлантириш бўйича халқаро ҳамкорликка муносиб ҳисса қўшади, деб ўйлаймиз.
Иккинчи таклиф: Тараққиёт ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллиги муносабати билан айни пайтда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида ишлаб чиқилаётган Тараққиёт ҳуқуқи бўйича конвенция лойиҳасини қатъий қўллаб-қувватлаш.
Тараққиётнинг самаралари ҳар бир инсон, ҳар бир оила ва ҳар бир халққа етиб бориши, бирон-бир инсон ёки миллат бу жараёндан четда қолмаслиги лозим. Шунинг учун тараққиёт ҳуқуқини амалга оширишнинг самарали механизмларини муҳокама қилиш ва барча инсонлар учун тенг имкониятларни таъминлашга қаратилган амалий таклифларни ишлаб чиқиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир.
Бешинчи Самарқанд форуми муҳокамаларида айни таклифлар қизғин қўллаб-қувватлангани жуда муҳим. Зеро, мазкур нуфузли Форумда билдирилган фикрлар, қабул қилинган таклиф ва тавсиялар, шунингдек, «Самарқанд тасаввури – 2040»нинг умумий мақсад ва вазифалари инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мухтасар айтганда, Инсон ҳуқуқлари бўйича бешинчи Самарқанд форумида яна бир бор яққол намоён бўлган «Самарқанд руҳи», яъни очиқ мулоқот, ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик, тажриба алмашиш ва умумий ечимларни биргаликда излаш руҳи бундан буён ҳам инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорликка хизмат қилади. Бу табаррук руҳ 2028 йилда – Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларациясининг 80 йиллигига бағишланадиган навбатдаги Самарқанд форумида кўришгунга қадар ҳар биримизга бардам куч-қувват ва бемисл шижоат бағишлашига аминмиз.
Акмал Саидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори
«Işonç» газетасининг 2026 йил 24 ноябрь кунги 145 (5365)-сони
