Атоқли олимнинг ибратли ҳаётига бағишланган китоб тақдимоти
2026 йил 5 май куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ёзувчи Галина Долгая қаламига мансуб “Всё, что судбой предрешено” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Китоб Тошкентдаги “Саҳҳоф” нашриётида чоп этилган бўлиб, унинг тақдимоти атоқли олим, Беруний номидаги Ўзбекистон давлат мукофоти совриндори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Ҳамид Сулаймонов таваллудининг 115 йиллиги муносабати билан ташкил этилди.
Буюк шоир, мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги кенг нишонланаётган кунларда тақдимоти ўтказилаётган мазкур китоб ўз ҳаётини аждодимиз ижоди ва фаолиятини ўрганиш, унинг меросини дунёга тарғиб қилишга бағишлаган олим Ҳамид Сулаймонов ҳаёти ва ижодига бағишланган.
Муаллиф ўз китобида олимнинг болалик ва ўсмирлик давридаги қизиқарли фактларни келтиради, унинг шахсияти, қарашларининг шаклланиши, отаси Сулаймон Хўжаэв қисмати, Ҳамид Сулаймоновнинг 1950 йилда сталинча қатағонга учрагани, лекин қатағон даҳшатлари унинг иродасини бука олмагани, оқлангандан кейин ўзбек мумтоз адабиётини тадқиқ этиш бўйича қатор ибратли ишларни амалга оширгани, Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейига асос солгани, Қўлёзмалар институтини ташкил қилиш ишига катта ҳисса қўшгани ҳақида ҳикоя қилади.
Тақдимотда Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси аъзоси Акмал Саидов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Халқаро алоқалар ва бадиий таржима бўлими бош мутахассиси Рисолат Ҳайдарова, Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи директори Жаббор Эшонқул, журналист Шаҳноза Ғаниева, олимнинг ўғли, археолог олим Рустам Сулаймонов ва бошқалар сўзга чиқиб, Ҳамид Сулаймоновнинг ибратли ҳаёти, Галина Долгаянинг ижод йўли, унинг Ўзбекистон тарихига бағишланган асарлари, тадбирда тақдим этилган китобда қаламга олинган воқеалар ҳақида сўз юритди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
Ахборот хизмати
Ўзбекча
English
Русский