Француз тили: Маданиятлараро кўприк ва Ўзбекистон дипломатиясидаги янги уфқлар
20 март — Халқаро француз тили куни
Ҳар йили баҳорнинг илк кунларида бутун дунё бўйлаб миллионлаб инсонлар француз тили ва маданиятига эҳтиром кўрсатадилар. Бинобарин, 20 март — Халқаро француз тили куни нафақат тил байрами, балки тинчлик, демократия ва инсон ҳуқуқлари каби умуминсоний қадриятларни бирлаштирувчи рамзий санадир.
Бугунги кунда Ўзбекистонда ушбу тилга бўлган қизиқиш ва давлат даражасидаги эътибор тубдан янги босқичга кўтарилди.
Халқаро француз тили куни БМТ резолюциясига мувофиқ 2010 йилдан эътиборан жаҳон миқёсида анъанавий тарзда нишонлаб келинмоқда. Бу сана нафақат француз тилининг бой ўтмиши, балки унинг замонавий халқаро муносабатлардаги улкан таъсирига нисбатан юксак эҳтиром намунаси ҳамдир.
Байрамнинг айнан 20 март санасига белгиланиши бежиз эмас. Бу кун 1970 йилда Маданий ва техник ҳамкорлик агентлиги ташкил этилган сана билан боғлиқ бўлиб, айнан ушбу тузилма пойдеворида бугунги қудратли Халқаро Франкофония ташкилоти қад кўтарган.
Ҳозирда бу нуфузли ташкилот ўз атрофида 93 та давлатни бирлаштириб турибди. Бош қароргоҳи Париж шаҳрида жойлашган ташкилот “Тенглик, умумийлик, ҳамжиҳатлик” (Liberté, Égalité, Fraternité) эзгу шиори остида дунё бўйлаб маданий мулоқот ва ҳамкорликни тарғиб этиб келмоқда.
Шубҳасиз, француз тили — буюк француз маданиятининг қалбидир. Инсоният маънавий хазинасидан мустаҳкам ўрин олган жаҳон адабиётининг энг сара дурдоналари шу тилда дунёга келган. Шунингдек, бетакрор кино санъати ва драматургия асарлари орқали француз тили дунё бўйлаб нафосат ва санъат тили сифатида эътироф этилади.
Шу билан бирга, француз тили глобал сиёсат майдонида ҳам ўта муҳим стратегик аҳамиятга эга. БМТнинг 6 та расмий тилидан бири сифатида у халқаро дипломатиянинг пойдевори ҳисобланади. Энг муҳим халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар, конвенциялар ва битимларнинг айнан француз тилида тайёрланиши ёки унга мукаммал тарзда таржима қилиниши ушбу тилнинг юридик аниқлик бобида ва халқаро мулоқотда юксак мавқега эгалигидан далолат беради.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 12-13 март кунлари Франция Республикасига амалга оширган ташрифи икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очди. Мазкур ташриф доирасида ҳар икки мамлакат учун ниҳоятда манфаатли ва истиқболли кўплаб келишувларга эришилди.
Айниқса, Ўзбекистон ва Франция ўртасида Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларациянинг қабул қилиниши халқаро майдонда оламшумул тарихий воқеа сифатида эътироф этилди. Шу билан бирга, умумий қиймати 6,5 миллиард еврога тенг иқтисодий лойиҳаларни қамраб олувчи "Инвестиция ва инновация соҳаларида ҳамкорлик дастури" имзоланди.
Ушбу муҳим ҳужжатлар азалдан дўст ва ишончли ҳамкор бўлган Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳамда маданий алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Франция Республикасининг энг нуфузли мукофоти — Фахрий легион ордени билан тақдирланганини икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳурматнинг олий намунаси сифатида алоҳида қайд этиш жоиз. Наполеон Бонапарт томонидан 1802 йилда таъсис этилган ушбу юксак мукофотни Франция раҳбари Эммануэл Макрон давлатимиз раҳбарига тантанали равишда топширди. Бу воқеа Янги Ўзбекистон дипломатияси ва унинг халқаро майдондаги нуфузи Франция каби йирик давлатлар томонидан юксак қадрланаётганининг яққол тасдиғидир.
Янги Ўзбекистон тараққиётида Европанинг етакчи давлатларидан бири — Франция билан маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш устувор вазифалардан бирига айланди. Мамлакатимиздаги кўплаб умумтаълим мактабларида француз тили асосий хорижий тиллардан бири сифатида чуқур ўргатилмоқда. Ушбу тилга ихтисослашган таълим муассасалари тармоғининг кенгайиб бораётгани ёшларимизнинг француз маданияти ва илм-фанига бўлган қизиқиши юқори эканлигидан далолат беради.
Мазкур ҳамкорликнинг ёрқин ифодаси сифатида, ҳар йили 20 март – Халқаро француз тили куни бутун юртимиз бўйлаб кенг кўламда ва тантанали равишда нишонланмоқда. Бу анъана икки халқ ўртасидаги маънавий яқинликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида хорижий давлатлар, шу жумладан Франция Республикаси билан ҳам дипломатик алоқаларни йўлга қўйди. Париж шаҳрида 1993 йил 27 октябрда “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Франция Республикаси Ҳукумати ўртасида маданий, илмий ва техникавий ҳамкорлик тўғрисида”ги битим имзоланди. Ушбу ҳужжат асосида юртимизда француз тилини оммалаштиришга кенг имкониятлар яратилди.
Бугунги кунда француз тили мамлакатимиздаги мактабгача таълим ташкилотлари, мактаблар, техникумлар ва олий таълим муассасаларида ўқитилади. Самарқандда 2024 йилда “Француз альянси”, яъни француз тили маркази фаолият бошлади.
Янги Ўзбекистонда ёш авлодга хорижий тилларни сифатли ўргатиш давлат таълим сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади. Зеро, давлатимиз раҳбари уқтирганидек, “Биз рақобатдош давлат қуришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эканмиз, бундан буён мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юрти битирувчилари камида 2 та чет тилини мукаммал билишлари шарт. Бу қатъий талаб ҳар бир таълим муассасаси раҳбари фаолиятининг асосий мезонига айланиши лозим”.
Хулоса қилиб айтганда, 20 март – француз тилининг аҳамиятини эътироф этиш куни. Француз тили ва маданиятини ўрганиш орқали ҳар бир инсон ўзининг шахсий ривожланиши учун янги имкониятлар эшигини очади.
Севинч ЖАМШИДОВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази ходими
Ўзбекча
English
Русский