Женевада Ўзбекистон Конституцияси куни нишонланди
16 декабрь куни Женевадаги Миллатлар саройида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунига бағишланган ва мамлакатнинг янги таҳрирдаги Асосий қонунида мустаҳкамланган муҳим ўзгаришларни муҳокама қилишга қаратилган тадбир бўлиб ўтди. У "Инсон қадр-қиммати ва ижтимоий адолат: янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси – инсон ҳуқуқлари кафолати сифатида" мавзусидаги мунозара шаклида ташкил этилди.
Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, Ўзбекистон Республикасининг БМТнинг Женевадаги бўлинмаси ҳузуридаги доимий вакили Э.Тошматов, Женева Дипломатик доираси президенти Ф.Блюм, Diva International журнали бош муҳаррири Марит Фоссе, шунингдек, дипломатик ваколатхоналар, халқаро ташкилотлар, экспертлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари – жами 50 дан ортиқ киши иштирок этди.
А.Саидов янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг асосий қоидалари ҳақида тўхталди. Ушбу нормалар қонун устуворлиги принципларини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш, парламент ва жамоатчилик назорати механизмларини ривожлантириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ролини кенгайтиришга қаратилган. Шахсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш, рақамли ва экологик ҳуқуқларни такомиллаштириш, давлат органлари фаолиятининг шаффофлигини ошириш, конституциявий онг маданиятини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратишга оид янгиликларга алоҳида эътибор қаратилди, дея қайд этди Ўзбекистон вакили.
Роберт Ф.Блюм ўз нутқида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига юқори баҳо берар экан, унинг инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлашга, ижтимоий адолатга ва замонавий халқаро стандартларга мослигини таъкидлади. У Ўзбекистоннинг конституциявий ислоҳоти демократик янгиланиш йўлидаги муҳим қадам бўлганини ва замон талабларига жавоб беришини, мамлакатнинг очиқ мулоқотга ва ҳуқуқий институтларни янада ривожлантиришга тайёрлигини намоён қилганини эътироф этди.
Иштирокчилар янги таҳрирдаги Конституция кенг умумхалқ муҳокамаси натижаси бўлиб, мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг йирик институционал-ҳуқуқий ислоҳот меваси эканлигини таъкидладилар. Ушбу янгиланган Асосий қонун мамлакатнинг давлат бошқаруви тизимини модернизация қилиш, демократик институтларни мустаҳкамлаш ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга мос келадиган барқарор ҳуқуқий муҳитни яратишга бўлган интилишини акс эттиради.
Янги таҳрирдаги Конституция инсон ҳуқуқлари соҳасидаги узоқ муддатли дастурларни, жумладан, 2030 йилгача мўлжалланган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни амалга ошириш учун асос яратиши, Ўзбекистоннинг БМТ ва бошқа ҳамкорлар билан халқаро алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши ҳам қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Конституция куни муносабати билан йўллаган мурожаатида таъкидлаганидек, халқимизнинг сиёсий-ҳуқуқий тафаккури, эркин хоҳиш-иродасининг ифодаси бўлган Конституцияда мустаҳкамланган норма ва тамойиллар, шубҳасиз, Янги Ўзбекистонни барпо этишда барчамизга улкан куч-қудрат, ишонч ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.
Тадбир доирасида китоб кўргазмаси ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикасининг конституциявий ислоҳотларига бағишланган махсус рисола иштирокчиларга тақдим этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский