“Конституция кўчаси”да маърифий-ҳуқуқий тадбирлар ўтказилди

5 декабрь куни, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрами арафасида Тошкент шаҳрининг Сайилгоҳ кўчаси ва барча ҳудудларнинг марказий кўчаларида “Конституция кўчаси” ташкил этилди. Ушбу тадбир Президентимизнинг 2025 йил 21 ноябрдаги Фармойиши билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунига бағишланган байрам тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш дастури” доирасида амалга оширилди.

     

Бу ўринда “Конституция кўчаси” Конституциямизга ҳурмат ва эҳтиром руҳини мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Шу муносабат билан бу ерда фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида тегишли давлат ташкилотлари томонидан “Конституция бурчаклари” ташкил этилди. Таниқли санъаткорлар иштирокида концерт, кўнгилочар-маданий тадбирлар, совринли викториналар ва сайёр қабуллар бўлиб ўтди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳам мазкур тадбирларда фаол иштирок этди. Хусусан, “Конституция кўчаси”нинг тегишли қисми инсон ҳуқуқларига оид тарғибот ва кўргазмали баннерлар билан безатилди.

Конституция ва инсон ҳуқуқларига бағишланган китоблар кўргазмаси намойиш этилди. Кўргазмада 70 дан ортиқ номдаги ҳуқуқий адабиёт, шунингдек, “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг 30 дан зиёд нашри кенг жамоатчиликка тақдим этилди. Миллий марказ томонидан нашр этилган ушбу замонавий адабиётларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Конституция нормаларининг мазмун-моҳияти, фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, демократик жамиятнинг асосий қоидалари кенг ёритилган.

Шунингдек, тадбир доирасида “Сиз Конституцияни биласизми?” мавзусида интерактив викторина ташкил этилди. Янги таҳрирдаги Конституцияга оид савол-жавоблар асосида тузилган ушбу баҳсда иштирок этган ёшлар ўз билимларини синаб кўриб, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, амалий тажрибасини кенгайтириш имкониятига эга бўлдилар. Викторина ғолибларига Миллий марказ совғалари берилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech