Инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари соҳасида давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлиги

3 декабрь куни Тошкент шаҳрида “Инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари соҳасида давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлиги” мавзусида нодавлат нотижорат ташкилотларининг Миллий форуми ўтказилди. Анжуман Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Адлия вазирлиги ҳамда қатор манфаатдор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилди.

 

 

Форумда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов кириш сўзи билан иштирок этиб, Янги Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларининг аҳамияти тубдан кучайганлигини эътироф этди. Хусусан, 2023 йилги умумхалқ референдумида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституцияда суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуриш стратегик мақсади белгилангани, фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилиб, уларга конституциявий мақом берилганлиги таъкидланди.

Форум давомида 2024 йилда ўтказилган Миллий форум якуний ҳужжати натижалари ҳақида сўз борди. Ўшанда иштирокчилар томонидан “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги ҳамда “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунларни такомиллаштириш, давлат субсидиялари, грантлар ва ижтимоий буюртмаларни ажратиш билан боғлиқ барча жараёнларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида ягона электрон платформани тўлиқ ишга тушириш бўйича таклифлар илгари сурилган эди. Натижада жорий йил 21 август куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Анъанавий форум Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини 2025 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида ўтказилди. Асосий эътибор инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш йўналишида давлат органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, жамоатчилик назоратининг самарали механизмларини ривожлантириш ва фуқаролик жамияти институтларининг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш масалаларига қаратилди.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, давлат органларига жамоатчилик назорати натижалари бўйича хулосаларни кўриб чиқиш мажбурияти юклатилди. Шу билан бирга, фуқаролик жамияти институтларига давлат буюртмалари бериш ҳамда ташаббусли лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш имкониятлари яратилди.

Форум ялпи мажлисида сўз олганлар бу ўзгаришлар давлат раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг узвий давоми эканини эътироф этдилар. Айни янгиланишлар мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, демократик қадриятларни мустаҳкамлаш, ННТларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ўрнини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, форумда мамлакатимизда сўнгги йилларда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш йўналишида давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар тизимли ва изчил характер касб этаётгани қайд этилди. Жумладан, 2020–2025 йиллар давомида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларнинг ижроси юзасидан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига Ўзбекистоннинг еттита миллий маърузаси тақдим этилди. Уларнинг тавсияларини амалга ошириш мақсадида қабул қилинган еттита Миллий ҳаракатлар режаси изчил ижро этилмоқда.

Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ҳам ортиб бормоқда. Хусусан, 2024 йилда мамлакат вакили илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси аъзолигига сайланди. Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ёшлар ва болалар ҳуқуқларига оид бешта муҳим резолюцияни қабул қилди.

Ялпи мажлисдан сўнг Форумнинг иккита – “Фуқароларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини таъминлашда давлат органлари билан мулоқот ва ҳамкорлик” мавзусидаги, шунингдек "Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлашда жамоатчилик назоратининг ўрни" мавзусидаги шўъба йиғилишлари ўтказилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабаев 2-шўъба йиғилишига модераторлик қилди. Мазкур йиғилишда инсон ҳуқуқларини таъминлаш жараёнида жамоатчилик иштироки, очиқлик, ҳисобдорлик ва ҳуқуқий саводхонликни кучайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Тадбир давомида давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, жамоатчилик ташкилотлари ҳамда таҳлил марказлари вакиллари ўз маърузалари орқали айни йўналишлардаги долзарб жиҳатларни ёритиб бердилар.

Форум якунида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, фуқаролик жамияти институтлари ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини амалий татбиқ этишга оид тавсиялар қабул қилинди. Таъкидланганидек, бундай мулоқот майдонлари фуқаролик жамияти институтларининг давлат бошқарувидаги иштироки, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш ва жамоатчилик назоратини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Миллий форум асносида муҳокама қилинган ва хулоса қилинган барча масалалар натижаси бўйича инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилишда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий шериклигини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи тасдиқланди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech