“Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги таълим ва инновациялар”

1 июнь куни Тошкентда худди шу мавзудаги Миллий танлов доирасида ногиронлиги бўлган шахслар, аёллар, болалар ва мигрантлар ҳуқуқлари бўйича семинар-тренинг ўтказилди. Тадбир  Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери Миллий офиси томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.

 Семинар-тренингда  Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг тегишли йўналишларда таълим олувчи талабалари иштирок этди.

Тадбирнинг очилишида таъкидланганидек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ҳар бир фуқаронинг инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматини рағбатлантириш ва унга ҳар томонлама риоя этилишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиб, зўравонлик ва низоларнинг олдини олишда ҳам муҳимдир. Шу маънода, 2020-2024 йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бериш орқали ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичи изчил амалга оширилаётгани бежиз эмас.

Бу ҳақда сўз борганда, Президентимиз томонидан яқинда “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим. Қарордан кўзланган мақсад мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада такомиллаштириш, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ижросини таъминлаш ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга оширишдан иборат.

Қарор ижроси доирасида, жумладан, “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги таълим ва инновациялар” миллий танлови эълон қилинди. Танловни муваффақиятли ўтказиш билан боғлиқ равишда ташкил этилган  мазкур семинар-тренинг ҳам юртимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаси бўйича малакали кадрларни тайёрлаш ишига хизмат қилиши тайин.

Семинар давомида халқаро ва миллий экспертларнинг маърузалари тингланди. Тадбирда, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакиллари Х.Холмаматов ва Д.Рашидова сўзга чиқди.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотлар ва бу борада олиб борилаётган давлат сиёсатининг моҳияти ҳамда аҳамияти ҳаётий мисолларда чуқур таҳлил этилди. 

Шунингдек, фуқароларнинг инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматини ошириш, бу соҳада малакали кадрлар тайёрлаш, мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини янги давр талаблари негизида тубдан ошириш каби долзарб мавзулардаги тақдимотлар талаба-ёшларда катта таассурот қолдирди.

               

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech