Миллий марказда юридик техникум тингловчилари учун ўқув машғулоти ўтказилди

28 март куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Тошкент шаҳридаги юридик техникуми тингловчилари учун сайёр ўқув машғулоти ўтказилди.

Ушбу машғулот ёш ҳуқуқшуносларни Миллий марказнинг мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қадр-қимматини ҳимоя қилиш борасида олиб бораётган фаолияти билан яқиндан таништириш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг янги Конституциясини қабул қилиш бўйича ўтказиладиган референдум тўғрисида кенгроқ хабардор қилиш мақсадида ташкил этилди.

Машғулот давомида тингловчиларга янги Конституция лойиҳасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланаётгани тўғрисида ахборот берилди. Шу муносабат билан инсоннинг шахсий ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилмоқда.

Хусусан, ёшларнинг таълим олиш ҳуқуқи, шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқлари давлат томонидан ҳимоя қилиниши ҳамда давлат ва жамият ҳаётидаги фаол иштироки рағбатлантирилиши, маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний тарбияси учун шарт-шароит яратилиши Конституцияда кафолатланмоқда. Шунингдек, навқирон авлоднинг маънавий ривожланиш, таълим, соғлиқни сақлаш, уй-жой, ишга жойлашиш, бандлик ва дам олиш ҳуқуқлари тубдан кенгайтирилаётгани ҳолда, болаларнинг баркамол ривожланишига салбий таъсир қиладиган ҳар қандай болалар меҳнати тақиқланмоқда.

Сайёр ўқув машғулоти доирасида юридик техникуми тингловчилари Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари бажарилиши борасида Миллий марказнинг халқаро ташкилотлар, давлат органлари ва бошқа идоралар билан ўзаро ҳамкорлиги, миллий маърузалар тайёрлаш бўйича асосий вазифаларига оид маълумотлар билан ҳам яқиндан танишдилар.

Ушбу тадбир Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури доирасида ўтказилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech