Ёшлар ва коррупцияга қарши иммунитет: Ўзбекистон тажрибаси ва ислоҳотларида янги авлоднинг роли

Коррупция бугунги глобаллашув даврида нафақат алоҳида мамлакатлар, балки жаҳон сиёсий ва иқтисодий барқарорлигига жиддий таҳдид солаётган омиллардан биридир.

У давлат бошқарувининг самарадорлигини пасайтиради, аҳолининг давлатга бўлган ишончини сусайтиради ва ижтимоий тенгликни бузади. Шу боис, коррупцияга қарши курашиш ҳар бир мамлакат учун стратегик устувор вазифага айланган. Ўзбекистон ҳам ушбу масалага алоҳида эътибор қаратиб, сўнгги йилларда тизимли ислоҳотларни амалга оширмоқда.

Масалан, 2017 йилда Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуни қабул қилиниб, коррупцияга қарши давлат сиёсатининг ҳуқуқий пойдевори яратилди. Ушбу қонун давлат органлари фаолиятида очиқликни кучайтириш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва жамоатчилик назоратини кенгайтириш каби тамойилларни мустаҳкамлади. Мазкур қонун асосида 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди ва мамлакатда коррупцияга қарши сиёсатни мувофиқлаштирувчи асосий тузилмага айланди.

Шунингдек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат бошқарувини рақамлаштириш бўйича катта қадамлар ташланди. «Openbudget.uz», «my.gov.uz» каби платформаларнинг жорий этилиши маъмурий жараёнлардаги инсон омилини камайтириб, коррупция хавфини сезиларли даражада пасайтирмоқда. Аҳоли ва юридик шахсларга кўрсатиладиган 1 028 давлат хизматларининг 360 дан ортиқ тури электрон шаклда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этилаётгани туфайли минглаб жараёнларда тўғридан-тўғри мулоқот қисқарди ва бу коррупция омилларини камайтиришга хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари коррупцияни «тараққиётнинг энг катта душмани» деб атаб, бир неча бор давлат хизматчилари, ёшлар, таълим тизими ва бизнес секторида ҳалолликни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлаб келмоқда. 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг беш муҳим устувор йўналишидан бири айнан коррупцияга қарши курашиш ва тизимли профилактика ҳисобланади. Ушбу стратегия асосида барча давлат органларида «Коррупция хавфларини баҳолаш хариталари», «Комплаэнс назорати» каби амалий механизмлар жорий этилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон аҳолиси таркибида ёшлар улуши 60 фоизга яқин бўлгани учун уларнинг сиёсий онги, ҳалоллик қадриятлари ва ижтимоий фаоллиги жамиятда коррупцияга нисбатан муносабатни белгилайди. Шу сабабли, ёшлар коррупцияга қарши иммунитетни шакллантиришда энг муҳим демографик қатлам ҳисобланади. «Ёшлар дафтари» каби дастурлар ёшларнинг имкониятларини кенгайтиришга, уларнинг қонуний меҳнат бозори ва таълимдаги иштирокини оширишга хизмат қилмоқда. Бу эса ўз навбатида ёшларнинг коррупцион ҳаракатлардан узоқлашувига туртки бермоқда.

Дунё тажрибасида коррупцияга қарши курашишда нотижорат ташкилотларининг ўрни алоҳида эътироф этилади. Шу боис, Ўзбекистонда ҳам ННТларнинг коррупцияга қарши сиёсатдаги фаоллигини оширишга қаратилган амалий чоралар кўрилмоқда. Хусусан, «Тараққиёт стратегияси маркази», «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, «Инсон ҳуқуқлари бўйича ташаббус гуруҳи» ва бошқа бир қатор ННТлар давлат органлари билан ҳамкорликда жамоатчилик назорати, мониторинг, тадқиқотлар ва ҳалоллик бўйича тренинглар ўтказиб келмоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ННТлар учун грантлар ва ижтимоий буюртмалар мунтазам молиялаштириб келинмоқда.

Шу ислоҳотлар фонида ишлаб чиқилган «Ёшлар ва коррупцияга қарши иммунитет» лойиҳаси ёшларни коррупциянинг ижтимоий оқибатлари, ҳалоллик қадриятлари ва фуқаролик онгини мустаҳкамлаш бўйича тизимли фаолиятни қамраб олади. Лойиҳа доирасида Ўзбекистон Маърифатпарварлар жамияти томонидан ҳалоллик дарслари, “Устоз сўзи” мулоқотлари, семинар-тренинглар, викториналар, антикоррупция мавзусида эссе танловлари, жамоатчилик мониторингида иштирок, ижтимоий тармоқларда «Ҳалоллик трендда» акцияси ва ёшлар учун медиа-лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Лойиҳанинг асосий мақсади — ёшлар онгида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат ва мустаҳкам иммунитет шакллантиришдир.

Хулоса қилиб айтганда, коррупцияга қарши кураш фақат қонуний механизмлар орқали эмас, балки кенг жамоатчилик, хусусан, ёшларнинг фаол иштироки билан амалга ошадиган жараёндир. Янги Ўзбекистон учун коррупциясиз келажакни яратиш йўлидаги энг муҳим пойдевор ёш авлоднинг ҳалол, онгли, фаол ва масъулиятли фуқаролик позициясидир.

Баҳодир Исроилов,

«Ёшлар ва коррупцияга қарши иммунитет»

 лойиҳаси раҳбари, и.ф.д., профессор

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech