Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

КОРРУПЦИЯ ВА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ: коррупциянинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишга салбий таъсири

Жаҳон ҳамжамияти ҳар йили 9 декабрда – Халқаро коррупцияга қарши курашиш кунини нишонлайди, эртасига, яъни 10 декабрда эса бутун дунёда Инсон ҳуқуқлари куни тантана қилинади. Ушбу кетма-кетликнинг моҳиятида ўзига хос рамзийлик мавжуд. Гап шундаки, бу икки халқаро сана орасида бор-йўғи бир кеча бор. Коррупция ва инсон ҳуқуқларининг бузилиши ўртасида эса, афсуски, ҳеч қандай масофа йўқ.

Содда қилиб айтганда, ҳокимиятнинг ҳалоллиги тугаган жойда фуқаронинг ҳуқуқсизлиги дарҳол бошланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Токи коррупцияга қарши курашга аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб этилмас экан, бутун жамиятимиз, таъбир жоиз бўлса, «ҳалоллик вакцинаси» билан эмланмас экан, биз кўзлаган марраларга эриша олмаймиз».

«Коррупция» – нима дегани ўзи? Бу ғайриўзбекона сўзни эшитганда, одатда, кўз олдимизга дарров ичига пул солинган конвертлар, оффшорлар ва шов-шувли жиноий ишлар келади. Бироқ коррупцияга унинг ҳақиқий қурбонлари нигоҳи билан қараб кўрайлик.

Бу – болалар боғчасидан жой олиш учун пул тўлаётган она.

Бу – «миннатдорчилик» билдирмасдан бепул даволана олмаётган кекса инсон.

Бу – олий ўқув юртидаги ўрнини пул тўлаган бошқа бир кимсага бой берган битирувчи.

Бу – ноҳақлиги учун эмас, балки ҳалол бўлгани сабабли судда ютқазган тадбиркор.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича собиқ Олий комиссари ( 2013 йил) Нави Пиллэй таъбири билан айтганда, «Коррупция ҳаётга зомин бўлади. Ҳар йили коррупция оқибатида талон-торож қилинадиган маблағлар дунёдаги барча очликдан азоб чекаётганларни 80 марта тўйдиришга етар эди».

Афсуски, мамлакатимиз ҳам коррупция балосидан ҳали-бери қутула олмаяпти. Жорий йилда Олий Мажлис Сенати минбаридан янграган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коррупцияга оид жиноятларнинг энг кўп қисми мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш соҳаларига, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда тижорат банклари фаолиятига тўғри келмоқда.

Бизда ҳам ўша-ўша: биринчи зарба болалар ва беморларга тушмоқда. Айнан шунинг учун коррупция жамиятимиз ва давлатимиз учун нафақат жиноий-ҳуқуқий ёки иқтисодий муаммо, балки инсон ҳуқуқларига нисбатан энг асосий таҳдидлардан бири ҳисобланади.

  

Коррупция – инсон ҳуқуқлари муаммоси

 

Узоқ вақт мобайнида халқаро ҳуқуқда коррупция ва инсон ҳуқуқлари иккита мустақил, параллел кун тартиби сифатида ривожланиб келди. Коррупция билан молиячилар, прокурорлар ва иқтисодчилар, инсон ҳуқуқлари билан эса ҳуқуқ ҳимоячилари ва дипломатлар шуғулланар эди.

Бугунги кунда ушбу чегара барҳам топди. Халқаро ҳамжамият қуйидаги ҳақиқатни тан олмоқда: талон-торож қилинган ҳар бир доллар (миллий маконда – ҳар бир сўм) ортида аниқ бир инсоннинг поймол бўлган ҳуқуқи ётибди.

БМТнинг собиқ Бош котиби Кофи Аннан БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси нашрига битган сўзбошида шундай таъсирли жумла бор: «Коррупция – бу демократия ва қонун устуворлигига рахна солувчи, инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келувчи, бозорларни бузиб, ҳаёт сифатини пасайтирувчи ёвуз вабодир».

Ҳақиқатан ҳам, ҳозирги кунда коррупция ва инсон ҳуқуқлари ўртасидаги ўзаро боғлиқлик халқаро механизмларнинг бутун бир тизими билан мустаҳкамлаб қўйилган. Бу ўринда, хусусан:

  • БМТнинг коррупцияга қарши энг йирик универсал халқаро шартномаси бўлган ва унга Ўзбекистон 2008 йилда қўшилган Коррупцияга қарши конвенция (2003 йил);

  • БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг коррупциянинг инсон ҳуқуқларини амалга оширишга салбий таъсири тўғрисидаги резолюциялари ҳамда Кенгаш Маслаҳат қўмитасининг мазкур мавзудаги маърузаси (2015 йил);

  • БМТ Бош Ассамблеясининг коррупцияга қарши кураш бўйича махсус сессиясининг Сиёсий декларацияси (2021 йил);

  • Барқарор ривожланиш мақсадларининг 16.5-банди ҳақида сўз бормоқда. Ушбу халқаро ҳужжатлар нормалари коррупция ва порахўрликнинг барча кўринишларини сезиларли даражада қисқартиришни талаб қилади.

Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан, коррупция давлатнинг учта асосий мажбурияти, яъни:

биринчиси – ҳуқуқларни ҳурмат қилиш (уларни давлатнинг ўзи бузмаслиги);

иккинчиси – ҳуқуқларни ҳимоя қилиш (учинчи шахслар томонидан бузилишига йўл қўймаслик);

учинчиси – ҳуқуқларни таъминлаш ва рўёбга чиқариш (уларни амалга ошириш учун мавжуд имконият ва ресурсларни максимал даражада йўналтириш) билан боғлиқ муҳим мажбуриятларини поймол этади.

Бинобарин, коррупциялашган мансабдор шахс бир вақтнинг ўзида ана шу учала мажбуриятни ҳам бузади. Шу жиҳатдан, америкалик иқтисодчи Роберт Клитгаарднинг машҳур формуласи коррупция табиатини жуда аниқ изоҳлайди:

К = М + Д − Ҳ, яъни Коррупция = Монополия + Дискрецион ваколатлар (кенг ихтиёрийлик) − Ҳисобдорлик.

Бу формула бир вақтнинг ўзида ҳуқуқлар бузилишининг ҳам формуласи: зеро, мансабдор шахс муайян хизмат бўйича яккаҳокимликка, ўз хоҳишига кўра кенг қарор қабул қилиш ваколатига эга бўлган ва назорат мавжуд бўлмаган жойда фуқаро ҳимоясиз қолади.

Шу маънода, британиялик тарихчи Лорд Актоннинг (1887 йил) «Ҳокимият бузишга мойилдир, мутлақ ҳокимият эса мутлақ бузади», деган кескин сўзлари аччиқ, аммо очиқ ҳақиқатдир.

 

Коррупциянинг баҳоси: рақамлар тилга кирганда

 

Муаммонинг кўламини рақамлар ҳаммасидан кўра ёрқинроқ ифодалайди. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш фикрича, коррупциянинг глобал миқёсдаги баҳоси камида 2,6 триллион долларни ёки жаҳон ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) қарийб 5 фоизини ташкил этади.

Ҳар йили корхоналар ва фуқаролар томонидан тўланадиган поралар миқдори 1 триллион доллардан ошади. Бу рақамларни тасаввур қилиш учун ушбу миқдор дунёдаги аксарият давлатларнинг ЯИМ кўрсаткичидан ҳам катта эканини эслатишнинг ўзи кифоя.

Transparency International халқаро ташкилоти 2026 йил февралида эълон қилган «2025 йилги Коррупцияни қабул қилиш индекси» дунё бўйлаб ташвишли манзарани акс эттирмоқда:

  • жаҳон бўйича ўртача балл 100 баллдан 42 баллгача тушди; бу – охирги ўн йилдан ортиқ вақт ичидаги энг паст кўрсаткич;

  • 182 та мамлакат ва ҳудуднинг 122 таси (яъни учдан икки қисмидан кўпроғи) 50 баллдан кам тўплаган, бу эса коррупциянинг тизимли муаммо эканидан далолат беради;

  • 80 баллдан юқори баҳоланган давлатлар сони ўн йил олдинги 12 тадан 5 тагача қисқарди; етакчи ўринларда Дания (89), Финляндия (88) ва Сингапур (84) бормоқда;

  • охирги ўринларни Жанубий Судан ва Сомали (9 баллдан) ҳамда Венесуэла (10 балл) эгаллаб турибди – булар фуқаролик жамияти бўғилган ва беқарорлик юқори бўлган давлатлардир;

  • 2012 йилдан буён атиги 31 та давлат ўз кўрсаткичларини сезиларли даражада яхшилаган бўлса, 50 та давлат уларни жиддий равишда ёмонлаштирган.

 

Бир сщз билан айтганда, бугунги кунда бутун инсониятнинг учдан икки қисми коррупция тизимли муаммога айланган мамлакатларда истиқомат қилмоқда.

 

Коррупция қайси ҳуқуқларни тортиб олади?

 

Коррупция «беозор» бўлмайди. Ҳар бир коррупциявий ҳаракат ортида муайян жабрланувчи ва муайян поймол этилган ҳуқуқ туради.

Бироқ унинг ҳалокатли таъсири пул бериш ёки бошқа бир ноқонуний хатти-ҳаракат содир этилишидан анча олдин – коррупцион онг шаклланишидан бошланади. Бунда пора масалани ҳал этишнинг одатий йўли, хизмат мавқеидан фойдаланиш – йўл қўйса бўладиган имтиёз, белгиланган қоидаларни четлаб ўтиш эса – ҳаётий уддабуронлик деб қабул қилинади.

Коррупцион онг ҳуқуқнинг бузилиши адолатсизлик сифатида қабул қилинмай қўйган, коррупциявий амалиёт эса одатий ва ҳатто оқланадиган ҳолатга айланган жойда шаклланади. Шу тариқа «Бошқача қилиб бўлмайди», «одат шундай», «ҳамма шундай қиляпти-ку», «олдин берасан, кейин оласан» қабилидаги қарашлар коррупцияни истиснодан ижтимоий меъёрга айлантириб боради. Оқибатда фуқаро давлат хизматини ўз ҳуқуқи сифатида эмас, балки норасмий савдо предмети сифатида кўра бошлайди.

Айнан шунинг учун ҳам коррупция нафақат алоҳида институтларни, балки ҳуқуқий маданиятнинг ўзини ҳам емиради. Коррупцион онг чуқур илдиз отган жойда қонунга бўлган ишонч йўқолади, ҳалол хулқ-атворнинг қадр-қиммати тушади ҳамда инсон ҳуқуқларининг амалдаги кўлами қонун билан эмас, балки пул, таниш-билиш ёки мансабдорга етиб бориш имконияти билан белгиланади, деган нотўғри тушунча пайдо бўлади.

  1. Яшаш ва соғлиқни сақлаш ҳуқуқи. Халқаро экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, соғлиқни сақлаш тизимидаги коррупция тиббиётга ажратилаётган жаҳон харажатларининг қарийб 6 фоизини ўз домига тортади, бу эса ҳар йили юзлаб миллиард долларни ташкил этади. Тадқиқотчиларнинг баҳолашича, коррупция ҳар йили қарийб 140 минг боланинг ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлади. Оширилган нархларда сотиб олинган қалбаки дори-дармонлар, ишламайдиган ускуналар, жарроҳлик амалиёти учун «пуллик навбат» – буларнинг барчаси соғлиқни сақлаш ҳуқуқини кафолатдан – имтиёзга айлантириб қўяди.

  2. Таълим олиш ҳуқуқи. Сотиб олинган баҳо, сотиб олинган диплом, мактабдаги «ихтиёрий» пул йиғимлари нафақат қонун бузилишини, балки таълим олишдаги тенг имконият тамойилининг бузилишини ҳам англатади. Кам таъминланган оиланинг иқтидорли фарзанди ўз ўрнини йўқотади, жамият эса келажакда малакасиз шифокор, ўқитувчи ёки муҳандисга эга бўлади. Боғчадаги пора – бу шунчаки юз доллар (ёки атиги бир миллион сўм) эмас. Бу – боланинг «адолатни сотиб олса бўлади» деб олган илк сабоғидир.

  3. Одил судлов ҳуқуқи. Агар суд қарорини сотиб олиш мумкин бўлса, қонун заифларни ҳимоя қилишдан тўхтайди ва кучлиларга хизмат қила бошлайди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги коррупция ноқонуний ушлаб туришлар, пул ундириш мақсадидаги қийноқлар ва сохта жиноий ишларнинг тўқиб чиқарилишига олиб келади. Унутмайликки, суд мустақиллиги – шунчаки қуруқ ва ҳавойи тушунча эмас, балки ўзбошимчалик йўлидаги сўнгги тўсиқдир.

  4. Тенглик ва камситилмаслик (дискриминацияга йўл қўймаслик) тамойили. Коррупция шундай бир «параллель ҳуқуқлар тизими»ни яратадики, унда пули ва таниши бор одамнинг ҳуқуқлари бошқаларникига қараганда анча кўп бўлади. Эътибор беринг: Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 7-моддаси “барчанинг қонун олдида тенглиги”ни эълон қилади, коррупция эса бу тенгликни саробга айлантиради.

  5. Иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар. Уй-жой қурилиши, ер ажратиш, ижтимоий ёрдам ва давлат харидларидаги талон-торожлик давлат уй-жой, меҳнат, ижтимоий таъминот, муносиб турмуш даражаси каби ҳуқуқларни таъминлашга йўналтириши шарт бўлган маблағларни тўғридан-тўғри қисқартиради. «Transparency International» ташкилоти томонидан таъкидланганидек, одамлар коррупция бадалини молиялаштирилмаган шифохоналар, қурилмай қолган муҳофаза иншоотлари ва ёшларнинг чилпарчин бўлган орзулари билан тўлайдилар.

  6. Қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқ. Дарахтларни кесиш, чиқиндиларни ташлаш, ноқонуний қурилишлар учун берилган пора келажак авлодлар бошига тушадиган улкан экологик зарарга айланади.

  7. Сиёсий ҳуқуқлар. Коррупция давлат институтларига бўлган ишончни емиради, фуқароларнинг хоҳиш-иродасини бузиб кўрсатади ва инсонларни давлат ишларини бошқаришда ҳақиқий иштирок этиш имкониятидан маҳрум қилади.

 

 Коррупциянинг зиёну зарари: ижтимоий мезонлар

 

Коррупция қашшоқликка солинган регрессив солиқ сингари ишлайди. Ўзига тўқ инсон пул тўлайди ва хизматдан фойдаланади. Камбағал, кекса инсон, ногиронлиги бўлган шахс, қишлоқ аёли, меҳнат муҳожири, эҳтиёжманд оила фарзанди эса пулни тўлай олмайди. Улардан ўша хизмат учун пора талаб қилиниши – уларнинг ўз ҳуқуқидан маҳрум этилиши, деганидир.

  • Аёллар ижтимоий, тиббий ва таълим бўйича хизматлардан фойдаланишда товламачиликка тез-тез дуч келади. Халқаро амалиётда пул ўрнига жинсий алоқа хизматлари талаб қилинадиган алоҳида кўринишдаги таъмагирлик – «сексторшн» (жинсий таъмагирлик) ажратиб кўрсатилади. Бу – бир вақтнинг ўзида ҳам коррупция, ҳам гендер зўравонликдир.

  • Болалар таълим, соғлиқни сақлаш, васийлик ва фарзандликка олиш тизимидаги коррупциядан жабр кўрадилар.

  • Ногиронлиги бўлган шахслар манфаатларига коррупция дахл қилиши тиббий-меҳнат комиссияларининг қарорлари, нафақалар ва махсус хизматларга боғлиқ бўлиб, бу ерда таъмагирлик хавфи айниқса юқоридир.

  • Меҳнат муҳожирлари ҳужжатларни расмийлаштириш ва ишга жойлашиш чоғида ноқонуний йиғимлар олдида ниҳоятда заиф бўлиб қоладилар.

  • Маҳбуслар ва қамоқда сақланаётган шахслар таъмагирликка қаршилик кўрсатиш имкониятидан деярли бутунлай маҳрумдир.

Бундан муҳим бир хулоса келиб чиқади: аҳолининг эҳтиёжманд ва заиф қатламлари аҳволини инобатга олмайдиган коррупцияга қарши сиёсат тўлақонли бўла олмайди.

 

Ошкоралик – коррупцияга қарши энг яхши вакцина

 

Эркинликлар ва коррупция даражаси ўртасидаги узвий боғлиқлик далиллар билан тасдиқланган. «Transparency International» ташкилоти хулосаларига кўра, 2012 йилдан буён индексдаги кўрсаткичлари сезиларли даражада ёмонлашган давлатларнинг қарийб учдан икки қисмида фикрни эркин билдириш, бирлашиш ва тинч йиғилишлар эркинлигини чеклаш тенденцияси кузатилган.

Журналистлар, жамоат ташкилотлари ва хабар берувчилар (информаторлар) учун очиқ гапириш қийинлашган жойда коррупциялашган мансабдорлар ўзларини жазосиз ҳис қилади.

Инсон ҳуқуқлари ва коррупцияга қарши сиёсат бир-бирини ўзаро мустаҳкамлайди. Яъни:

  • сўз эркинлиги суиистеъмолчиликларни фош этишга хизмат қилади;

  • ахборот олиш ҳуқуқи бюджет ва харидларнинг шаффофлигини таъминлайди;

  • бирлашиш эркинлиги фуқаролик жамиятига жамоатчилик назоратини амалга ошириш имконини беради;

  • мустақил суд жавобгарликнинг муқаррарлигини кафолатлайди.

Шу сабабли журналистлар, блогерлар ва коррупция ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш давлатнинг шунчаки ён бериши эмас, балки унинг коррупцияга қарши сиёсатининг самарали воситасидир.

Айни чоғда, «Қонунлар руҳи ҳақида» асари муаллифи Шарль Луи Монтескьё (1748 йил) қайд этганидек, «Доимий тажриба бизга шуни кўрсатадики, ҳокимиятга эга бўлган ҳар бир инсон уни суиистеъмол қилишга мойилдир ва у ўзига белгиланган чегарага етмагунча шу йўналишда давом этаверади».

 

Ўзбекистон: босиб ўтилган йўл ва мавжуд муаммоларга холис нигоҳ

 

Сўнгги ўн йилда Янги Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишнинг янги модели шаклланди. Бу миллий моделнинг ўзига хос асосларига мухтасар тўхталамиз.

Биринчиси – қонунчилик асоси. Бугунги кунда коррупцияга қарши сиёсатнинг ҳуқуқий пойдеворини қуйидагилар ташкил этмоқда:

  • Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (2023 йилги таҳрири) – инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият сифатида белгилаб, қонун устуворлиги ҳамда давлат ҳокимиятининг очиқлиги тамойилларини мустаҳкамлаб берди;

  • «БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясини ратификация қилиш тўғрисида»ги қонун (2008 йил) – халқаро стандартлар миллий ҳуқуқий тизимнинг узвий қисмига айланди;

  • «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун (2017 йил) – коррупция тушунчасини, коррупцияга қарши фаолиятнинг тамойиллари, асосий йўналишлари ва субъектларини белгилаб берган таянч ҳужжат;

  • «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги (2014 йил) ва «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги (2018 йил) қонунлар – ҳокимиятнинг шаффофлигини ва фуқароларнинг иштирокини таъминламоқда;

  • «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонун (2018 йил) – фуқароларнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларининг аниқ қоидаларини белгилади;

  • «Давлат харидлари тўғрисида»ги (2021 йилги янги таҳрири) ҳамда «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги (2022 йил) қонунлар;

  • «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун (2024 йил) – давлат ташкилотлари ходимлари томонидан эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини декларация қилиш ва уни яширганлик учун жавобгарликни жорий этди;

  • Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс – коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни белгилайди;

  • Президент фармон ва қарорлари, жумладан, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини рейтинг баҳолаш тўғрисидаги 2022 йил 12 январдаги ПҚ-81-сон қарор ҳамда коррупцияга қарши сиёсатнинг 2030 йилгача бўлган ривожини белгилаган, оқибатлар билан курашишдан профилактикага ўтишни назарда тутувчи 2025 йил 30 декабрдаги ПФ-270-сон Фармон.

Навбатдаги муҳим қадам давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисидаги қонунни қабул қилиш бўлиб қолмоқда. Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг маълумотига кўра, мазкур қонун лойиҳаси 2026 йилда жамоатчилик муҳокамасига тайёрланмоқда.

Иккинчиси – институционал асос:

  • Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (2020 йилда ташкил этилган) – Президент ва Олий Мажлис палаталарига ҳисобдор бўлган, давлатнинг коррупцияга қарши сиёсатини шакллантирувчи ва мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли давлат органи;

  • Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши – Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясини қайта ташкил этиш орқали тузилган. Кенгашга Олий Мажлис Сенати Раиси бошчилик қилади, ҳудудларда ҳудудий кенгашлар фаолият юритади, Агентлик эса унинг ишчи органи ҳисобланади;

  • Олий Мажлиснинг ҳар иккала палатасида ташкил этилган, мазкур соҳада парламент назоратини амалга оширувчи Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталари;

  • Коррупцияга оид жиноятларни фош этиш ва жазонинг муқаррарлигини таъминловчи прокуратура, ички ишлар, давлат хавфсизлиги органлари ва судлар;

  • вазирликлар, идоралар, ҳокимликлар ва тўғридан-тўғри Президент Администрациясига бўйсунувчи давлат корхоналаридаги ички коррупцияга қарши назорат (комплаенс-назорат) бўлинмалари;

  • Президентимизнинг ПФ-270-сон Фармон билан ташкил этилаётган, давлат органлари, илмий муассасалар ва фуқаролик жамияти институтларини бирлаштирувчи Коррупцияга қарши курашиш бўйича ягона тизим (Кластер).

Учинчиси – таълимга тааллуқли асос. Президент Шавкат Мирзиёев, 2023 йил 19 декабрда бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак халқаро мукофот билан тақдирлаш маросимидаги нутқида эътироф этганидек, «Бизнинг устувор вазифамиз – ёшлигидан бошлаб „ҳалоллик вакцинаси“ билан эмланган ёш авлодни тарбиялаб вояга етказишдир».

Аслида ҳам, коррупцияни фақат жазолаш йўли билан енгиб бўлмайди: уни одамларнинг онгида олдиндан бартараф этиш зарур. Шу боис Янги Ўзбекистонда коррупцияга қарши узлуксиз таълим тизими шакллантирилмоқда. Бу ўринда, хусусан:

  • давлат хизматчилари, талабалар, ўқувчилар ва кенг аҳоли қатламларини ўқитишга мўлжалланган «Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси» электрон платформаси;

  • UNODCнинг болалар ва ёшлар учун мультфильмлар, видео ва аудио материаллар яратишни назарда тутувчи GRACE дастурини (Коррупцияга қарши таълим бериш ва ёшларнинг фаоллигини ошириш бўйича глобал ресурс) жорий этиш;

  • олий таълим муассасаларида коррупцияга қарши махсус курслар ва ихтисослашган кафедраларни, жумладан «комплаенс-назорат» йўналишини ташкил этиш, шунингдек, давлат хизматчиларини коррупцияга қарши қонунчилик ва одоб-ахлоқ асосларига мажбурий ўқитиш;

  • таълим соҳасидаги маърифий ташаббуслар, жумладан ЮНЕСКО, UNODC, Бош прокуратура, Сенат ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи иштирокида ўтказилган «Олий таълим – коррупциясиз соҳа» конференцияси мисолидаги яхлит ва узвий таълим тизими ҳақида сўз бормоқда.

Инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан қараганда, коррупцияга қарши таълим ҳуқуқий таълим ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимдан ажралмасдир. Чунки ўз ҳуқуқларини билган фуқаро давлат унга бепул тақдим этиши шарт бўлган хизмат учун беҳудага пул тўламайди.

Тўртинчиси – мониторингга оид асос. Гап шундаки, «Ўлчаб ва мезонга солиб бўлмайдиган нарсани бошқариб бўлмайди» тамойили миллий мониторинг тизимида ўз ифодасини топди. Жумладан:

  • Президентнинг 2022 йил 12 январдаги ПҚ-81-сон қарори билан жорий этилган, давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини 100 баллик шкала бўйича рейтинг баҳолаш. Баҳолаш Агентликнинг электрон платформаси орқали амалга оширилади;

  • 2024 йил якунларига кўра, ҳокимликлар билан бирга жами 103 та ташкилот баҳоланди: 41 таси «яхши», 53 таси «қониқарли», 9 таси «қониқарсиз» баҳо олди. Ўртача балл 73,8 баллни ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 4,9 баллга, 2022 йилга нисбатан эса 14,3 баллга ошди. Қониқарсиз баҳо олган ташкилотлар учун махсус дастурлар ишлаб чиқилмоқда, уларнинг раҳбарлари эса Миллий кенгаш йиғилишларида ҳисобот бермоқда;

  • Агентликнинг махсус методологияси асосида давлат органлари фаолиятининг очиқлиги мониторинги;

  • коррупцион хавф-хатарларни баҳолаш ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси – бу коррупцияни келтириб чиқарувчи меъёрларни ҳали ҳужжат қабул қилинмасдан олдин бартараф этиш имконини беради;

  • коррупцияга оид жиноятлар статистикасини таҳлил қилиш ва натижаларни парламентда мунтазам эшитиб бориш.

 

Инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашув мазкур кўрсаткичларни яна бир муҳим жиҳат билан тўлдиришни тақозо этади. Бу ўринда мониторинг асносида нафақат аниқланган қонунбузилишлар сони ва қопланган зарарни, балки фуқароларнинг поймол этилган ҳуқуқлари қай даражада тикланганини ҳам баҳолаш зарурлиги хусусида сўз бормоқда.

Бешинчиси – Фуқаролик жамияти: жамоатчилик назорати. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга тақдим этилган Мурожаатномасида уқтирилганидек, «Коррупцияга қарши курашиш – бутун жамиятнинг ишидир».

Ростдан ҳам, барча муваффақиятли мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, давлат коррупцияни ёлғиз ўзи енга олмайди. Бу борадаги асосий иттифоқчилар – фаол фуқаролардир.

Ўзбекистонда бунинг учун қуйидаги механизмлар яратилган:

  • фуқаролар, ННТ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва ОАВнинг давлат органлари фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқини мустаҳкамлаган «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонун;

  • давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг Коррупцияга қарши курашиш кластери ишидаги иштироки;

  • фуқаролик назорати воситаси сифатида очиқ маълумотлар: 2021 йилда Ўзбекистон Халқаро очиқ маълумотлар хартиясига қўшилди, давлат харидлари эса тўлиқ рақамли шаклга ўтказилди;

  • коррупция ва суиистеъмолчиликлар фактлари ҳақида хабар бериш имконини берувчи фуқаролар мурожаатларининг электрон каналлари;

  • оммавий ахборот воситалари, журналистлар ва блогерлар – Президент уларнинг ролини алоҳида қайд этиб, ОАВни коррупцияга қарши курашнинг олд сафларида турган катта куч деб атади.

Шу билан бирга, айнан шу соҳада улкан ўсиш захираси мавжуд. Коррупция ҳақида хабар берган шахсларни (информаторларни) ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши ҳамда суриштирувчи-журналистлар учун хавфсизлик кафолатларининг таъминланиши Ўзбекистонда ҳалоллик қонун ҳимоясида эканини кўрсатувчи кучли сигнал бўлади.

Олтинчиси – халқаро асос. Ўзбекистоннинг бу борадаги ютуқлари ҳақида сўз борганда , жумладан:

  • 2008 йилдан буён БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясида ва уни амалга оширишни кўриб чиқиш механизмида иштирок этиш;

  • Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Коррупцияга қарши курашиш бўйича Истанбул ҳаракатлар режасида, Коррупцияга қарши курашувчи ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг глобал тезкор тармоғида, Жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳида ҳамда Эгмонт гуруҳида иштирок этиш; 

  • Ғарбий ва Марказий Осиё давлатларида активларни қайтариш бўйича тармоқ Котибияти функцияларини бажариш;

  • Тошкент – халқаро коррупцияга қарши майдон сифатида: ҳар йили ўтказиладиган Халқаро коррупцияга қарши форум, 2023 йилда БМТ Коррупцияга қарши конвенциясининг Минтақавий платформаси ишга туширилиши ҳамда 2023 йил декабрида UNODC билан ҳамкорликда Коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак халқаро мукофотни топшириш маросимининг ўтказилиши;

  • коррупцияга қарши дастурларни амалга оширишда БМТ, Жаҳон банки, ИҲТТ, ЕХҲТ ва бошқа халқаро шериклар билан самарали ҳамкорлик ҳақида тўхталиш лозим;

  • юксак мақсад: давлат раҳбари 2030 йилга қадар «Transparency International» Коррупцияни қабул қилиш индексида мамлакатимиз ўрнини яна 50 поғонага кўтариш вазифасини қўйди.

Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзолиги (2021–2023 йиллар) тажрибаси шуни тасдиқлайдики, ислоҳотларнинг халқаро эътирофи – мамлакат коррупцияга қарши кураш билан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни қанчалик изчил боғлай олишига бевосита боғлиқдир.

Натижалар ва ўсиш захираси ҳақида алоҳида тўхталмаслик мумкин эмас. Хусусан, Ўзбекистоннинг «Transparency International» Коррупцияни қабул қилиш индексидаги динамикаси қуйидагича:

Йил

Балл (100 дан)

Рейтингдаги ўрни

2016

21

156

2019

25

153

2020

26

146

2021

28

140

2022

31

126

2023

33

121

2024

32

121

2025

31

182 та давлат орасида 124-ўрин

Натижа ўз-ўзидан кўриниб турибди: ўн йил ичида Ўзбекистон 30 дан ортиқ поғонага кўтарилди ва ўзининг олдинги ютуғига 10 балл қўшди. Шу билан бирга, кетма-кет иккинчи йил айни кўрсаткичнинг бироз пасайиши қайд этилмоқда.

Таққослаш учун: Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасининг 2025 йилдаги ўртача кўрсаткичи 34 баллни ташкил этди. Мазкур минтақада энг яхши натижалар Грузия (50) ва Арманистонда (46) кузатилган бўлса, рўйхатнинг қуйи поғоналарида Россия (22), Тожикистон (19) ва Туркманистон (17) қайд этилган.

«Transparency International» ўз баҳосида Ўзбекистондаги расмий ислоҳотлар муайян даражада илгарилаганини, бироқ коррупцияни фош этаётган журналистлар ва блогерлар ҳамон босимларга дуч келаётганини, бу эса коррупцияга қарши саъй-ҳаракатларнинг таъсирини чеклаб қўяётганини таъкидлади.

Биз ушбу баҳони таъна ё эътироз сифатида эмас, балки ўсиш захирамиз айнан қаерда эканини кўрсатувчи аниқ кўрсатма деб қабул қилишимиз лозим.

Ички статистика: 2025 йилда коррупцияга оид жиноятлар учун 7 минг 517 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилди, бу 2024 йилга нисбатан 2,2 фоиз кўпдир. Давлат манфаатларига етказилган зарар эса 2,9 триллион сўмдан ошди.

 

 Коррупцияга қарши курашда инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашув: амалий таклифлар

 

Мавжуд воқелик шароитида, қисқа қилиб айтганда, коррупцияга қарши курашиш механизмларини инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан янада такомиллаштириш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Шу муносабат билан қуйидаги йўналишларга эътибор қаратишни зарур, деб ҳисоблаймиз.

  • Биринчидан: зарарни нафақат бюджет бўйича, балки инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан ҳам баҳолаш. Шов-шувли ишларда нафақат «Қанча талон-торож қилинди?» деган саволга, балки «Кимларнинг ҳуқуқлари бузилди ва уларни қандай тиклаш мумкин?» деган саволга ҳам жавоб топиш муҳим. Қайтарилган активларни аввало таълим ва соғлиқни сақлаш тизимида поймол этилган ҳуқуқларни тиклашга йўналтириш мақсадга мувофиқдир.

  • Иккинчидан: коррупцияга қарши чора-тадбирларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича экспертизасини ўтказиш. Бу коррупцияга қарши курашнинг ўзи айбсизлик презумпцияси, ҳимояланиш ҳуқуқи ва шахсий ҳаёт дахлсизлигининг бузилишига олиб келмаслигини таъминлайди.

  • Учинчидан: коррупция фактлари ҳақида хабар берувчи информаторлар, журналистлар ва блогерларни давлатнинг шаффофликни таъминлашдаги ишончли ҳамкорлари сифатида ҳимоя қилишни кучайтириш.

  •  Тўртинчидан: давлат хизматларини рақамлаштириш ҳисобига фуқаро билан мансабдор шахс ўртасидаги «алоқа майдони»ни (бевосита мулоқотни) қисқартириш. Бу айниқса мактабгача таълим, мактаблар, тиббиёт ва ер ажратиш соҳаларида зарур. Негаки, шахсий алоқа ва боғлиқлик бўлмаган жойда порага ҳам ўрин қолмайди.

  • Бешинчидан: бюджетлар, давлат харидлари, компанияларнинг якуний бенефициарлари ҳамда мансабдор шахсларнинг даромадлари тўғрисидаги декларациялар бўйича маълумотларнинг очиқлигини кафолатлаш.

  • Олтинчидан: коррупцияга қарши кураш бўлимини Ўзбекистоннинг БМТнинг шартномавий органларига миллий маърузаларига, Универсал даврий шарҳ доирасидаги ҳисоботларга ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия мониторингига киритиш.

  • Еттинчидан: ҳуқуқий таълим ва маърифатни янада ривожлантириш. Ўз ҳуқуқларини пухта билган фуқаро унга бепул берилиши лозим бўлган хизмат учун пул тўлашдан тийилади. Бу жараёнда болалар ва ёшларга, хотин-қизларга ҳамда чекка ҳудудлар аҳолисига алоҳида эътибор қаратиш зарур.

  • Саккизинчидан: коррупцион хавфларни баҳолашда аҳолининг заиф ва эҳтиёжманд қатламлари аҳволини инобатга олиш ҳамда улар учун мурожаат ва шикоят юборишнинг қулай ва хавфсиз каналларини яратиш.

Машҳур шарқ ҳикматида зинапоя юқоридан пастга қараб супурилади, дейилади. Бироқ яна бир муҳим ҳақиқат бор: зинапоянинг тозалигини ундан кўтарилаётган ҳар бир киши кўриб-кузатиб туриши ҳам шарт. Жамоатчилик назорати дегани аслида мана шудир.

Хулоса қилиб айтганда, коррупция ҳуқуқ товарга айланган жойдан бошланади. Қачонки болалар боғчасидаги ўрин, шифокорнинг ташхиси, имтиҳондаги баҳо ёки суд қарори ўз нархига эга бўлар экан, инсон энг муҳим нарсасини – давлат пул тўлай оладиганларга эмас, балки айнан унга хизмат қилишига бўлган ишончини йўқотади.

Шу сабабли коррупцияга қарши курашиш – инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, демакдир. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш эса коррупция учун бирорта ҳам қоронғи бурчак қолдирмаслик деганини англатади.

Янги Ўзбекистонда бошланган тизимли ислоҳотлар бунинг учун мустаҳкам пойдевор яратди. Бизнинг умумий вазифамиз – ушбу ислоҳотлар самарасини ҳар бир фуқаро рейтинг жадвалларида эмас, балки ўз ҳаётида: поликлиникада, мактабда, судда ва ҳокимликда амалда ҳис этишига эришишдан иборатдир.

 

Акмал САИДОВ,

академик

 «Adolat» газетасининг 2026 йил 6 ноябрь кунги 44 (1612)-сони

Nashr sanasi 06.11.2026 Ko'rishlar 243
Ulashish