МО давлатлари раҳбарлари 5−6 ноябрь кунлари Остонада СИ соҳасидаги хавфсизлик ва ундан террорчилик мақсадларида фойдаланишга қарши курашиш масалаларини муҳокама қилади. Gazeta Ақаба жараёни қандай тузилгани, 10 йилда унинг кун тартиби қандай ўзгаргани ва Ўзбекистоннинг ундаги ўрнини тушунтиради.
5−6 ноябрь кунлари Остонада Ақаба жараёни доирасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтади. У сунъий интеллект соҳасидаги хавфсизлик ҳамда ундан террорчилик ва экстремистик мақсадларда фойдаланишга қарши туриш мавзусига бағишланади.
Gazeta мазкур халқаро формат — Ақаба жараёни қандай тузилгани, унинг кун тартиби 10 йил ичида анъанавий терроризмга қарши курашдан тортиб янги технологик таҳдидларгача қандай кенгайгани ва бу ташаббусда Ўзбекистон қандай ўрин тутиши ҳақида ҳикоя қилади.
Яратилиш тарихи, мақсадлари ва форматнинг статуси
«Ақаба жараёни» халқаро ташаббусига 2015 йилда Иордания қироли Абдулла II томонидан Иорданиянинг порт шаҳри ҳисобланган Ақабада асос солинган. Халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва хавфсизлик соҳасидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш унинг асосий мақсадлари сифатида эълон қилинган.
Ташаббус трансмиллий таҳдидларга қарши курашда давлатларнинг янада яқинроқ ҳамкорлик қилиши учун майдон сифатида юзага келган. Асосий эътибор хавфсизлик ва ҳарбий идоралар ҳаракатларини мувофиқлаштириш, ахборот ва тажриба алмашиш, шунингдек, террорчилик ташкилотлари ҳамда экстремистик мафкурага қарши курашишда умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш масалаларига қаратилган.
Ушбу жараённинг аҳамиятини баҳолар экан, Иордания қироли шундай деган эди: «Биз баъзи жангларда ғолиб чиққан бўлишимиз мумкин, аммо терроризм ва экстремизмга қарши кураш ҳали тугагани йўқ… Иордания шерикларимиз билан яқиндан ҳамкорлик қилишда давом этмоқда. Ақаба жараёни орқали биз манфаатдор етакчиларни мувофиқлаштириш, илғор тажриба алмашиш ва янги стратегияларни ишлаб чиқиш учун бирлаштиришга кўмаклашдик».
Халқаро динлараро муносабатларда Иордания алоҳида ўрин тутади. Ҳошимийлар Қироллиги шаҳардаги ислом ва насронийлик муқаддас қадамжоларининг расмий муҳофазачиси сифатида тан олинган тарихий мақомга эга. Фаластин-Иордания келишуви ва 1994 йилдаги Исроил билан тузилган тинчлик шартномаси билан мустаҳкамланган ушбу миссия қирол Абдулла II га Қуддуснинг тарихий статус-квосини ҳимоя қилишда мутлақ ҳуқуқ беради; айни пайтда Иорданиянинг Ислом ишлари бўйича вазирлиги Вақф департаменти орқали «Ал-Ақсо» масжиди мажмуасини сақлаб туриш ва фуқаролик бошқарувини тўлиқ молиялаштиради.
Ақаба жараёни халқаро ташкилот ёки доимий иштирокчилар таркибига эга бирлашма эмас. Ташаббуснинг қатъий аъзолиги ёки давлатлар учун мажбурий қарорлар қабул қилувчи миллий ҳукуматлардан устун аппарати мавжуд эмас.
Бу учрашувлар ва муҳокамалар учун мўлжалланган мослашувчан халқаро мулоқот майдонидир. Иштирокчилар таркиби ва тадбирлар мавзуси аниқ кун тартиби ҳамда кўриб чиқилаётган таҳдидларнинг хусусиятига қараб белгиланади. Ташкилотчилар сифатида Иордания ва ҳамкор давлатлар иштирок этади.
Иш механизмлари ва минтақавий қамров
Ақаба жараёни учрашувларининг формати ягона жадвалга ёки доимий вакиллик даражасига боғланмаган. Мавзуга қараб, уларда давлат ва ҳукумат раҳбарлари, ташқи ишлар ва мудофаа вазирлари, хавфсизлик идоралари раҳбарлари ҳамда махсус хизматлар вакиллари иштирок этиши мумкин.
Муҳокамаларга, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва хусусий сектор вакиллари, хусусан, технологиялар ва хавфсизлик соҳасида фаолият юритувчи мутахассислар ҳамда компаниялар раҳбарлари жалб этилади.
Айрим ҳолларда учрашувлар минтақавий хавфсизликнинг кенг кўламли масалаларига бағишланади ва давлат раҳбарларининг иштирокини назарда тутади. Бошқа ҳолларда эса улар аниқ бир муаммога, масалан, дронлардан фойдаланиш, ҳаво ҳудудини бошқариш ёки интернетда экстремизм тарқалишига эътибор қаратади.
Айнан қатъий институционал чегараларнинг йўқлиги иштирокчилар таркибини мавзуга қараб ўзгартириш имконини беради.
Минтақавий ёндашув ҳам ташаббуснинг яна бир ўзига хос жиҳатига айланди. Айрим раундлар террорчилик ва экстремистик таҳдидлар халқаро мувофиқлаштиришни кучайтиришни талаб қиладиган дунёнинг муайян ҳудудларига бағишланди.
Жараён мавжуд бўлган давр мобайнида унинг минтақавий кун тартиби Шарқий Африка, Жануби-Шарқий Осиё, Лотин Америкаси, Ғарбий Африка ва Саҳел минтақасини қамраб олди.
Масалан, 2022 йил мартида Иорданиянинг Ақаба шаҳрида Шарқий Африкага бағишланган учрашув бўлиб ўтди ва унда минтақанинг бир нечта давлатлари раҳбарлари иштирок этди.
Ўша йилнинг декабрида Бразилия билан ҳамкорликда ташкил этилган Лотин Америкаси бўйича алоҳида раунд бўлиб ўтди. 2023 йил июнида эса Испаниянинг Кордова шаҳрида Ғарбий Африка ва Саҳелдаги таҳдидлар муҳокама қилинди.
Бунда учрашувлар фақат Иорданияда ўтказилмайди. Ақаба жараёни тадбирларига мезбонлик қилган давлатлар ва халқаро майдонлар қаторида Испания, Албания, Индонезия, Бразилия, Болгария, Руанда, Сингапур, Буюк Британия, Норвегия, Нигерия, Нидерландия, АҚШ ва БМТ бор.
Кун тартибининг эволюцияси: анъанавий таҳдидлардан сунъий интеллектгача
Ақаба жараёни мавжуд бўлган даврда унинг кун тартиби изчил кенгайиб борди. Агар дастлаб асосий эътибор террорчилик ташкилотларига, экстремистик мафкурага қарши курашиш ва хавфсизлик тузилмаларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган бўлса, кейинчалик муҳокамалар марказидан рақамли муҳит ва янги технологиялар ўрин олди.
Ижтимоий тармоқлар орқали террорчилик тарғиботи олиб борилиши, тарафдорлар ёлланиши ва экстремистик гуруҳлар фаолияти мувофиқлаштирилиши фонида онлайн экстремизмга қарши курашиш асосий йўналишлардан бирига айланди.
2026 йил июнида БМТнинг Нью Йоркдаги қароргоҳида Европа Иттифоқи ва Ақаба жараёнининг онлайн ўйинларда терроризмнинг келажаги, радикаллашув ва ёллашга бағишланган алоҳида ёпиқ учрашуви бўлиб ўтди. Муҳокама БМТнинг Терроризмга қарши кураш ҳафталиги доирасида ўтказилди. Унда давлатлар, БМТ, ўйин индустрияси ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этди. Қатнашчилар террорчилик ташкилотлари томонидан ўйин майдонларидан фойдаланиш хавфларини кўриб чиқди.
Учувчисиз учиш аппаратлари ва ҳаво маконини бошқариш яна бир технологик йўналишга айланди.
2026 йил февралида Сандҳерстдаги (Буюк Британия) Қироллик ҳарбий академиясида ҳаво маконини бошқариш ва дронлардан фойдаланишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда замонавий тизимларни қўллаш, ҳаво ҳудуди хавфсизлигини ошириш, тажриба алмашиш ва дрон технологияларининг жадал ривожланишини ҳисобга олган ҳолда қонунчиликни янгилаш зарурати муҳокама қилинди. Тадбирда бир неча давлат вакиллари, экспертлар ва ихтисослашган халқаро компаниялар раҳбарлари қатнашди.
Сунъий интеллект соҳасидаги хавфсизлик, хусусан, технологик хавф-хатарларнинг олдини олиш ҳамда янги воситалардан террорчилик ва экстремистик ташкилотлар томонидан фойдаланилишига қарши туриш масалаларидаги ҳамкорлик яна бир янги йўналишга айланмоқда.
Қозоғистонда бўлиб ўтадиган навбатдаги учрашув айнан шу мавзуга бағишланади. Учрашувда, шунингдек, янги технологик чақириқ ва таҳдидларга жавобан халқаро ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиқиш режалаштирилган.
Ўзбекистоннинг Ақаба жараёнидаги иштироки
2025 йил 26 август куни президент Шавкат Мирзиёевнинг Самарқандда Иордания қироли Абдулла II билан ўтказган музокараларида Ўзбекистон раҳбари Ақаба жараёни ташаббусини юқори баҳолади. У, шунингдек, ташаббуснинг бўлажак йиғилишларидан бирини Самарқандда ўтказишни таклиф қилди.
Ўша учрашув чоғида томонлар бағрикенг ва маърифий ислом ғояларини биргаликда илгари суриш зарурлиги бўйича якдил фикрга келди.
2025 йил 15 октябрда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Рим шаҳрида бўлиб ўтган «Ақаба жараёни 2025» йиғилишида иштирок этди. Учрашув Иордания томонидан Италия билан ҳамкорликда, қирол Абдулла II ва бош вазир Жоржа Мелони ҳамраислигида ташкил этилди. У Ғарбий Африкада терроризм ва экстремистик мафкурага қарши курашда халқаро мувофиқлаштиришни кучайтириш масалалари муҳокамасига бағишланган Ақаба жараёнининг иккинчи раунди бўлди.
Бахтиёр Саидов ўшанда Ўзбекистон тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни мустаҳкамлаш бўйича халқаро ҳамжамиятнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларига содиқ эканини тасдиқлаганди.
Gazeta.uz
