Евроиттифоқ Россиядан дезинформацияга қарши кураш стратегиясини ўзгартирмоқда

ЕИ мамлакатларининг Россия дезинформациясига қарши курашдаги янги ёндашуви фактчекингдан кўра аҳоли медиасаводхонлигига эътиборни кучайтиради.

Европа иттифоқи Россия томонидан тарқатилаётган дезинформацияга қарши кураш стратегиясини ўзгартирмоқда: энди фейкларни фош этиш (фактчекинг) ўрнига аҳоли медиасаводхонлигига таянади, деб хабар берди 4 март, чоршанба куни Франциянинг Le Monde газетаси. 

ЕИнинг бу янги йўналиши февраль охирида иш бошлаган Европа “Демократик барқарорлик маркази” (Centre de democratic resilience) фаолияти учун асос қилиб олинди. У марказ Россия ва бошқа режимлар томонидан амалга ошириладиган ахборот ҳужумларига Евроиттифоқ давлатларининг жавоб чораларини мувофиқлаштириш билан шуғулланади. Намуна сифатида Финландия танланган: у ерда аҳолига медиасаводхонлик бошланғич мактабданоқ ўргатилади ва у мамлакатда Европада ОАВ ҳамда давлат институтларига ишонч даражаси энг юқори, деб ёзади нашр.

Еврокомиссиянинг 2025 йилги ҳисоботига кўра, Россия ахборот таъсири нуқтаи назаридан Евроиттифоқда энг заиф мамлакат — Франция. Бунга сабаб сифатида аҳолининг психологик чарчаганлиги ва мамлакат ичидаги сиёсий қутбланиш келтирилади, деб ҳисоблайди Bruno Courtois — Cercle Pégase (дезинформацияга қарши курашга ихтисослашган таҳлилий марказ) координатори. 2021 йилдан буён Францияда Viginum номли инновацион давлат хизмати ишлайди — у хорижий рақамли аралашувга қарши кураш билан шуғулланади. Яқин орада мамлакатда ахборот манипуляцияларига қарши кураш академияси ҳам ташкил этилиши кутилмоқда.

Le Monde қайд этишича, Россия чет элдаги пропагандистик операциялар учун йилига тахминан 1,3 млрд евро сарфлайди. Евроиттифоқ эса 2025 йилда медиасаводхонликни ошириш ва дезинформацияга чидамлиликни кучайтириш учун бор-йўғи 5 млн евро ажратган.

Kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech