Яқин Шарқдаги уруш туфайли дунё бўйлаб кундалик маҳсулотлар нархи кўтариляпти
Яқин Шарқ билан боғлиқ можаро энергия нархи кескин ошишига олиб келди. Бунинг ортидан аллақачон бутун дунё бўйлаб дўконлардаги кундалик товарлар – озиқ-овқатдан маиший-кимёвий моддалар ва елим қадоқлаш нархигача таъсир кўрсатмоқда.
“Reuters” агентлиги маълумотига кўра, нефть ва газ нархи ошиши бутун таъминот занжирига таъсир кўрсатган. Натижада кимёвий моддалар, қадоқлаш унсурлари ва транспорт харажати ошмоқда. Бу эса товарларнинг якуний нархига бевосита таъсир қилади.
Мақолада саноат таҳлили келтирилган: Европада пластмасса ҳар йили 15 фоиздан қимматлашяпти, Шимолий Америкада полиэтилен нархи қарийб 30 фоиз кўтарилди. “NielsenIQ” ахбороти Қўшма Штатларда зиддиятнинг дастлабки ҳафталари кундалик товарлар ўртача нархи 2,9 фоиз ошгани, жумладан суюқ совун, таглик ва шишадаги сув қиймати кескин ошганини кўрсатмоқда.
Таъкидланишича, дунё миқёсида энг кўп елим идиш ишлаб чиқариладиган Осиё энг кўп зарар кўрган. Хитойда айрим пластмасса турлари нархи қарийб 40 фоиз кўтарилган. Қайта ишловчи корхоналар хом ашё етишмаслиги туфайли ишлаб чиқаришни аллақачон камайтирган.
Агентлик томонидан ўтказилган сўровда иқтисодчилар бундай таъсир узоқ муддат давом этишидан огоҳлантирмоқда. Низо барқарорлашгандан кейин ҳам аллақачон узилган таъминот занжири ва юқори харажат боис нарх-наво дарров аввалги даражага қайтиши эҳтимолдан йироқ.
С.Раҳимов, ЎзА
Ўзбекча
English
Русский