Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари доирасидаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишларини белгилаб берди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 октябрь куни Туркманистондаги “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этди.

Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида ўтган саммитда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ҳам қатнашди.

Кун тартибига мувофиқ, етакчилар долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашиб, Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболларини кўриб чиқдилар.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида сўнгги йилларда Марказий Осиёда юз берган ижобий ўзгаришларни қайд этди. Ўзбекистон етакчиси таъкидлаганидек, бунда Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари муҳим ўрин тутди.

Президентимиз Марказий Осиёни XXI асрда ривожлантириш мақсадида дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани тузиш жараёни якунланганининг тарихий аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

Минтақавий жараён доирасида катта ва мураккаб тузилмаларни ташкил этишга интилиш йўқлиги қайд этилди.

– Бизга кучли, суверен ва мустақил давлатлар ўзаро ҳурмат, ишонч ва прагматизм асосида ҳамкорлик қиладиган мослашувчан ва тушунарли формат керак, – деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Шундан сўнг Ўзбекистон етакчиси Марказий Осиё мамлакатлари яқинлашаётган ҳозирги мураккаб халқаро вазиятга қисқача баҳо берди.

– Дунё шиддат билан ўзгариб, кескинлик кучаймоқда, савдо ва транспорт алоқалари қайта шаклланмоқда, янги хатарлар пайдо бўлмоқда, – деди давлатимиз раҳбари.

Шу боис, ҳамкорликнинг энг муҳим йўналишлари бўйича келгусидаги қўшма фаолиятни янада яқинроқ мувофиқлаштириш аҳамияти кўрсатиб ўтилди.

Аввало, тарихий, иқтисодий ва транспорт алоқалари мавжуд минтақалар билан ягона ҳамкорлик маконини шакллантириш ғояси илгари сурилди. Пайдо бўлаётган имкониятлардан фойдаланиб, бу алоқаларни анча мустаҳкамлаш ҳамда савдо, транспорт, энергетика, саноат ва янги технологияларни биргаликда ривожлантириш бўйича аниқ мазмун билан бойитиш зарурлиги таъкидланди.

Ушбу масалаларни келгуси йили Тошкентда ўтказиладиган “Тинчлик ва барқарор ўзаро боғлиқлик йўлида минтақалараро мулоқот: Марказий Осиё ёндашуви” халқаро конференциясида батафсил муҳокама қилиш таклиф этилди.

Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ишларини давом эттириш орқали минтақавий мулоқот асосларини мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.

Иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

– Биз ўзаро савдо ва инвестицияларни кўпайтириш бўйича олдимизга жиддий мақсадлар қўйганмиз. Энди бу ўсиш қайси манбалар ҳисобидан таъминланишини белгилаб олишимиз керак, – деди Ўзбекистон етакчиси.

Йирик лойиҳаларни тезроқ ишга туширишга хизмат қиладиган қўшма саноат ва технологик занжирлар, умумий рақамли хизматлар ҳамда инвестиция механизмларини шакллантириш вазифалари белгилаб берилди.

– Биз бир-биримиз билан оддий савдо қилишнинг ўзи етарли бўлмай қолган босқичга етиб келдик. Якуний маҳсулотни биргаликда яратишимиз керак. “Олти иқтисодиёт – битта маҳсулот” формуласи биз интилишимиз лозим бўлган мақсад моҳиятини яхши ифодалайди, – деди Президентимиз.

Ушбу йўналишни ривожлантириш учун 2027 йилда Хивада Марказий Осиё ва Озарбайжон бизнес форумини ўтказиш, шунингдек, қўшма инвестиция лойиҳаларини молиявий-техник қўллаб-қувватлаш бўйича махсус платформани ташкил этиш таклиф қилинди.

Савдо ва инвестициялар вазирлари кенгашига Ашхободдаги навбатдаги йиғилишида бу масалани батафсил кўриб чиқишни топшириш зарурлиги қайд этилди.

Шундан сўнг минтақа мамлакатларининг замонавий транспорт-логистика тармоғи орқали ўзаро боғлиқлигини ривожлантириш аҳамияти таъкидланди.

– Биз глобал савдонинг асосий қуруқлик йўналишларидан бирига ва айни пайтда йирик иқтисодий фаоллик марказига айланишимиз мумкин. Бироқ бунинг учун автомобиль ва темир йўллар қуришнинг ўзи етарли эмас. Транспорт инфратузилмасини ривожлантиришда умумий ёндашув зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йирик лойиҳалар ягона тизим сифатида ишлаши учун уларни мувофиқлаштириш зарурлигига эътибор қаратилди.

– Янги транспорт йўлаклари бўйлаб ишлаб чиқариш корхоналари, логистика ва хизмат кўрсатиш объектлари, саноат зоналари пайдо бўлиши керак. Шунда транспорт йўналиши ўз атрофида иқтисодий фаолликни юзага келтириб, у ўтадиган ҳар бир давлатга анча катта самара келтиради, – деди давлатимиз раҳбари.

Шу мақсадда Инфратузилмани ривожлантириш бўйича кенгашни ташкил этишни тезлаштириш ва унинг биринчи йиғилишини Ўзбекистонда ўтказиш таклиф қилинди.

Энергетика соҳасига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Минтақа углеводородлардан тортиб, гидроэнергетика, қуёш ва шамол генерациясигача бўлган турли ресурслар ва катта салоҳиятга эга экани қайд этилди.

“Яшил” ривожланишнинг аҳамиятини ҳисобга олиб, паст углеродли энергетика салоҳияти бўйича қўшма концепцияни тайёрлаш ташаббуси илгари сурилди. Бу янги генерация қувватларини қуриш, замонавий энергия сақлаш тизимларини ривожлантириш ва янги энергетика йўлакларини яратиш бўйича ишларни яхшироқ мувофиқлаштириш имконини беради.

Сув ресурслари ва иқлим ўзгариши ҳам биргаликда ечим топишни талаб қиладиган йўналишлар сифатида кўрсатилди. Замонавий рақамли мониторинг тизимларини жорий этиш, ирригация тармоқларини модернизация қилиш ва сув тежовчи технологиялардан кенг фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллигини эълон қилишга доир умумий ташаббусни тўлиқ рўёбга чиқаришга чақирилди.

Келгуси йили Ўзбекистон Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик қилишини инобатга олиб, жамғарма фаолияти самарадорлигини ошириш, янги экологик лойиҳаларни ишга тушириш ва қўшимча молиялаштиришни жалб этиш бўйича устувор вазифалар тақдим этилди.

Афғонистон билан сув ресурсларидан фойдаланиш масалалари юзасидан минтақа барча мамлакатларининг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда доимий ва предметли мулоқотни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳавонинг ифлосланиши минтақа мамлакатлари шаҳарлари учун жиддий муаммолардан бири экани таъкидланди. Бунга жавобан Ўзбекистон илгари сурган “Марказий Осиё тоза ҳавоси” халқаро консорциуми фаолиятини минтақа мамлакатларидаги саноат зоналари, агрокластерлар ва транспорт узелларини экологик модернизация қилиш бўйича пилот дастурдан бошлаш таклиф этилди.

Аҳамияти тобора ортиб бораётган яна бир йўналиш – муҳим минераллар. Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилаётган Муҳим минераллар бўйича минтақавий альянсни шакллантириш ишларини фаоллаштириш, дастлабки қадамлардан бири сифатида Марказий Осиёдаги муҳим минераллар захираларининг ягона рақамли харитасини яратиш таклиф қилинди.

Навбатдаги йирик масалалар мажмуи технологик тараққиётга бағишланди.

– Сунъий интеллект ва катта маълумотлар билан ишлаш саноат, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, таълим ва давлат бошқарувини аллақачон ўзгартирмоқда. Иқтисодиётларимизнинг унумдорлиги ва келажакда рақобатлаша олиши кўп жиҳатдан шу технологияларга боғлиқ бўлади, – деди Президентимиз.

Шу муносабат билан минтақа мамлакатлари имкониятларини бирлаштириш ва ўзаро боғланган миллий маълумотлар марказлари тармоғига асосланадиган умумий ҳисоблаш инфратузилмасини яратишни бошлаш таклиф этилди.

Одамлар минтақанинг келажагини белгиловчи энг муҳим омил экани таъкидланди.

– Мамлакатларимиз катта демографик салоҳиятга эга. Аҳоли сони ўсмоқда, ёшлар кўпаймоқда. Ўн, йигирма, ўттиз йилдан кейин минтақа иқтисодиёти қандай бўлиши кўп жиҳатдан уларнинг таълими ва касбий тайёргарлиги сифатига боғлиқ, – деди давлатимиз раҳбари.

Келгусида минтақа мамлакатлари иқтисодиётига қандай мутахассислар керак бўлишини таҳлил қилиш асосида талаб юқори бўлган касблар ва компетенцияларнинг минтақавий атласини ишлаб чиқиш таклиф этилди. Унда бугуннинг ўзида мутахассислар етишмаётган ва яқин йилларда талаб ортиши кутилаётган йўналишлар бўйича прогнозларни жамлаш назарда тутилмоқда.

Шу асосда университетлар ва профессионал таълим муассасалари иқтисодиётнинг ҳақиқий эҳтиёжларини олдиндан ҳисобга олиб, саноат, транспорт, энергетика, рақамли технологиялар ва бошқа тармоқлардаги йирик лойиҳалар учун кадрлар тайёрлай олади.

Президент Шавкат Мирзиёев сўзининг якунида сўнгги йилларда кўп нарсага эришилганини таъкидлади. Энди бу ютуқларни мустаҳкамлаш ва минтақавий ҳамкорликни ўн йиллар давомида барқарор ривожланадиган тизимга айлантириш муҳим.

– Формула оддий: ҳамжиҳатлик ва ишонч – тараққиёт ва хавфсизлик йўлида. Биз келгуси авлодларга қандай минтақани қолдиришимиз учун масъулмиз. У тинч, хавфсиз, иқтисодий жиҳатдан кучли бўлиши, одамларга муносиб яшаш, ишлаш, ўқиш ва фарзанд тарбиялаш имкониятини бериши керак, – деди Ўзбекистон Президенти.

Саммитда Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон етакчилари ҳам сўзга чиқдилар. Давлат раҳбарлари учрашув якунлари бўйича Қўшма баёнотни қабул қилдилар ҳамда бир қатор кўп томонлама тартибга солувчи ҳужжатларга оид қарорни имзоладилар.

ЎзА 

Nashr sanasi 08.10.2026 Ko'rishlar 33
Ulashish