Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, "Тадбиркорларимиз қанча бой бўлса, халқимиз шунча фаровон яшайди, давлатимиз шунча қудратли бўлади. Тадбиркорнинг ютуғи – бу бутун халқимизнинг ютуғи". Бинобарин, инсон манфаатларини таъминлашда миллий иқтисодиётнинг юксак суръатлар билан барқарор ривожланиши катта аҳамиятга эга.
Бу ҳақда фикр юритганда, даставвал, бугунги глобал иқтисодиётда корхонанинг рақобатбардошлиги фақат маҳсулот нархи, сифати ёки ишлаб чиқариш ҳажми билан ўлчанмаслигига эътибор қаратиш лозим. Инвестор, харидор ва жамият тобора кўпроқ яна бир саволни қўймоқда: маҳсулот қандай меҳнат шароитида, қай даражада экологик ва ижтимоий масъулият билан, инсон қадр-қимматига қай даражада ҳурмат асосида яратилди?
Шу маънода, “бизнес ва инсон ҳуқуқлари” масаласи Янги Ўзбекистон учун ҳам ҳуқуқий сиёсат, ҳам экспорт рақобатбардошлиги, ҳам инвестиция муҳити, ҳам ижтимоий адолат масаласига айланмоқда.
Янги иқтисодий муносабатларда инсон ҳуқуқлари мезони
Пойтахтимизда 2026 йил 9 ноябрь куни ўтказилган Янги Ўзбекистонда «Бизнес ва инсон ҳуқуқлари» бўйича биринчи Миллий мулоқот ушбу соҳада сифат жиҳатидан янги босқич бошланаётганини кўрсатди. Айни мулоқотга давлат органлари, парламент, ишчилар ва иш берувчилар ташкилотлари, тадбиркорлар, илмий муассасалар, фуқаролик жамияти ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари фаол иштирок этганининг ўзиёқ бу долзарб масаланинг кўлами бирор идора ёки тармоқ доираси билангина чекланиб қолмаслигидан давлолатдир.
Биринчи миллий мулоқотда айнан масъулиятли бизнес юритиш, таъминот занжирлари, давлатнинг ҳимоя қилиш мажбурияти ва компанияларнинг инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш масъулияти асосий масалалар сифатида муҳокама қилингани тасодифий эмас. Чунки БМТнинг “Бизнес ва инсон ҳуқуқлари бўйича раҳбарий тамойиллари” 2011 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш томонидан маъқулланган бўлиб, бугун давлатлар ва компаниялар учун глобал меъёрий мўлжал вазифасини бажармоқда.
Тўғри, мазкур Раҳбарий тамойиллар алоҳида халқаро шартнома сифатида юридик мажбурий ҳужжат эмас. Аммо ушбу ҳужжатда мавжуд халқаро инсон ҳуқуқлари стандартларининг давлат ва бизнес фаолиятига татбиқи тизимли равишда ифода этилгани жуда муҳим.
Ушбу тизим машҳур уч устун — “ҳимоя қилиш, ҳурмат қилиш ва ҳуқуқни тиклаш” тамойилига асосланади.
Биринчи устун, давлат инсонларни бизнес субъектлари томонидан содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлардан ҳимоя қилиши керак.
Иккинчи устун, бизнес корхоналари инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, ўз фаолиятининг реал ва эҳтимолий салбий таъсирини аниқлаш, олдини олиш ва юмшатиш учун зарур даражадаги текширув механизмларини жорий этиши лозим.
Учинчи устун, ҳуқуқи бузилган шахс суд ёки самарали суддан ташқари механизм орқали ҳуқуқини тиклаш имкониятига эга бўлиши шарт. Шу нуқтаи назардан қараганда, бизнес ва инсон ҳуқуқлари — корпоратив хайрия ёки ижтимоий имиж масаласи эмас. Бу, аввало, ҳуқуқий хавфларни бошқариш тизимидир.
Бошқача айтганда, корхона инсон ҳуқуқларига таъсирини олдиндан кўра билиши, таъминотчиларини баҳолаши, ходимлар ва маҳаллий жамоаларнинг мурожаатларини эшитиш механизмларига эга бўлиши ва салбий оқибат юзага келган тақдирда уни бартараф этишда иштирок этиши керак.
Янги Ўзбекистон: ислоҳотлардан – институционал тизим сари
Мамлакатимизда ушбу йўналишни шакллантириш учун муайян ҳуқуқий ва институционал замин яратилган. Парламент Омбудсмани, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, меҳнат инспекцияси ва бошқа тузилмалар орқали ҳуқуқларни ҳимоя қилиш имкониятлари мавжуд.
Шу билан бирга, 2026 йилги Миллий базавий баҳолашнинг муҳим хулосаси шундан иборатки, бу унсурлар ҳали ягона, ўзаро боғланган миллий бизнес ва инсон ҳуқуқлари тизимига тўлиқ бирлаштирилмаган. Шунинг учун қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва ишлаб чиқаришда меҳнат ҳуқуқлари, экологик таъсир ҳамда маҳаллий жамоалар билан боғлиқ хавфлар ҳозирча сақланиб қолмоқда.
Ўзбекистоннинг пахта соҳасидаги тажрибаси мазкур соҳада институционал ислоҳот натижа бериши мумкинлигининг ёрқин мисолларидан биридир. Халқаро меҳнат ташкилотининг 2021 йилги учинчи томон мониторинги 2021 йил пахта мавсумида тизимли болалар меҳнати ва тизимли мажбурий меҳнат барҳам топганини, теримчиларнинг 99 фоизи ихтиёрий меҳнат қилганини қайд этди.
Шу натижалардан сўнг Cotton Campaign коалицияси 2022 йил 10 мартда ўзбек пахтасига нисбатан глобал бойкотни бекор қилди. ХМТ бу қарорни давлат, ишчилар ва иш берувчилар ташкилотлари, фуқаролик жамияти ҳамда халқаро ҳамкорларнинг узоқ муддатли саъй-ҳаракатлари билан боғлади.
Бу ютуқ кейинги мониторинг заруратини бекор қилмаслиги табиийдир. ХМТнинг стандартларни қўллаш бўйича экспертлар қўмитаси 2024 йилда қабул қилинган ва 2025 йилда эълон қилинган кузатувида тизимли мажбурий меҳнат бартараф этилганини эътироф этар экан, айрим маҳаллий мажбурлаш ҳолатлари, кластерлар фаолиятидаги хавфлар ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини янада кучайтириш заруратини ҳам қайд этган.
Демак, ислоҳотнинг янги босқичи “муаммо ҳал қилинди” деган формуладан эмас, балки “эришилган натижани институционал кафолатга айлантириш” тамойилидан келиб чиқиши лозим.
Миллий ҳаракатлар режаси: мақомни аниқ белгилаш муҳим
Бу ўринда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази яқинда БМТ раҳбарий тамойилларини амалга оширишга қаратилган Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳасини ишлаб чиққанини таъкидлаш лозим. Лойиҳа давлат ташкилотлари, давлат ва хусусий корхоналар ҳамда фуқаролик жамияти таклифларини ҳисобга олган ҳолда тайёрланди.
Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳасида тўрт йўналиш — давлатнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мажбурияти, корпоратив жавобгарлик, жамият хабардорлигини ошириш ва самарали ҳуқуқий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш истиқболлари назарда тутилган. Яъни, лойиҳа БМТнинг уч устунли концепциясини миллий институционал механизмларга мослаштиришга қаратилган.
Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳасида давлат компаниялари учун инсон ҳуқуқлари бўйича қўлланма тайёрлаш, давлат хизматчиларини БМТ тамойиллари бўйича ўқитиш, ўрта ва йирик инвестиция шартномаларининг инсон ҳуқуқларига таъсирини баҳолаш, рақамли платформа яратиш, шикоятлар учун ишонч телефонлари ва онлайн каналларни кенгайтириш каби чоралар кўзда тутилган. Шунингдек, вазирликлар, Савдо-саноат палатаси ва касаба уюшмалари иштирокида Миллий комиссия ташкил этиш, унинг ишчи органи сифатида Миллий марказни белгилаш таклиф этилган.
Бундай режанинг қиймати унинг номи билан эмас, аниқ индикаторлар, масъул идоралар, муддатлар, бюджет манбалари, мониторинг ва жамоатчилик ҳисобдорлиги билан ўлчанади.
БМТнинг Бизнес ва инсон ҳуқуқлари бўйича ишчи гуруҳи миллий ҳаракатлар режаларини ишлаб чиқишда давлат сиёсатини мувофиқлаштириш, очиқ ва инклюзив жараён, аниқ устуворликлар, доимий мониторинг ва кўп томонлама мулоқот механизмларини муҳим шарт сифатида кўрсатган. Шу маънода, Миллий базавий баҳолаш навбатдаги босқич учун “муаммолар рўйхати” эмас, балки келгуси режанинг далилларга асосланган бошланғич нуқтаси бўлиши керак.
Инсон ҳуқуқлари – иқтисодий рақобат омили
Ўзбекистоннинг бизнес ва инсон ҳуқуқлари кун тартиби жаҳон бозоридаги ўзгаришлардан ажралган ҳолда қаралиши мумкин эмас. Мамлакатимиз ҳозир Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш музокараларининг ҳал қилувчи босқичида турибди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон 2026 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (ИҲТТ) Халқаро инвестициялар ва трансмиллий корхоналар тўғрисидаги декларациясига қўшилиш учун мурожаат қилди. Бу жараённинг мазмуни фақат инвестиция либераллашувидан иборат эмас.
Гап шундаки, ИҲТТнинг масъулиятли бизнес юритиш стандартлари инсон ҳуқуқлари, меҳнат, атроф-муҳит, коррупцияга қарши кураш, ошкоралик ва таъминот занжирларида лозим даражадаги текширув каби масалаларни яхлит бир тизимда кўради. Ушбу Ташкилотнинг Ўзбекистон учун инвестиция сиёсати бўйича йўл харитаси ҳам мамлакатнинг глобал қиймат занжирларидаги иштирокини кучайтириш учун масъулиятли бизнес юритиш стандартлари аҳамиятини алоҳида таъкидлайди.
Аслида, бизнес ва инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳуқуқий тизимнинг ҳақиқий самарадорлиги ҳужжатлар сони билан эмас, ҳуқуқи бузилган шахснинг амалда ўз ҳуқуқини тиклай олиши билан баҳоланади. БМТ раҳбарий тамойилларига кўра, давлатлар суд, маъмурий, қонунчилик ёки бошқа тегишли чоралар орқали бизнес фаолияти натижасида жабрланган шахслар учун самарали ҳимоя воситаларини таъминлаши керак. Компаниялар эса ўзи салбий таъсир келтириб чиқарган ёки унга ҳисса қўшган ҳолларда ҳуқуқни тиклаш жараёнида иштирок этиши лозим. Шу сабабли келгуси миллий сиёсатда “шикоят бериш имконияти мавжуд” деган формал мезон етарли эмас. Механизм тушунарли, арзон, хавфсиз, тезкор, мустақил ва ижроси таъминланадиган бўлиши керак.
Муайян корхона даражасида бизнес ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги масаланинг муҳокамаси суд ўрнини босмаслиги, балки муаммони илк босқичда аниқлаш, ходимлар, жамоалар ва компания ўртасида мулоқот ўрнатишга хизмат қилиши лозим. БМТ тамойиллари ҳам компанияларни ҳуқуқий ҳимоянинг суддан ташқари легитим механизмларини ташкил этиш ёки уларда иштирок этишга ундайди.
Янги Ўзбекистон шароитида бу борада, хусусан:
-
меҳнат инспекциясининг институционал салоҳиятини кучайтириш;
-
суд ва суддан ташқари механизмлар ўртасида мувофиқликни таъминлаш;
-
давлат корхоналарида намунавий инсон ҳуқуқлари сиёсати ва шикоят механизмларини жорий этиш;
-
катта инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларида инсон ҳуқуқларига таъсирни олдиндан баҳолаш;
-
фуқаролик жамияти, касаба уюшмалари ва маҳаллий жамоаларнинг қарорлар қабул қилишдаги иштирокини реал механизмга айлантириш каби устувор вазифалар алоҳида аҳамиятга эга.
Бу йўналишларнинг катта қисми Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳасида ҳам акс этган.
Миллий модель келажаги: “масъулиятли бизнес”дан – “ҳуқуққа асосланган иқтисодиёт”га
Ўзбекистонда бизнес ва инсон ҳуқуқлари бўйича биринчи Миллий мулоқотнинг энг муҳим натижаси — янги атаманинг муомалага киритилгани эмас. Асосий натижа шундаки, иқтисодий сиёсат, меҳнат муносабатлари, инвестиция, экспорт, экологик масъулият ва инсон ҳуқуқлари бир-биридан алоҳида йўналишлар эмаслиги тобора равшанлашмоқда.
Миллий базавий баҳолаш соҳада зарур институтлар мавжудлигини, бироқ улар ҳали яхлит тизимга бирлашмаганини кўрсатди. Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси эса ана шу бўшлиқни тизимли сиёсат билан тўлдиришга қаратилган амалий саъй-ҳаракатлар мажмуидир.
Келгуси босқичда айни йўналишда қуйидаги 3 та вазифа ҳал қилувчи аҳамият касб этади, деган фикрдамиз.
Биринчи вазифа — бизнес ва инсон ҳуқуқлари талабларини меҳнат, инвестиция, давлат харидлари, экология, корпоратив бошқарув ва экспорт сиёсатига изчил интеграция қилиш.
Иккинчи вазифа — давлат компаниялари ва йирик хусусий бизнесдан бошлаб инсон ҳуқуқлари бўйича due diligence амалиётини босқичма-босқич жорий этиш, яъни, содда қилиб айтганда, ўзаро битимлар тузиш, бизнесни сотиб ё қўшиб олиш ёки инвестиция киритиш жараёнларидан олдин тегишли компаниялар, активлар ёхуд лойиҳаларни инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан комплекс текширишни йўлга қўйиши тақозо этилади.
Учинчи вазифа — суд ва суддан ташқари ҳимоя механизмларини шундай ривожлантириш керакки, инсон ҳуқуқларига риоя қилиш корпоратив шунчаки қуруқ ҳисоботга эмас, амалий мажбуриятга айлансин. Бу ёндашув БМТ ва ИҲТТ стандартларининг умумий мантиғига тўла мос келади.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги янги даврга хос замонавий бозорда инсон ҳуқуқлари билан иқтисодий самарадорликни бир-бирига қарама-қарши қўйиш эскича ёндашув эканлиги тобора яққол тасдиғини топиб бормоқда. Зеро, инсон қадр-қимматини ҳурмат қилишга қаратилган ишлаб чиқариш — фақат ижтимоий масъулият эмас.
Бу, шунингдек, барқарор таъминот занжири, ишончли инвестиция муҳити, юқори меҳнат унумдорлиги, экспорт бозорларига кириш ва давлатга нисбатан ишончнинг муҳим шарти ҳамдир. Эндиликда вазифа ана шу тажрибани алоҳида бир тармоқдан бутун иқтисодиётга кўчиришдан иборат.
Шунда “бизнес ва инсон ҳуқуқлари” ибораси халқаро кун тартибидан олинган навбатдаги концепция бўлиб қолмайди. У Янги Ўзбекистон иқтисодий моделида инсон қадри, қонун устуворлиги ва рақобатбардош тараққиётни бирлаштирадиган ҳуқуқий мезонга айланади.
Акмал Саидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази
директори, академик
"Kuch - adolatda" газетасининг 2026 йил 20 ноябрдаги 46-сони
