ВЕЛОСИПЕД: соғлиқ, тежамкорлик ва тоза ҳаво
Бугун шаҳар кўчаларида велосипедчилар сони тобора ортиб бормоқда. Бу тасодиф эмас. Дунёнинг ривожланган мамлакатларида велосипед аллақачон шаҳар транспорт тизимининг муҳим қисмига айланган. “Ақлли шаҳар”ларда махсус велойўлаклар, велотураргоҳлар ва ижара хизматлари мисолида велосипеддан кундалик фойдаланиш учун қулай шароитлар яратилмоқда.
Табиийки, савол туғилади: биз ҳам шундай маданиятни шакллантира оламизми?
Ҳар йили 3 июнда Бутунжаҳон велосипед куни нишонланади. Бу сана нафақат спорт ёки дам олиш воситаси сифатидаги велосипедни тарғиб қилиш, балки ҳаёт тарзимиз ҳақида яна бир бор ўйлаб кўриш имконияти ҳамдир.
Велосипеднинг кашф этилиши тарихи XIX аср бошларига бориб тақалади. Икки асрдан зиёд вақт мобайнида унинг конструкцияси такомиллашиб, инсон эҳтиёжларига мослашиб келди. Бугунги кунда велосипед спорт, саёҳат, дам олиш ва кундалик қатнов воситаси сифатида кенг қўлланилмоқда. Айниқса, ривожланган давлатларда велосипед маданияти юқори даражада шаклланган бўлиб, кўплаб шаҳарларда махсус инфратузилма яратилган.
Мутахассислар велосипед ҳайдашни жисмоний фаолликнинг энг самарали турларидан бири сифатида баҳолайдилар. Мунтазам велосипед ҳайдаш юрак-қон томир тизимини мустаҳкамлайди, мушакларни чиниқтиради, нафас олиш фаолиятини яхшилайди ва ортиқча вазндан халос бўлишга кўмаклашади. Шу билан бирга, велосипед сайри стресс ва руҳий чарчоқни камайтириб, кайфиятни кўтаради. Қисқача айтганда, ҳар куни ярим соат велосипед ҳайдаш саломатликни сақлашнинг энг оддий, арзон ва самарали усулларидан биридир.
Бугун атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб. Ҳавонинг ифлосланиши, транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли газлар ва иқлим ўзгариши бутун инсоният олдида турган жиддий муаммолардир. Велосипед эса экологик жиҳатдан энг тоза транспорт воситаларидан бири ҳисобланади. У ёнилғи талаб қилмайди ва атмосферага зарарли чиқиндилар чиқармайди. Шунинг учун автомобиль ўрнига велосипеддан фойдаланиш табиатни муҳофаза қилишга қўшилган амалий ҳисса ҳисобланади.
Велосипеднинг иқтисодий афзалликлари ҳам кам эмас. Уни харид қилиш, таъмирлаш ва сақлаш харажатлари бошқа транспорт воситаларига нисбатан анча арзон. Ёнилғи, суғурта ёки транспорт тирбандликлари билан боғлиқ муаммолар сизни безовта қилмайди. Шу боис велосипед қулай ва иқтисодий жиҳатдан оқилона танловдир.
Мамлакатимизда ҳам велосипед маданияти босқичма-босқич ривожланиб бормоқда. Шаҳарларда янги велойўлаклар қурилмоқда, веломарафонлар ва оммавий велосайрлар ташкил этилмоқда.
Айниқса, ёшлар ўртасида велосипедга қизиқиш ортиб бораётгани ижобий ҳолатдир. Бу жараён шаҳарларимизни янада соғлом, тоза ва яшаш учун қулай муҳитга айлантиришга хизмат қилади.
Агар сиз ҳали велосипедни кундалик ҳаётингизнинг бир қисмига айлантирмаган бўлсангиз, бугундан бошлашингиз мумкин. Яқин масофаларга, масалан, бозорга, ўқишга ёки ишга боришда велосипеддан фойдаланиб кўринг. Кичик қадамлар катта ўзгаришларга олиб келади.
Велосипед ҳайдаш орқали инсон нафақат ўз саломатлигини мустаҳкамлайди, балки келажак авлодлар учун тозароқ ва барқарор муҳитни сақлашга ҳам ҳисса қўшади.
Велосипедни танланг – бу ҳаётингиздаги фойдали қарорлардан бири бўлиши аниқ.
Лазизбек ХОЛИҚУЛОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали таҳририяти бўлим бошлиғи
Ўзбекча
English
Русский