Ошкоралик ва сўз эркинлиги – давр талаби

3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги куни

 

БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1993 йилда 3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги куни деб эълон қилингани бежиз эмас. Чунки 1991 йил 3 май куни Намибияда Мустақил ва плюралистик Африка матбуотини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги Виндхук декларацияси қабул қилинган бўлиб, мазкур Декларацияда баён этилган матбуот эркинлигини таъминлашга доир талаблар шу халқаро сананинг таъсис этилишига туртки бўлган.

Бундан кўзланган асосий мақсад – ахборот эркинлиги тамойилларини илгари суриш, дунёнинг барча минтақаларида ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги ҳолатига баҳо бериш, журналистлар эркинлиги ва мустақиллигига тажовузларнинг олдини олиш, касбий бурчини бажараётганда ҳалок бўлган журналистларни ёд этиш, уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлашдан иборат. Зеро, бу кун ҳар бир инсон, матбуотдан, оммавий ахборот воситаларидан фақат ишончли маълумот олиш ҳуқуқига эга эканлигини ёдга солади.

Байрамнинг асосий вазифаси — камситиш ғоясини қўллаб-қувватламайдиган ва тарғиб қилмайдиган, ОАВ ахбороти билан танишиб борадиган инсонларда адоват ва тажовузкорлик ҳиссини уйғотмайдиган эркин нашрлар ҳақидаги тушунчани ривожлантиришдир. Ҳар йили 3 май куни ҳар бир инсон сўз ва матбуот эркинлиги ўзи учун нимани англатишини ҳамда бу эркинликнинг умуман муҳим ёки муҳим эмаслигини ўйлаб кўриши учун қулай имконият саналади.

Ҳар йили 3 май куни ЮНЕСКО эркин матбуот ривожига энг катта ҳисса қўшган шахсларга мукофот тақдим этади. Ушбу фахрий мукофот журналистларга ҳам, уларнинг мухлисларига ҳам топширилиши мумкин. Бинобарин, 3 май – матбуот тақдирига бефарқ бўлмаган, фақат ишончли маълумотларни олишни хоҳлайдиган ва жамоатчиликка ҳақиқатни етказадиган одамлар меҳнатини қадрлайдиган барчанинг байрамидир.

Матбуот эркинлиги – демократия ва адолатнинг тамал тоши. Аммо, ҳозирги кунда бутун дунёда матбуот эркинлиги турли тажовузларга дучор бўлмоқда. Ёлғон ахборот (дезинформация) ва нафрат тили таъсирида далиллар ва уйдирмалар, илм-фан ва фитна (конспирология) назариялари ўртасидаги чегаралар йўқолиб бормоқда. Шунингдек, журналистлар пўписа, таъқиб ва зўравонликларга учрамоқда.

Шу нуқтаи назардан, ЮНЕСКО томонидан дунёнинг ўнлаб мамлакатларида журналистларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича тренинглар ўтказилаётгани жуда муҳим. Бу борада бир қанча халқаро ташкилотлар, жумладан, Халқаро прокурорлар ассоциацияси билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

Шунга қарамай, бу галги халқаро сана бир қадар ташвиш ва хавотирлар билан кутиб олинмоқда, назаримизда. Зеро, «Чегара билмас мухбирлар» (RSF) халқаро ташкилоти эълон қилган янги ҳисоботга кўра, дунёда матбуот эркинлиги сурункали равишда ёмонлашиб бормоқда ва бу тенденция халқаро ҳамжамият учун жиддий хавф сифатида баҳоланмоқда.

RSF ҳисоботига қараганда, жорий йилда дунёда матбуот эркинлиги сўнгги 25 йилдаги энг ёмон ҳолатга тушган. Индекс муаллифлари маълум қилишича, мамлакатларнинг ўртача рейтинги тарихий минимумга яқинлашган.

Ҳисоботда таъкидланишича, дунё мамлакатларининг 52,2 фоизида вазият «мураккаб» ёки «жуда мураккаб» деб баҳоланган. Ташкилот журналистларга нисбатан жиноий таъқиблар, миллий хавфсизлик қонунларининг суиистеъмол қилиниши, суд орқали босим ўтказиш ва журналистик текширувларга тўсиқлар кучайиб бораётганини қайд этган.

Ҳисоботга кўра, журналистлар учун энг хавфли ҳудудлар сифатида Шарқий Европа ва Яқин Шарқ кўрсатилган. Шу билан бирга, Ғазо секторида 2023 йил октябридан бери 220 дан ортиқ журналист ҳалок бўлгани қайд этилган. Улардан камида 70 нафари ўз касбий фаолиятини бажараётган пайтда ўлдирилгани айтилмоқда.

Ҳисоботда ҳуқуқий муҳитнинг ёмонлашгани алоҳида қайд этилган. Бу кўрсаткич 60 фоиздан ортиқ мамлакатда пасайган. Жумладан, Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазиятга 100 баллдан 35,24 балл берилган бўлиб, бу – ўтган йилгидан бироз камроқ кўрсаткич. Айни чоғда, Ўзбекистон янги рейтингда ўрнини бир поғонага яхшилаган ва 147-ўринни эгаллаган.

Бошқача айтганда, мазкур рейтингда АҚШ 64-ўринга тушиб, сўнгги йилда 7 позицияга пасайган ва Россиянинг бу борадаги кўрсаткичлари сўнгги бир йилда яна пасайиб, 172-ўринга тушган бир шароитда Ўзбекистон бир поғонага кўтарилгани умидбахш истиқболлардан далолат беради. Бундай умидбахшликнинг замирида қандай омиллар мужассам, деган савол туғилиши мумкин.

Биринчидан. дунёда, шу жумладан, Ўзбекистонда матбуот эркинлиги ҳолати билан боғлиқ юқоридаги каби танқидий-таҳлилий маълумотлар мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида очиқ эълон қилинмоқда ва жамоатчилик томонидан эмин-эркин муҳокама этилмоқда (қаранг: https://xabar.uz/xorij/dunyoda-matbuot-erkinligi-eng-past-darajaga-tushdi-ozbekiston; яна қаранг:  https://kun.uz/kr/news/2026/04/30/matbuot-erkinligi-indeksi-ozbekistondagi-vaziyat-juda-jiddiyligicha-qolmoqda ).

Иккинчидан. Мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳалари қатори матбуот эркинлигини таъминлаш борасида ҳам изчил ва қамровдор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда Жаҳон матбуот эркинлиги кунини белгилашга асос бўлган Виндхук декларацияси қоидаларига ҳам таянилаётгани табиийдир.

Виндхук декларациясининг 1-бандида қайд этилишича, “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 19-моддасига мувофиқ мустақил, плюралистик ва эркин матбуотни таъсис этиш, қўллаб-қувватлаш ва кучайтириш миллат демократиясини ва иқтисодий тараққиётини ривожлантириш ҳамда рағбатлантиришда алоҳида аҳамият касб этади”.

Бизнинг бу борадаги ёндашувимиз ҳам айнан шундай. Яъни, сўз ва матбуот эркинлиги – Янги Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналишидир. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Аччиқ ва танқидий материаллар жойлардаги кўплаб амалдорларга ёқмаслиги, уларнинг тинчини ва ҳаловатини бузаётгани ҳам бор гап. Лекин ошкоралик ва сўз эркинлиги бу – давр талаби, бу – Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг талаби.

Учинчидан. Виндхук декларациясининг 2-бандига кўра: “Мустақил матбуот, деганда биз давлатдан, сиёсий ва иқтисодий назоратдан, газеталар, журналлар ва даврий нашрлар ишлаб чиқариш ва тарқатиш учун зарур материаллар ҳамда инфратузилмалар устидан назорат ўрнатилишидан мустақил бўлган матбуотни тушунамиз”.

Бу ҳақда сўз борганда, авваламбор, Виндхук декларациясида тилга олинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қоидалари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида тўла ўз аксини топганини таъкидлаш лозим. Кейинги даврда мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши учун ҳуқуқий асослар янада кучайтирилди.

Хусусан, халқимиз 2023 йил 30 апрель куни референдумда овоз берган янги таҳрирдаги Конституцияда учта йўналишда: биринчидан,  ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини кенгайтириш; иккинчидан, оммавий ахборот воситалари эркинлигини янада мустаҳкамлаш; учинчидан, оммавий ахборот воситаларига фуқаролик жамиятининг асосий институтларидан бири сифатида конституциявий мақом тақдим этилиши тимсолида сўз эркинлиги ҳар томонлама кафолатланди.

Эндиликда янги таҳрирдаги Конституциянинг 33-моддасига мувофиқ:

“Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга.

Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга.

Давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади.

Ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни  чеклашга фақат қонунга мувофиқ ҳамда фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, шунингдек  давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор  этилишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлган доирада йўл қўйилади”.

Эътибор беринг: янги нормалар билан ҳар бир шахснинг Интернет жаҳон ахборот тармоғига кириш ва ундан эркин фойдаланиш ҳуқуқи эътироф этилди. Мазкур ҳуқуқнинг таъминланиши учун бевосита давлатнинг ўзи шарт-шароитлар яратиши аниқ белгиланди.

Бинобарин, Интернет нафақат алоқа воситаси, балки виртуал муҳитга ҳам айланиб бораётган, кўплаб тушунча ва хизматлар “реал” заминдан жадал тарзда “виртуал” ҳаётга кўчаётган бугунги давр айни шундай илғор ёндашувни тақозо этмоқда. Ҳозирги кунда Интернетни тақиқлаш ва чеклаш нафақат нотўғри, балки мантиқсиз ҳам эканини исботлаб ўтиришга ҳожат қолмади.

Нега деганда, бугун одамлар ишини, ўқишини, ҳоббиларини, турли товар ва хизматлар логистикасини, қолаверса, давлат хизматларини ҳам Интернетга кўчиряпти. Бу, ўз навбатида, Конституция ва қонунларни замонга ҳамнафас тарзда ўзгартиришни талаб қилмоқда.

Интернетдан эркин фойдаланиш ҳуқуқи инсоннинг сўз эркинлиги ҳуқуқи доирасига киради. Ушбу ҳуқуқ, давлат чегараларидан қатъи назар, турли ахборот ва ғояларни қидириш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўзида қамрайди.

Шундай экан, ахборотни, жумладан Интернет орқали излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини истифода этувчи инсонлар зиммасига ҳуқуқлар билан бир қаторда мажбурият ва масъулият ҳам юкланиб, қонунга мувофиқ равишда айрим чекловлар ўрнатилиши табиий ҳолдир. Шу маънода, Асосий Қонунимиз 33-моддасининг охирги бандидаги нормалар барчамизни ижтимоий масъулиятни англашга, оқни қорадан, ҳақиқатни уйдирмадан, далилни бўҳтондан ажратишга даъват этади.

Ҳақиқатан ҳам, биз яшаётган ХХI асрда инсоннинг фикр ва сўз эркинлиги, ҳар қандай ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш сингари ҳуқуқлари қандай амалга оширилиши унинг ахборот ресурслари, коммуникация технологиялари, хусусан, Интернетдан қанчалик эркин фойдаланишига бевосита боғлиқ.

Шу нуқтаи назардан, бугунги “рақамлаштириш” замонида демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли очиқ фуқаролик жамияти барпо этаётган аксарият давлатлар қатори Ўзбекистон ҳам ўз Конституциясида фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлигига оид янги нормаларни  мустаҳкамлагани, бир томондан, фуқароларимизнинг бу борадаги ҳуқуқлари ва эркинликлари амалга ошишига хизмат қилса, иккинчи томондан, ҳар бир инсоннинг ҳимояси ва хавфсизлигини таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 69-моддаси биринчи қисмида фуқаролик жамияти институтларининг тушунчаси ва тизими қуйидаги норма билан очиб берилган:

“Фуқаролик  жамияти  институтлари,  шу  жумладан  жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини  ўзи  бошқариш  органлари,  оммавий  ахборот  воситалари  фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этади”.

Бошқача айтганда, оммавий ахборот воситаларига фуқаролик жамиятининг асосий институтларидан бири сифатида конституциявий мақом берилди. Шу орқали сўз эркинлиги конституциявий асосда яна бир бор кафолатланмоқда.

Бу ҳақда фикр юритганда, сўнгги йилларда мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларининг жамоатчилик назоратини амалга ошириш борасидаги ўрни ва аҳамиятини қонунчилик негизида кучайтиришга изчил эътибор қаратилаётганини таъкидлаш лозим. Чунки, Президентимиз қайд этганидек, оммавий ахборот воситалари аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини ҳокимият идораларига етказишнинг муҳим ва таъсирчан воситасига, халқнинг энг яқин кўмакчиси ва ҳамдардига, демократия кўзгусига айланиши зарур.

Энг муҳими, эндиликда Конституцияда оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамияти институти мақомида эътироф этилди. Бу илғор конституциявий-ҳуқуқий асос, бир тарафдан, жамоатчилик назоратининг янада ҳаққоний, холис ва адолатли ташкил этилишига муносиб ҳисса қўшса, бошқа тарафдан, жамоатчилик назорати асносида аниқланадиган қонунбузарликлар ва камчиликларга тааллуқли маълумотларнинг асоссиз равишда панада олиб қолиниши ёки хаспўшланишига йўл қўймайди, яъни ошкорлик том маънода таъминланади.

Конституциямизга илк маротаба фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилгани ва улар фаолияти кафолатларининг белгилангани жамиятда очиқлик, ошкоралик ва қонунийлик муҳитини, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда кучли жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш учун мустаҳкам замин ҳозирлайди. Бу том маънода жуда муҳим янгиликлардандир.

Шу тариқа янги таҳрирдаги Конституцияда оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари янада фаол бўлиши учун кенг имконият ва кучли ҳимоя тақдим этилди. Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари қатъий кафолатланди. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланди.

Конституциянинг “Оммавий ахборот воситалари” деб номланган ХV бобидаги иккита моддада оммавий ахборот воситалари фаолияти эркинлиги давлат томонидан кафолатланган. Хусусан, 81-моддага кўра:

 “Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ  иш олиб борадилар.

Давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг  эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш  ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди.

Оммавий ахборот воситалари ўзи тақдим этадиган  ахборотнинг ишончлилиги учун жавобгардир”.

Айни шу конституциявий нормалардан кўзланган мақсад оммавий ахборот воситалари учун энг қулай шарт-шароитлар яратишга, давлат ва жамият ўртасида амалий мулоқотни йўлга қўйишга қаратилган конституциявий асосларни шакллантиришдир. Ўз навбатида, янги таҳрирдаги Конституциянинг 82-моддасида ушбу нормалар мустаҳкамланган:

“Цензурага йўл қўйилмайди.

Оммавий  ахборот  воситаларининг  фаолиятига  тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади”.

Цензуранинг тақиқланишига оид норма Конституцияда олдин ҳам бор эди. Айни чоғда, кейинги норма муҳим янгилик бўлиб,  оммавий  ахборот  воситаларининг самарали фаолият юритиши учун таъсирчан ҳуқуқий асос вазифасини ўташи тайин.

Матбуотда бу борада ўз муносабатларини билдирган бир қатор ҳамкасбларимиз таъбири билан айтганда, бу нормалар оммавий  ахборот  воситалари ва журналистларнинг эмин-эркин, турли маъмурий босимлардан қўрқмасдан фаолият юритишини таъминлайди ҳамда жамиятда очиқлик ва ошкоралик муҳитининг ривожланишига шароит яратади.

Тўртинчидан. Виндхук декларациясининг 4-бандида “мустақил ҳамда плюралистик матбуот пайдо бўлиши учун тегишли муҳит” яратиш билан боғлиқ ўзгаришлар эътироф этилган. Виндхук декларациясининг айни тамойиллари мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган «Ўзбекистон-2030» стратегиясида ҳам ўз аксини топган.

Хусусан, Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 16 февралдаги «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва «Ўзбекистон-2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги фармони  билан тасдиқланган бу йилги Давлат дастури доирасида «Ўзбекистон-2030» стратегиясининг 83-мақсадида кўзда тутилган эркин фуқаролик жамиятини ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, Ўзбекистонни фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича ҳабга айлантириш билан боғлиқ ишлар қатъий давом эттирилмоқда.

Бешинчидан. Жаҳон матбуот эркинлиги куни моҳиятига сингдирилган матбуот эркинлиги, ахборотни монеликларсиз тарқатиш ҳуқуқи, оммавий ахборот воситалари мустақиллигига сунъий интеллектнинг таъсири ва ахборотдан фойдаланишни таъминлаш ҳамда бу борадаги асосий эркинликларни ҳимоя қилишга оид  устувор вазифалар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларида ҳам (16-мақсад, 10-банд) белгилаб берилгани маълум.

Ўз навбатида, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 83-сон қарори билан “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар” ҳамда  “2022 — 2026 йилларда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларга самарали эришиш бўйича чора-тадбирлар режаси” тасдиқланди. Шу асосда мамлакатимизда фуқароларнинг ахборотга бўлган ҳуқуқини амалга оширишлари учун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ахборот ошкоралигини кучайтириш ҳамда фуқароларнинг асосий эркинликлари ҳимоясини таъминлаш чоралари мунтазам кўриб борилмоқда.

Олтинчидан. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган — “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди, қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Қонун лойиҳаси билан телекоммуникация тармоқлари ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқаролар осойишталигини бузувчи хатти-ҳаракатларни содир этиш, ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишни тарғиб қилувчи материалларни тарқатиш, шахснинг ўзи содир этган ҳуқуқбузарлигини оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоқларида тарқатиш, шунингдек, ижро ҳаракатлари давомида хатланган мулк билан боғлиқ қонунга хилоф ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда.

Бу орқали ахборот маконида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқаролар осойишталигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларни тарғиб қилиш ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек, мазкур турдаги ҳуқуқбузарликлар бўйича жавобгарликда мавжуд ҳуқуқий бўшлиқни бартараф этиш кўзда тутилмоқда. Содда қилиб айтганда, Интернет тармоғида ахборотнинг эркин тарқатилиши қонуний меъёрларга солинмоқдаки, ўз навбатида, ушбу нормалар матбуот эркинлигига ноқонуний тўсиқ қўйиш ҳолатларининг ҳам олдини олишга хизмат қилади.

Еттинчидан. Глобал ахборот маконидаги ўзгаришлар, ижтимоий тармоқлар ва сунъий интеллектнинг ривожланиши ҳамда фейк хабарлар оқими медиа соҳаси вакилларидан янги ёндашувларни талаб қилмоқда. Шу мақсадда март ойидан эътиборан барча вилоятларда босқичма-босқич ўтказишга киришилган “Медиа ҳафталик” лойиҳаси мамлакат бўйлаб 12,5 мингга яқин иштирокчини қамраб олади.

Мамлакатимиз ахборот маконида йилнинг энг йирик таълимий-амалий воқелиги сифатида эътироф этилаётган айни Лойиҳа доирасида 30 мартдан – 26 июнгача барча ҳудудларда 5 кунлик интенсив ўқув-семинарлар ва маҳорат дарслари ўтказилади. Дастур назария ва амалиётни бирлаштириб, иштирокчиларга реал тажриба орттириш имконини беради.

Машғулотлар давомида контент яратиш, фактчекинг, рақамли гигиена, SMM ва стратегик коммуникациялар бўйича тренинглар ташкил этилмоқда. Етакчи медиа экспертлар, муҳаррирлар ва продюсерлар ўз тажрибаси билан ўртоқлашмоқда. Дарслар тележурналистлар, босма нашрлар вакиллари, блогерлар ва давлат идоралари матбуот котиблари учун алоҳида йўналишларда ўтказилмоқда.

Мухтасар айтганда, Янги Ўзбекистонда ошкоралик ва сўз эркинлиги – давр талабидир. Бинобарин, Виндхук декларациясининг 5-бандида қайд этилганидек, “Демократияга ва ахборот ҳамда фикрни ифодалаш эркинлигига дунё миқёсида интилиш инсоният орзу-ниятларининг ижобати йўлида муҳим улуш ҳисобланади”.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech