ЖИДУ талабалари учун “Инсон ҳуқуқлари” фанидан мастер-класс ўтказилди
Жорий йилнинг 13 март ва 2 апрель кунлари Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети “Халқаро ҳуқуқ” факультети 3-босқич талабалари учун “Инсон ҳуқуқлари” фани доирасида мастер-класс ташкил этилди. Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таҳлил ва тадқиқотлар бўлими бош мутахассиси Ҳусниддин Холмамотов ва Халқаро шартномаларни имплементация қилиш бўлими етакчи мутахассиси Султонов Нодир иштирок этди.
Мастер-класс давомида инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг миллий ва халқаро механизмлари, уларнинг ўзаро уйғунлиги ва амалиётда қўлланилиши атрофлича ёритилди. Шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги замонавий тенденциялар, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг халқаро стандартлар билан уйғунлиги батафсил муҳокама қилинди.
Тадбирда инсон ҳуқуқлари соҳасида учрайдиган долзарб масалалар, жумладан, ҳуқуқларни таъминлаш механизмларининг самарадорлиги, институционал ҳамкорлик ва таҳлил-ташхис ишларининг аҳамияти муҳокама қилинди. Мастер-класс интерактив шаклда ўтказилиб, талабалар томонидан берилган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди, бу эса тадбирнинг амалий аҳамиятини янада оширди.
Ушбу мастер-класс талабаларнинг назарий билимларини мустаҳкамлаш, таҳлилий фикрлаш ва амалий кўникмаларини ривожлантириш ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги долзарб масалалар юзасидан кенгроқ тасаввур ҳосил қилишга хизмат қилди.
Ўзбекча
English
Русский