Фуқароларнинг мурожаатлари “шошилинч”, “одатий”, “маслаҳат талаб қилувчи” тоифалари бўйича ўрганилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2026 йил 1 апрелда “Аҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон қабул қилинди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, 2026 йил 1 майдан:

  • Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонаси ахборот тизимига келиб тушган мурожаатлар бўйича назорат вақти режими ўрнатилади, бунда кўриб чиқилиши белгиланган муддатдан ўтган мурожаатлар ижро учун автоматик юқори турувчи давлат органига ўтади;

  • Виртуал қабулхона ахборот тизимида мурожаатларни қабул қилишда улар “шошилинч”, “одатий”, “маслаҳат талаб қилувчи” тоифаларига ажратиш амалиёти йўлга қўйилади, назоратга қайтарилган мурожаатлар 3 иш куни ичида юқори турувчи органлар томонидан қайта ўрганиб чиқилади;

  • аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ҳисоботларини Қонунчилик палатаси ва Сенатда, ҳокимлар ҳамда ҳудудий давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ҳисоботларини эса тегишлича Сенатда ёки маҳаллий кенгашларда ҳар чоракда камида 1 марта эшитиб бориш тартиби жорий қилинади;

  • давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот хизматлари Халқ қабулхоналари билан ҳамкорликда ҳудудда мурожаатлар билан ишлаш ҳолатини ёритади, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги мурожаатларнинг кўриб чиқилишига оид эътирозларни ўрганиб боради ва бу улар фаолиятининг самарадорлиги кўрсаткичларида акс эттирилади.

Фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси (Президент Халқ қабулхонаси) ташкил этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) ҳокимлари тегишли Халқ қабулхонасига жамоатчилик асосида раҳбарлик қилади ҳамда мунтазам равишда Халқ қабулхонасида фуқароларни шахсан қабул қилади ва муаммоларини жойида ҳал қилиш чораларини кўради, мурожаатлар таҳлилини олиб боради.

Вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан фаолияти бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида қилинадиган тақдимотларда аҳоли мурожаатларидаги тизимли муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан режалари ҳақида алоҳида ҳисобот берилади.

Давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ҳокимликлар томонидан ўтказиладиган шахсий ва сайёр қабуллар тизимини тўлиқ рақамлаштириш орқали қабуллар жараёни устидан назорат ўрнатилади.

Жамоавий тусдаги мурожаатлар аҳоли вакиллари ва “маҳалла еттилиги” иштирокида ўрганилиб, улар розилиги асосида назоратдан олинади.

Маълумот учун: Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, Халқ қабулхоналари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилишга бағишлаб 2026 йил 13 март куни ўтказилган видеоселекторда фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизимининг бугунги ҳолати, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинганди. Йиғилишда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича янги тизим ҳақида атрофлича тушунтириш берилди.

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Бундан тўққиз йил олдин Халқ қабулхоналари ташкил қилинганда битта мақсад қўйилган эди: давлат идораларини халққа яқинлаштириш. Тўғри, Халқ қабулхоналари ўз вақтида самарали ишлади. Лекин бу идорани ҳам одамларнинг бугунги талабига мос ҳолда ўзгартирадиган вақт келди”. Бундан буён айни соҳадаги ислоҳотларда “Ҳар бир инсон ва хонадон муаммосини билиб, вақтида кўмак беришим керак” деган шиор барча даражалардаги раҳбарлар фаолиятида бош қоида бўлади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech