Ўзбекистон делегацияси БМТ бош қароргоҳида хотин-қизларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятларини муҳокама қилди

Ўзбекистон Республикаси делегацияси 2026 йил 11 март куни БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида ташкил этилган “Барча хотин-қизларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятларини таъминлаш ва мустаҳкамлаш” мавзусидаги юқори даражадаги вазирлар давра суҳбатида иштирок этди. Тадбир БМТ Хотин-қизлар мақоми бўйича комиссиясининг (CСW70) 70-сессияси вазирлар сегменти доирасида бўлиб ўтди.

Давра суҳбати сессиянинг устувор мавзуси – хотин-қизларнинг одил судловдан тенг фойдаланишини таъминлашга бағишланди. Жумладан, инклюзив ва адолатли ҳуқуқий тизимларни илгари суриш, камситувчи қонунлар, сиёсат ва амалиётларни бартараф этиш, шунингдек, аёллар ҳуқуқларининг рўёбга чиқарилишини чеклайдиган таркибий тўсиқларни енгиб ўтиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Ўзбекистон делегацияси таркиби – сенатор Гулнора Маъруфова, Олий суд раиси ўринбосари Малика Қаландарова, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори ўринбосари Дилноза Муратовадан иборат.

БМТга аъзо давлатлар вазирлари ва делегациялари раҳбарлари хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал механизмларини такомиллаштириш бўйича тажриба ва миллий амалиётлар билан ўртоқлашдилар. Муҳокама иштирокчилари камситиш, зўравонлик ва аёллар ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатларига самарали муносабат билдира оладиган гендер-сезгир суд-ҳуқуқ тизимларини шакллантириш зарурлигини таъкидладилар.

Муҳокама чоғида бир қатор долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Бу ўринда асосан хотин-қизлар ҳуқуқларини чекловчи камситувчи қонунчилик нормалари ва амалиётларини бартараф этиш; юридик ёрдам ва ҳуқуқий кўмакни ўз ичига олган инклюзив ва қулай ҳуқуқий механизмларни ривожлантириш; хотин-қизларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконини берадиган ҳуқуқий саводхонлигини ошириш; суд тизими ва ҳуқуқни қўллаш институтларида аёлларнинг ролини кучайтириш; хотин-қизларнинг одил судловдан фойдаланишига тўсқинлик қилувчи ижтимоий ва институционал тўсиқларни бартараф этиш истиқболлари ҳақида сўз бормоқда.

Хотин-қизларнинг одил судловдан самарали фойдаланишини таъминлаш гендер тенгликка ва барқарор ривожланишга эришишнинг асосий шартларидан бири экани қайд этилди. Бу омил, шунингдек, Барқарор ривожланишнинг 5-мақсади – гендер тенгликни таъминлаш ҳамда барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришни амалга оширишда ҳам улкан аҳамият касб этади.

Ўзбекистон делегациясининг ушбу тадбирдаги иштироки мамлакатимизнинг хотин-қизлар ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, гендер тенгликка асосланган институтларни ривожлантириш ҳамда жамият ҳаётининг барча соҳаларида хотин-қизлар имкониятларини кенгайтириш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларга содиқлигини ифодалайди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech