Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим: изчиллик ва узвийлик таъминланмоқда

БМТ томонидан 2025–2029 йиллар Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини  амалга ошириш даври сифатида эълон қилинган. Ўзбекистонда Жаҳон таълим дастури доирасида инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш, таълим жараёнининг барча босқичларида инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув курсларини жорий этиш юзасидан кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил  3 мартдаги  қарори бу борада алоҳида аҳамият касб этади. Ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия таркиби тасдиқланди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар доирасида бир қатор вазирлик, идора ва ташкилотлар учун вазифалар белгиланди. Хусусан:

  • Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига – инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим билан боғлиқ муаммоли йўналишларга қаратилган мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳалар танловини эълон қилиш;

  • Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига – педагог кадрлар учун “Атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши бўйича ҳуқуқий билимлар” мавзусида тематик малака ошириш курслари ташкил этиш;

  • Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказга – “Болалар ва ёшлар учун инсон ҳуқуқлари таълими: гендер тенглик, иқлим ўзгариши ва рақамли инклюзия” миллий инновацион ташаббуслар танловини ўтказиш;

  • Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига – ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари бўйича семинар-тренинглар ўтказиш;

  • “Эл-юрт умиди” жамғармасига – инсон ҳуқуқларининг долзарб масалалари бўйича хорижий олий таълим ва илмий ташкилотларида малака оширишни ташкил этиш вазифалари юклатилган.

Маълумот учун: 2020–2024 йилларда бутун дунёда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичи амалга оширилди. Хусусан, дунё тажрибасидан андоза олган ҳолда, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим тизимида амалга оширилаётган ишларни янада жадаллаштириш мақсадида Президентимизнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури тасдиқланди.

Миллий таълим дастурида белгиланган ахборот бериш, маърифат ва ўқитиш тизимини босқичма-босқич кенгайтириш ҳамда такомиллаштириш, кадрлар тайёрлаш тизимини миллий қонунчилик ва халқаро стандартлар талаблари асосида янги босқичга олиб чиқиш бўйича давлат сиёсатини амалга оширишнинг устувор йўналишлари ва асосий вазифалари ижроси таъминланди. Ўзбекистон томонидан 2025 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичи бажарилиши юзасидан миллий ҳисобот тақдим этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech