Ўзбекистон делегацияси Мадриднинг 6-сон жазони ижро этиш муассасасидаги шароитлар билан танишди
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Д.Муратова бошчилигидаги мамлакатимиз делегациясининг Испаниядаги амалий учрашувлари давом этмоқда.
16 декабрь куни Ўзбекистон делегацияси аъзолари – Миллий марказ, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги вакиллари ҳамда Жазони ижро этиш департаментининг 35 ва 24-сонли манзил колониялари бошлиқлари Испания Пенитенциар муассасалари Бош котибияти (SGIP) вакиллари ҳамроҳлигида Мадриднинг 6-сон жазони ижро этиш муассасасида бўлди.
Ушбу муассаса директори ўринбосарлари Сантиаго Родригез ва Ангела Мортес делегациямиз аъзоларини кутиб олди. Мулоқот асносида мазкур муассасадаги шароитлар, маҳкумлар билан ишлаш, уларни қайта тарбиялаш ва жамиятга интеграция қилишга қаратилган модуллар ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди.
Мадриднинг 6-сон муассасаси аралаш типдаги жазони ижро этиш муассасаларидан биридир. Бу ерда маҳкумлар ишлаши, таълим олиши, спорт билан шуғулланиши, касбий маҳоратини ошириши учун зарур шароитлар мавжуд. Ёш болали аёллар учун ҳам муассасада алоҳида модуллар назарда тутилган.
Делегация аъзолари Мадриднинг 6-сон жазони ижро этиш муассасаси мутасаддиларига хавфсизликни таъминлаш, маҳкумлар билан ишлашни ташкил этиш, уларнинг бандлиги ва бошқа масалалар юзасидан саволлар бердилар. Барча саволларга атрофлича жавоб олинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский