2026 йил 28-29 сентябрь кунлари Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форуми бўлиб ўтди.
Анъанавий халқаро тадбир «Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро пактларнинг 60 йиллиги ва Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллиги: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор тараққиёт йўлида глобал шериклик» мавзусига бағишланди.
Икки кунлик Форум ниҳоясида «Самарқанд тасаввури – 2040: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор тараққиёт йўлидаги глобал ҳамкорлик» номли якуний ҳужжат қабул қилинди.
Анъанавий тарзда ҳар икки йилда ўтказиб келинаётган ушбу халқаро Форум қисқа вақт ичида инсон ҳуқуқларининг турли соҳаларига оид долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва самарали ечимлар топиш борасида дунё миқёсида кам учрайдиган ноёб, қулай ва ўзига хос мулоқот майдонига айланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Юртимизда илк бор 2018 йилда ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми жаҳон амалиётига ўзига хос «Самарқанд руҳи»ни олиб кирди десак, ҳеч муболаға бўлмайди. Шу тариқа инсон ҳуқуқлари соҳасидаги энг долзарб муаммоларга бағишланган Самарқанд форумларини ўтказиш яхши анъана тусини олди».
Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форумида халқаро, минтақавий, хорижий ва миллий ташкилотларнинг 200 дан ортиқ вакили юзма-юз ва онлайн форматларда иштирок этди. Ушбу иштирокчилар қаторида 10 та халқаро ташкилот, 8 та минтақавий ташкилот, хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича 8 та миллий институти, инсон ҳуқуқлари бўйича 30 дан ортиқ етакчи миллий ва хорижий эксперт, тадқиқот марказлари, фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситалари ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари бор.
Форумнинг биринчи куни Тошкентда бўлиб ўтди. Тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ҳар икки йилда анъанавий равишда ўтказиб келинаётган ушбу Форум қисқа вақт ичида инсон ҳуқуқларининг турли соҳаларига оид долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва самарали ечимларни топиш учун жаҳон миқёсида камёб, ноёб, қулай ва ўзига хос мулоқот майдонига айланганини таъкидлади.
У бугунги кунда инсоният мураккаб ва ўзаро боғлиқ глобал чақириқларга дуч келаётганини таъкидлади. Хусусан, сунъий интеллект ва янги рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши инсон ҳаёти учун улкан имкониятлар билан бир қаторда янги ҳуқуқий ва ахлоқий хавфларни ҳам келтириб чиқармоқда.
Шу боис, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг универсал тизимини замонавий воқеликлар асосида такомиллаштириш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир. Инсон ҳуқуқлари бўйича бешинчи Самарқанд форуми дастури айнан шунга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати номидан Форум иштирокчиларини юқори палата раиси Танзила Нарбаева қутлади.
«1995 йилда Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги иккала халқаро пакт ва Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пактнинг Биринчи факультатив протоколи қоидаларини ратификация қилди. Ўшанда бу ўзининг мустақил янгиланиш ва тараққиёт йўлини эндигина бошлаган мамлакатнинг қарори эди. Бугун, мустақиллигимизнинг 35 йиллигида, биз сизни инсон ҳуқуқлари нафақат ташқи мажбурият, балки ички эътиқодга айланган мамлакат сифатида кутиб олмоқдамиз», — деб таъкидлади у.
Сенат Раиси, шунингдек, Ўзбекистонда бундан 30 йил аввал Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ташкил этилганини қайд этиб, Марказ жамоасини ва бугун тарихда биринчи марта БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасида мамлакатимиз номидан вакиллик қилаётган академик Акмал Саидовни самимий табриклади.
Ўзбекистон парламенти юқори палатаси Раиси парламентларнинг ролига алоҳида тўхталиб, халқаро мажбурият миллий парламент орқали ўтгандагина инсон учун рўёбга чиқишини таъкидлади. Парламентда инсон ҳуқуқлари қонун кучига, бюджет ресурсларига, назорат кафолатига ва халқ овозига эга бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов ўз табригида таъкидлаганидек, «Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, шунингдек, унинг шаъни ва қадр-қимматини юксалтириш масалалари Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда марказий ўринни эгаллаб, давлат сиёсатининг устувор мақсадига айланди. Давлат раҳбарининг бевосита ташаббуси билан инсон ҳуқуқларининг конституциявий кафолатлари янада мустаҳкамланди».
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюркнинг мурожаатида Самарқанд форумининг давлатлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамияти ва экспертлар ҳамжамияти ўртасидаги мулоқот учун халқаро майдон сифатидаги аҳамияти қайд этилди.
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилди: «Ўзбекистон муҳим ислоҳотларни амалга ошириш мумкинлигини намойиш этди. Ҳозирги босқичдаги вазифа — эришилган натижаларни мустаҳкамлаш, сақланиб қолаётган камчиликларни бартараф этиш ва эришилган тараққиёт барча томонидан ҳис қилинишини таъминлашдир».
Фолькер Тюрк Ўзбекистон ва форум иштирокчиларини алоҳида Инсон ҳуқуқлари бўйича глобал альянсда фаол иштирок этишга чақирди. Бунда инсон ҳуқуқларини амалда илгари суриш мақсадида давлатлар, фуқаролик жамияти, бизнес, ёшлар, академик ҳамжамият ва бошқа манфаатдор томонларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлигини таъкидлади.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси раҳбари ўз нутқида Самарқанд форуми давлатлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамияти ва экспертлар ҳамжамиятини бирлаштирган инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича мазмунли мулоқот учун муҳим майдонга айланганини эътироф этди. Дунёнинг турли минтақаларида инсон ҳуқуқларига нисбатан давом этаётган босим шароитида бундай майдончаларнинг алоҳида аҳамиятини таъкидлаб, Бошқарма раҳбари Форумдан мулоқотдан амалий ҳаракатларга ўтиш учун фойдаланишга чақирди.
Мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги сезиларли ютуқлари қайд этилди. Хусусан, сиёсий ирода, мустақил мониторинг ҳамда давлат, ишчилар, иш берувчилар, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги натижасида пахтачилик соҳасида тизимли мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам берилгани ижобий баҳоланди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг фуқаросизликнинг олдини олиш, гендер тенглик ва хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, БМТнинг халқаро инсон ҳуқуқлари механизмлари билан ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги қадамлари алоҳида қайд этилди.
Халқаро тавсияларни амалга оширишда миллий институтлар ва парламент механизмларининг ролини янада кучайтириш зарурлигига эътибор қаратилди.
Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси Президенти Миряна Сполярич Форум иштирокчиларига йўллаган қутловида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказга инсон ҳуқуқларининг долзарб масалаларини муҳокама қилиш учун халқаро майдон ташкил этгани учун миннатдорчилик билдирди.
«Бир тамойил ўзгаришсиз қолмоқда: инсонийлик энг оғир даврларда ҳам, шу жумладан уруш пайтида ҳам бизнинг жавоб ҳаракатларимиз марказида бўлиши керак», — дея таъкидланди Миряна Споляричнинг мурожаатида. Халқаро гуманитар меъёрлар қуруқ қоидалар бўлиб қолмаслиги, балки энг заиф ҳолатдаги одамларнинг ҳақиқий ҳимоясини таъминлаши зарурлиги таъкидланди. Халқаро мажбуриятларни самарали амалга ошириш эса сиёсий етакчилик, кучли миллий институтлар, халқаро ҳамкорлик ва изчил амалий ҳаракатларни талаб этади.
Инсон ҳуқуқлари, тараққиёт ва саломатлик ҳуқуқи узвий боғлиқ — бу ҳақда ўзининг Форум иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус тўхталди.
У Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Низоми қабул қилинганининг 80 йиллигига ва унда саломатлик инсон ҳуқуқи сифатида мустаҳкамланганига алоҳида эътибор қаратди.
ЖССТ Бош директори халқаро мажбуриятлардан – марказида инсон қадри ва тенглик турадиган қонунчилик, давлат сиёсати ва самарали тизимлар орқали уларни амалиётга татбиқ этишга ўтиш зарурлигини таъкидлади.
Бундай ўтиш зарурлиги ҳақида ўзининг қутлов сўзида БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий координатори Сабина Маҳл ҳам айтиб ўтди.
Нутқда фуқаролик маконини, жамоатчилик иштирокини мустаҳкамлаш ҳамда қарорлар қабул қилишда фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситалари ролига муҳим урғу берилди. Сабина Махлнинг сўзларига кўра, инсон ҳуқуқлари пировардида маҳаллий даражада — халқаро стандартлар туман касалхонаси, мактаб, суд, ижтимоий хизматлар маркази ва маҳалла ишида ўз аксини топгандагина рўёбга чиқади.
БМТ Доимий координаторининг фикрича, «Биз учун мажбуриятлардан амалиётга ўтишнинг ҳақиқий маъноси шудир: халқаро стандартлардан — миллий қонунларга; миллий қонунлардан — фаолият юритувчи институтларга; институтлардан — янада сифатли хизматларга; ва янада сифатли хизматлардан — инсонлар ҳаётидаги дахлдор ўзгаришларга ўтишдир».
Сабина Махл БМТ амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат қонунчилик даражасида қабул қилиниши, балки уларнинг «ҳудудма-ҳудуд, туманма-туман ва ҳамжамиятма-ҳамжамият» изчил ҳаётга татбиқ этилиши, бунда тегишли жараёнларда аҳолининг фаол иштирок этишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини таъкидлади.
ШҲТ Бош котиби Нурлан Ермекбаевнинг Форум иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида бугунги кунда БМТ Низомининг мақсад ва тамойилларига ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига содиқликни сақлаш, халқларнинг ўз тараққиёт йўлини мустақил белгилаш ҳуқуқини ҳурмат қилиш, инсон ҳуқуқлари соҳасида тенг ҳуқуқли мулоқот ва тажриба алмашишни ривожлантириш айниқса муҳим экани таъкидланди.
«2026 йил 1 сентябр куни Бишкек шаҳрида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг 26-мажлиси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Президенти ҳурматли Шавкат Мирзиёев ШҲТ мамлакатларининг улкан инсоний, табиий, ишлаб чиқариш ва интеллектуал ресурсларини, энг аввало, халқларимиз фаровонлигини оширишга йўналтириш зарурлигини таъкидлади. Ушбу ёндашувни ривожлантириш мақсадида у «ШҲТ – 2040: умумий тараққиёт макони» концептуал қарашини ишлаб чиқишга киришишни таклиф қилди. Одамлар фаровонлигига қаратилган бундай эътибор жорий Форум мавзусига ҳамоҳангдир», — дея таъкидлади ШҲТ Бош котиби.
Форумнинг халқаро қисмида МДҲ Бош котиби Сергей Лебедевнинг нутқи ўқиб эшиттирилди. Унда Самарқанд форуми МДҲ давлатлари ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг амалий давоми ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ривожланиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш ва замонавий хавф-хатарларга жавоб бериш соҳасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш майдони экани таъкидланди.
«Халқаро ва минтақавий тажрибани ўзида мужассам этган ҳолда, Форум ҳар бир фуқаронинг манфаатларини сўзсиз устувор деб билиб, шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ривожланиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш ҳамда замонавий хавф-хатарларга самарали жавоб бериш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун нуфузли платформа бўлиб хизмат қилмоқда», — деб таъкидлади МДҲ Бош котиби.
Сергей Лебедев Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказини 30 йиллик юбилейи билан табриклар экан, Марказнинг узоқ йиллик фаолияти инсон ҳуқуқларини миллий даражада ҳимоя қилишнинг халқаро тамойилларига содиқлигидан далолат беришини қайд этди: «Ўттиз йил давомида Марказ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат тизимини такомиллаштириш, илғор халқаро стандартларни жорий этиш ва касбий мулоқотни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда».
МДҲ Бош котиби, шунингдек, ишида Ҳамдўстлик давлатларининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари вакиллари иштирок этаётган МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясининг ролини алоҳида қайд этди.
Ўз навбатида, МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси Евгения Парамонованинг нутқида Комиссия 2023 йил 29 ноябрда ўз ишини бошлагани ва «нисбатан қисқа муддат фаолият юритаётганига қарамай, Комиссия МДҲ маконида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат институтлари учун муҳим интеграция майдонига айлангани ҳамда инсон ҳуқуқлари каби нозик соҳада самарали мулоқот ўрнатиш намунасини кўрсатаётгани» таъкидланди.
Комиссия фаолияти доирасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий базани яқинлаштириш ва уйғунлаштириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Хусусан, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси Доимий комиссияси билан ҳамкорликда «Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил мақоми тўғрисида»ги МДҲ модель қонунининг янги таҳрири ишлаб чиқилди.
EХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Мариа Телалиан ўз мурожаатида инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишни таъминлашда кучли ва мустақил миллий ҳуқуқни ҳимоя қилувчи муассасаларнинг аҳамиятини ҳамда жамиятнинг бундай институтларга бўлган ишончи муҳимлигини таъкидлади.
Унинг фикрича, «Ишончни фақат декларациялар билан сақлаб қолиб бўлмайди. У одамлар ишониши мумкин бўлган институтлар, ҳуқуқлар бузилган ҳоллардаги ҳисобдорлик, фуқаролар ва давлат органлари ўртасидаги мулоқот ҳамда, энг аввало, инсон ҳуқуқлари стандартларини одамларнинг кундалик ҳаётида изчил қўллаш орқали шаклланади».
Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пактларнинг 60 йиллигини эътироф этар экан, Мариа Телалиан ушбу ҳужжатларнинг қабул қилиниши давлатлар халқаро ҳамкорлик — универсал стандартларни ишлаб чиқиш ва уларга риоя қилиш мажбуриятини олиш орқали нималарга эришиши мумкинлигига яққол мисол бўлганини таъкидлади.
Ўз навбатида, Туркия Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти раиси Васип Шаҳиннинг қайд этганидек, миллий инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муассасалари давлат органлари, фуқаролик жамияти, ҳуқуқ эгалари ва халқаро ташкилотлар ўртасида боғловчи вазифани бажаришга қодир. Хусусан, Институт БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясига доир Факультатив баённомага мувофиқ Миллий превентив механизм вазифасини бажаради, жумладан, озодликдан маҳрум этилган ёки ҳимоя остида бўлган шахслар сақланадиган жойларга бориш, шароитларни мониторинг қилиш ва тегишли тавсиялар тайёрлашни амалга оширади.
«Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг барқарор тизими халқаро мажбуриятлар ҳамда уларни миллий ва маҳаллий даражада амалга ошириш ўртасидаги мустаҳкам ва доимий алоқани таъминлаши зарур», — дея ишонч билан таъкидлади нотиқ.
Мунтазам миллий мониторинг қийноқларнинг олдини олишни доимий ва барқарор амалиётга айлантириш имконини беради. Бу ҳақда ўзининг видеомурожаатида БМТ Қийноқларнинг олдини олиш бўйича кичик қўмитаси раисининг ўринбосари Элина Штейнерте маълум қилди.
«Қийноқларнинг самарали олдини олиш бир марталик чораларни эмас, балки вазиятга халқаро эътибор сусайганидан кейин ҳам одамларни ҳимоя қилишни таъминлайдиган доимий миллий мониторингни талаб қилади», — деди Э. Штейнерте.
EХҲТнинг Миллий озчиликлар ишлари бўйича Олий комиссари Кристоф Камп ўз нутқида Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пактларнинг 60 йиллиги ва Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллиги доирасида миллий озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг аҳамиятини таъкидлади. У тенглик, инсон ҳуқуқларининг бўлинмаслиги ва инклюзив ривожланиш ўртасидаги боғлиқликка алоҳида эътибор қаратиб, маданий ва тил ўзига хослигини ҳимоя қилиш таълим, бандлик, соғлиқни сақлаш ҳамда ижтимоий-иқтисодий ҳаётда иштирок этишда тенг имкониятларни таъминлаш билан бирга кечиши кераклигини таъкидлади.
Марказий Осиёнинг тарихан шаклланган тиллар, маданиятлар ва ҳамжамиятлар хилма-хиллигига эга минтақа сифатидаги ўрни, шунингдек, бу борадаги давлатлараро ҳамкорликнинг аҳамияти алоҳида қайд этилди.
Нутқда кўп тилли ва кўп маданиятли таълим масаласи муҳим ўрин эгаллади. Олий комиссар EХҲТнинг Марказий Осиё давлатлари билан ушбу йўналишдаги кўп йиллик фаолиятини қайд этиб, она тилини давлат тили билан бир вақтда ўрганиш имконияти турли жамоалар вакилларининг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётда тўлақонли иштирок этишига хизмат қилишини таъкидлади.
«Тенглик бир хилликни англатмайди: жамият озчиликни ташкил этувчи жамоаларни ҳимоя қилган ва жалб этганда кучлироқ бўлади», — деди К.Камп.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми ўз-ўзидан тарих яратмоқда. Шундай фикрни ХМТнинг Ўзбекистон бўйича катта координатори Юрий Стерк билдирди.
«Бу Форумнинг бешинчи анжумани бўлиб, у инсон ҳуқуқлари соҳасидаги минтақавий ва глобал ҳамкорликка катта ҳисса қўшади, энг муҳим муаммоларни ёритиб беради ва бу соҳадаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ҳамда инсон ҳуқуқлари тизимини миллий, минтақавий ва глобал миқёсда ривожлантириш имкониятларини муҳокама қилади», — деди Ю. Стерк.
Унинг таъкидлашича, Халқаро меҳнат ташкилоти инсон ҳуқуқлари билан мутлақо бевосита боғлиқ: «Бу гуманитар ҳамкорлик ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги бугунги кунга қадар фаолият юритиб келаётган энг аввалги халқаро ташкилот. У Биринчи жаҳон уруши тугагандан сўнг дарҳол ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларга эътибор қаратган ҳолда ташкил этилган бўлиб, муносиб меҳнатни ҳимоя қилиш тизимини яратмасдан ҳамда меҳнат қилиш ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқларни (бу эса ҳуқуқларнинг бутун бир тизимидир) тарғиб қилмасдан туриб, халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш мумкин эмаслигини англаган ҳолда тузилган».
Ривожланиш ҳуқуқи инсонни, унинг қадр-қимматини, ҳуқуқларини, танлаш имкониятларини ва ўз келажагини шакллантиришда иштирок этиш қобилиятини марказий ўринга қўйиши лозим. Буни ЮНФПАнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори ўринбосари Клаус Бек ўз нутқида таъкидлади.
Нутқда демографик барқарорлик концепцияси муҳим ўрин эгаллади. У давлатларнинг демографик ўзгаришларга ўз вақтида муносабат билдириш, шу билан бирга инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва аҳолининг турли гуруҳлари учун имкониятларни кенгайтириш қобилиятини назарда тутади. «Инсон қадр-қиммати тараққиётнинг қўшимча натижаси бўлмаслиги, балки унинг мақсади ва мезони бўлиб қолиши керак», — дея таъкидлади эксперт.
Туркия Республикаси Омбудсмани Эртунч Эркан Балтанинг фикрига кўра, халқаро мониторинг ва ҳисобот механизмлари доирасида ишлаб чиқиладиган хулоса ва тавсияларнинг етарли даражада амалга оширилмаслиги энг жиддий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Шундай экан, Нотиқ, шунингдек, аниқланган муаммолар ҳақида жамоатчилик хабардорлигини ошириш зарурлигига эътиборни қаратди. Унинг фикрича, бу давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг инсон ҳуқуқларига риоя этиш масалаларига янада масъулиятли ва холисона ёндашишига хизмат қилиши мумкин.
Дастурга мувофиқ, Форумнинг биринчи куни Тошкентда 2 та ялпи мажлис ва 7 та параллел сессия бўлиб ўтди, уларда 100 дан ортиқ маърузачи офлайн ва онлайн тарзда сўзга чиқди. Самарқанддаги иккинчи куннинг асосий воқеаси Форумнинг якуний ҳужжати – «Самарқанд тасаввури – 2040: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор тараққиёт йўлидаги глобал ҳамкорлик» номли якуний ҳужжатни муҳокама қилиш ва қабул қилишга бағишланган якуний ялпи мажлис бўлди.
Бешинчи Самарқанд форумида билдирилган фикрлар, қабул қилинган таклиф ва тавсиялар, шунингдек, «Самарқанд тасаввури – 2040»нинг умумий мақсад ва вазифалари инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Форум иштирокчилари инсон ҳуқуқлари соҳасидаги «Самарқанд руҳи», яъни очиқ мулоқот, ўзаро ҳурмат, бирдамлик, тажриба алмашиш ва умумий ечимларни биргаликда излаш руҳи бундан буён ҳам инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорликка хизмат қилишини таъкидладилар.
Форум Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, ЕХҲТ, Халқаро Қизил Хоч қўмитаси, Халқаро тараққиёт ва адолат маркази ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилди.
