“Волонтёр” – ихтиёрий равишда ёрдам қўлини чўзувчи инсон
5 декабрь – Халқаро кўнгиллилар куни
Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар – инсон ҳуқуқларининг бир тури бўлиб, бизга муносиб ҳаёт кечириш, жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этиш учун зарур шарт-шароитларни кафолатлайди. Бунда ҳар бир киши фаровонликка эришиши, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши ҳамда бахтли бўлиши ва ўз ҳаётидан рози бўлишини таъминлаш назарда тутилади.
Халқимизда “Чин кўнгилдан яхшилик қилиш” деган азалий тушунча бор. Одатда, ўзаро меҳр-оқибатга ундовчи амалларга нисбатан мана шу ибора қўлланади.
Бундай меҳр-оқибатли инсонларни турли фаолият соҳаларида учратиш мумкин. Маҳаллаларда бирлашиб муҳтожларга кўмаклашиш, ўзаро ҳашар йўли билан уй тиклаш, оғир вазиятларга тушган инсонларга жамоа бўлиб ёрдам бериш – шу каби юмушларнинг барчаси юртимизда кўнгиллилар кўмаги билан битадиган ибратли ишларни англатади.
Кўнгиллилар бугунги кунда “волонтёрлар” тушунчаси билан янада кенг қамров касб этди. Натижада айни замонавий атама негизида ўз бўш вақтини жамият учун беминнат кўмак беришга сарфловчи инсонлар жамоаси шаклланди.
“Волонтёр” сўзи французча “volontaire” сўзидан олинган бўлиб, “ихтиёрий”, “ўз хоҳишига кўра иш қилувчи”, деган маъноларни англатади.
Кўнгилли (волонтёр) – сўзининг юридик таърифи эса моддий мукофот кутмаган ҳолда фаолиятнинг турли соҳаларида чин кўнгилдан, беғараз ҳолда ўз ёрдами ва хизматини расмий тарзда таклиф этувчи кишидир.
Беғараз фаолиятнинг қамрови ҳам кенг ва турличадир. Чин кўнглидан кўмак бериб, эвазига ҳеч қандай манфаат, фойда кутмасдан ёрдам қўлини чўзувчи инсонларга эса жамиятда ҳар доим эҳтиёж сезилади.
1985 йил БМТ Бош Ассамблеяси резолюциясида дунё давлатларига 5 декабрни – Иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш йўлидаги халқаро кўнгиллилар куни ёки қисқача – Халқаро кўнгиллилар куни сифатида нишонлаш таклиф қилинганди. Шу тариқа БМТ Кўнгиллилар дастури ҳар йили дунё бўйлаб минглаб кўнгилли инсонларни ҳаракатга чорлаб келмоқда.
Кўнгиллиларнинг бир қисми жамоат жойларини тозалашда ўзлари талабгор бўлиб ишласа, баъзилари ижтимоий ёки хайрия кампаниялари учун рисола ва плакатлар тарқатди, йирик спорт мусобақа ва олимпиадаларида кўнгилли таржимон ва гид сифатида ёлланади. Кўнгиллилар асосан ёшлар, талаба ва ўқувчилардан иборат бўлади.
Бу ҳақда сўз борганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 2 декабрда “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги қонунга имзо чекканини таъкидлаш лозим. Ушбу қонунда волонтёр ва волонтёрлик ташкилоти мақоми мустаҳкамланди, кўнгиллилик фаолиятининг йўналишлари белгилаб берилди.
Ўз навбатида, 2020 йил 4 декабрда Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси ташкил этилиб, волонтёрлар форуми ўтказилди.
Хулоса ўрнида шуни ҳам таъкидлаш жоизки, 2024 йил 4 июнда “Экологик муаммолар: ўзгарувчан дунёда инсон ҳуқуқлари келажаги, барқарор ечимларни топиш” мавзусида ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумида ҳам Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари таржимонлик соҳасида кўнгилли кўмак кўрсатишди.
Бугунги кунда волонтёрлар меҳрибонлик ва мурувват уйларига ёрдам кўрсатиш, бу масканларга байрам тадбирлари уюштириш ва эҳтиёжманд инсонларни парваришлаш ишларида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Ер юзида содир бўлаётган турли табиий офатлар, зилзила, сел ва бошқа нохушликлар оқибатларини бартараф этиш ишларида ҳам минглаб кўнгилли инсонлар кўмаги асқатмоқда.
Ҳамид РАВШАНОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон
Республикаси Миллий маркази
Ҳисоб-китоб бўлими бошлиғи
Ўзбекча
English
Русский