Ўзбекистон дунёда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг конституциявий мақомини мустаҳкамлаган тўртинчи давлатга айланди

БИШКЕК, 30 ноябрь. / “Дунё” АА/. Қирғизистоннинг оммабоп “Аlliance-press.kg” нашрида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати, академик Акмал Саидовнинг “Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари”, мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

“Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳозирги даврда Янги Ўзбекистон ортга қайтмас демократик ислоҳотлар йўлидан дадил бормоқда, прагматик ташқи сиёсат юритмоқда, жаҳон ҳамжамияти билан очиқ ва фаол мулоқот олиб бормоқда. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда”, - деб ёзган муаллиф.

Париж принциплари, Вена декларацияси ва Ҳаракатлар дастури тавсияларига мувофиқ Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ташкил этилган бўлиб, бугун Ўзбекистон дунёда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг конституциявий мақомини мустаҳкамлаган тўртинчи (Мексика, Марокаш ва Мисрдан кейин) давлатга айланди.

Шунингдек, таъкидланишича, Ўзбекистонда 2020 йилдан бошлаб Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия амалга оширилмоқда. Ушбу Стратегияда конституциявий шикоят институтини жорий этиш, Конституциявий судда масалаларни кўтариш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доирасини кенгайтириш вазифалари ҳам қамраб олинган.

“Ҳозирда 2030 йилгача мўлжалланган янги Стратегия ишлаб чиқилмоқда. Унда янги таҳрирдаги Конституция нормаларини ҳисобга олган ҳолда асосий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш устувор йўналиш бўлади”, - деб ёзилган мақолада.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech