Нелсон Мандела қоидалари: қийноқларга йўл қўйилмайди

Юртимизда инсон ҳуқуқлари, қадр-қиммати, шаъни ҳар нарсадан улуғ.

Гарчи одам билиб-билмай жиноят содир этган, суд ҳукми билан жазога тортилган шахс бўлса-да, унга қонун доирасидан чиқиб муомала қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Сўнгги йилларда мазкур масалага янада жиддий эътироф қаратилиб жазони ижро этиш муассасаларида мутасадди идоралар вакиллари мониторинг ўтказишяпти. Улар маҳкумлар билан якка ва умумий тартибда суҳбатлашишмоқда. Қолаверса, соҳа ходимлари билан қийноқларнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар ташкил этилмоқда.

Яқинда Тошкент вилоятида Нелсон Мандела қоидалари халқаро ўқув дастури асосида мутахассисларни тайёрлаш бўйича тўрт кунлик семинар-тренинг ташкил этилди. Бундан кўзланган мақсад ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД тизимидаги муассасаларнинг масъул ходимларини қийноқларнинг олдини олиш ва инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш бўйича халқаро стандартлар билан таништиришдан иборат эди.

Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ва Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти ҳамкорлигида ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида “Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни жорий этиш доирасида биз одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига бундан буён ҳам мутлақо йўл қўймаймиз. Бундай жиноятлар қачон содир этилганидан қатъи назар, улар учун жазо муқаррардир” -дея таъкидлаган эдилар. Ўтказилган тренинг ҳам Президентимизнинг ана шу қатъий талабларини амалда татбиқ этишга қаратилди.

Семинарнинг дастлабки кунида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси бўлим бошлиғи Андреа Хубер, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалан мувофиқлаштирувчиси Антти Карттунен, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти директори Мурод Турғунов ва бошқалар сўзга чиқиб, мавзу доирасида ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Тренинг доирасида Нелсон Мандела қоидаларининг асосий тамойиллари ва ушбу қоидаларга киритилган ўзгартиришларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятига эътибор қаратилди. Маҳкумларни қийноқлар ва шафқатсиз муомаладан ҳимоя қилиш юзасидан жазони ижро этиш муассасалари ходимларининг билимини ошириш ва кўникмаларини шакллантириш масаласи алоҳида диққат марказида бўлди.

Бурхонхўжа АКРОМОВ, подполковник.

«Postda-На посту» газетасининг 2024 йил 9 май кунги 19 (4661)-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech