“Ёшлар – Учинчи Ренессанс бунёдкорлари!”

Бу ҳаётбахш чақириқ 6 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов ва Г.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ректори Қ.Абдураҳмонов билан Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги 1-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлиб ўтган учрашувда янгради.

Академикларнинг ўқитувчи ва ўқувчилар билан мулоқоти аввалида тараққиётимиз дастури бўлмиш “Ўзбекистон–2030” стратегиясида таълим тизимини янада ривожлантириш бўйича янги мақсад ва режалар белгилаб олингани ҳақида фикр юритилди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ана шу устувор вазифаларни амалга ошириш, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни зиммасига олишга қодир янги авлодни тарбиялаш барчамиздан катта куч-ғайрат, азму шижоат билан меҳнат қилишни талаб этади.

Ўзбекистон Президенти шундай шарафли вазифани адо этишда шахсий намуна кўрсатиб, мамлакатимиздаги ёш авлод, айниқса, истеъдодли ва иқтидорли йигит-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида ҳаммамиз учун ўрнак бўлмоқда. Бинобарин, янги таҳрирдаги Конституциямизда илк бор ўқитувчи мақоми алоҳида белгиланиб, таълим тизимини ривожлантириш давлатнинг бош вазифалари қаторига киритилгани бежиз эмас.

  Жонкуяр педагог – академик, иқтисод фанлари доктори, профессор Қаландар Абдураҳмонов айнан шу мактаб битирувчиси саналади. Бу ерда ўтказилган қизиқарли мулоқот асносида академик Акмал Саидов мактабда Қаландар Абдураҳмоновнинг фаолияти ва ҳаёт йўли ҳақида сўзловчи мўъжаз музей ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.

Ушбу ташаббус Чироқчи туман ҳокими Файзулла Юсупов ва бошқа масъуллар томонидан қўллаб-қувватланди.

Учрашув якунида академиклар мактаб кутубхонаси учун китоблар совға қилишди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech