Ногиронлиги бўлган шахсларга «тўсиқсиз муҳит» тамойили асосида хизмат кўрсатиш зарур

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими иштирокида, Транспорт вазирлиги, «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда ахборот сессияси ташкил қилди.

Унда ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат транспортидан фойдаланишга оид ҳуқуқлари ва эҳтиёжларини таъминлаш ҳақида сўз юритилди. Ҳайдовчилар ҳамда чипта сотувчиларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини оширишга эътибор қаратилди. 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими маслаҳатчиси Павло Бялик ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин ҳаракатланиши ва ижтимоий хизматлардан тўлиқ фойдаланишини қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун амалий кўмак кўрсатиш зарурлигини таъкидлади. 

Ўзбекистон 2021 йилда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилган. Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги халқаро мажбуриятларни бажариш, шу жумладан, «тўсиқсиз муҳит» тамойилини жорий қилиш орқали бу соҳада амал қилаётган тизимни такомиллаштириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Тадбирда ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат транспортидан фойдаланишини осонлаштириш учун уларни пандуслар, лифтлар ва бошқа мослаштирилган технологиялар билан таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди. Ногиронлар аравачасидаги инсонларга жамоат транспортига тўсиқсиз, мустақил кириб-чиқиш учун янада қулай имкониятлар яратишнинг замонавий инновацион тизимлари кўриб чиқилди. 

Экспертлар бу борада қулайлик яратишга оид халқаро андозалар ва уларни миллий шароитларга мослаштириш ҳақида фикр билдирди. Ногиронлиги бўлган шахслар жамоат транспорти инфратузилмаси имкониятларидан фойдаланишига оид турли мамлакатларнинг ибратли амалиёти ва бир қатор илғор тажрибалар ҳақида сўз юритилди. 

Мулоқот асносида, шунингдек, транспорт тармоқлари ва транспорт воситаларини лойиҳалаш босқичидан бошлаб тўсиқсиз майдонни яратиш лозимлиги қайд этилди. Мутахассисларнинг фикрича, бундан буён барча янги лойиҳаларни пандус, кенг эшик ва махсус лифт каби қулай ечимларни кўзда тутган ҳолда тайёрлаш жуда муҳим. 

Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат жойларида мустақил ҳаракатланишини осонлаштирадиган замонавий технологияларни кенг қўллаш зарурлиги таъкидланди. Бу ўринда, жумладан, бугунги жамоат транспортида мавжуд овозли огоҳлантириш ва тактик ахборотга эга электрон ахборот тизимларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. 

Бу соҳадаги ишларни яхшилашда қонунчилик ҳужжатларининг ўрни ва аҳамияти катта. Шунинг учун тегишли давлат органлари соҳага оид норма ва стандартларни ишлаб чиқиш ҳамда уларга амал қилиш жараёнларини қатъий назоратга олиши керак. 

Иштирокчилар ногиронлиги бўлган шахсларга ҳурмат билан муомалада бўладиган, уларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ёрдам берадиган ва малакали хизмат кўрсатадиган ходимларни ўқитишга қаратилган ташаббусларни ҳар доим қўллаб-қувватлаш зарурлигини билдирди. 

Бундай ўқувлар сирасига, жумладан, транспорт воситаларига чиқиш-тушиш пайтида, шунингдек, махсус кўмак талаб қилинадиган ҳолатларда ногиронлиги бўлган шахсларни камситмаслик ва уларга астойдил ёрдам беришни ўргатиш бўйича мунтазам тренинглар ҳам киритилиши лозим. 

Муҳокамалар якунида ушбу мақсадларга эришиш учун барча манфаатдор томонлар – давлат идоралари, хусусий сектор ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги зарур, деган якдил хулосага келинди. Зеро, тўсиқсиз муҳит яратишда халқаро ва тармоқлараро ҳамкорликнинг ўрни беқиёсдир. 

Н.Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech