БМТ кенгаши сессиясида Ўзбекистон эътироф этилди

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 55-сессиясида Ўзбекистон Универсал даврий шарҳ доирасида мазкур кенгаш тавсияларини мақбул даражада бажариб келаётган давлат сифатида эътироф этилди.

Шу муносабат билан Женева шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан мамлакатимизнинг БМТ ҳузуридаги Женевада жойлашган ваколатхонаси ва «UPR-Info» халқаро ноҳукумат ташкилоти билан ҳамкорликда айни мавзуда тадбир ўтказилди.  

Тадбирда Озарбайжон, Ирландия, Қирғизистон, Литва, Люксембург, Нидерландия, БАА, АҚШ, Сьерра-Леона, Франция ва БМТ, ЮНФПА каби халқаро ташкилотлар ҳамда «Justice for all international» халқаро ноҳукумат ташкилоти вакиллари иштирок этди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши президенти, элчи Омар Знибер тадбир иштирокчиларини қутлади.  

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов мазкур тадбирда онлайн иштирок этди.

Маълумки, 2023 йил ноябрь ойида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Универсал даврий шарҳ бўйича ишчи гуруҳи Ўзбекистоннинг тўртинчи миллий маърузасини кўриб чиқди. Ишчи гуруҳ миллий маърузасини кўриб чиқиши чоғида 80 дан ортиқ давлатдан 234 та тавсия билдирилди.  

А.Саидов бу борадаги амалий ҳамкорлик ва фойдали тавсиялар учун БМТ Кенгашига аъзо давлатлар ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасига миннатдорлик билдирди. «UPR-Info» халқаро ноҳукумат ташкилоти Ўзбекистоннинг Миллий маърузасини тайёрлаш жараёнида делегациямиз аъзоларини самимият ва ишчанлик билан қўллаб-қувватлаганини эътироф этди. Шу муносабат билан ушбу халқаро ННТ раҳбарияти ва фаолларига ташаккур изҳор этди.

– Ўзбекистон ҳамкор давлатлар, бошқа манфаатдор томонлар ўртасида инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш бўйича илғор тажриба алмашишнинг ўзига хос механизми сифатида Универсал даврий шарҳ жараёнига тўлиқ содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди, – деди А.Саидов. – Биз Универсал даврий шарҳ мажбуриятлари ҳукуматлар томонидан ихтиёрий равишда қабул қилинишини ва яхши ният тамойили сифатида миллий даражада амалга оширилиши мисолида уни ҳурмат қилиш кераклигини эътироф этамиз.

Ўзбекистон ҳукумати, парламенти, адвокатура ва фуқаролик жамиятининг ўзаро боғлиқ ролларининг тўғри ишлаши зарурлигини тасдиқлаган ҳолда, Универсал даврий шарҳ доирасида ўз миллий маърузаларининг кўриб чиқилиши юзасидан билдирилган тавсияларни мақбул тарзда бажариш учун барча манфаатдор томонлар билан фаол ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

Тадбирда, шунингдек, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси Консуэло Видал Брюс ва БМТ Тараққиёт дастурининг Женевадаги офиси директори Аги Вереснинг маърузалари тингланди.  

Муҳокамаларда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси раҳбари Матильда Богнер, шунингдек, Франция, Сьерра-Леона ва Қирғизистоннинг БМТ ҳузуридаги Женевада жойлашган доимий вакиллари сўзга чиқди.

 

Н.Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech