Таълим ва илм-фанга бахшида умр

2023 йил 23 май куни Тошкент давлат юридик университетида  марҳум юридик фанлар доктори, профессор Зайнитдин Исломов таваллудининг 85 йиллигига бағишланган “Ҳуқуқ назарияси ва тарихининг юридик кадрлар таҳлилий кўникмаларини шакллантиришдаги ўрни” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Конференциянинг маънавий-маърифий қисмида давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари, фахрий устозлар, профессор-ўқитувчилар, миллий ва хорижий экспертлар, З.Исломовнинг оила аъзолари, шогирдлари ва талабалар иштирок этди.

Тадбирни Университетнинг ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Ахрорхон Хошимхонов очиб берди.

Очилиш қисмида фахрий меҳмонлар – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, юридик фанлар доктори, академик Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари федерацияси раисининг ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Шухрат Жалилов, юридик фанлари докторлари, профессорлар Жўрабой Тошқулов, Иса Хамедов, Фозилжон Отахонов, Мавлуда Ахмедшаева ва бошқалар ўз хотиралари билан З.Исломовнинг илмий-педагогик фаолияти ҳамда инсоний фазилатлари тўғрисида ўртоқлашдилар.

Таъкидланганидек, профессор Зайнитдин Исломов умрининг 50 йилдан ортиқ қисмини таълим ва илм-фанга бағишлади, минглаб талабалар ва магистрларга сабоқ берди. Ўзбекистонда давлат ва ҳуқуқ назарияси ва тарихи, шунингдек мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асослари, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш масалалари каби долзарб мавзуларда илмий тадқиқотлар олиб бориб, 200 дан зиёд илмий ва илмий-оммабоп ишларни чоп этди.

З.Исломов ўзининг илмий йўналишида ўз мактабини яратган бўлиб, унинг илмий раҳбарлиги остида 20 дан ортиқ юридик фанлар доктори ва юридик фанлар номзоди илмий даражаларини олиш бўйича диссертациялар муваффақиятли ҳимоя қилинган.

Олимнинг  ўзбек ва рус тилларида чоп қилинган “Давлат ва ҳуқуқнинг умумназарий муаммолари: ҳуқуқни тушуниш, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқ ижодкорлиги”, “Ҳуқуқ тушунчаси, моҳияти, ижтимоий вазифаси”, “Ўзбекистон модернизациялаш ва демократик тариққиёт сари” , “Давлат ва ҳуқуқ назарияси”, “Инсон ҳуқуқлари ва ҳозирги замон юриспруденцияси” каби монография, дарслик, ўқув қўлланмалари юриспруденция соҳасида назариётчи ва амалиётчиларни камолга етказишда муҳим манба бўлиб хизмат қилаётгани эътироф этилди.

Устознинг самарали меҳнатлари давлатимиз томонидан эътироф этилиб, у 2003 йилда “Шуҳрат” медали,  “Олий таълим аълочиси” кўкрак нишони, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 15 йил” эсдалик нишони билан тақдирланди.

Профессор Фозилжон Отахонов ўз сўзида устози Зайнитдин Исломов “Давлат ва ҳуқуқ назарияси” фанидан биринчи курсда семинар дарсларни ўтганлигини, талабалар орасида ўзгача ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлганлигини, университетни биртиргандан сўнг ҳам унга ҳар доим йўл-йўриқ кўрсатиб, илмий иш қилишга рағбатлантириб келганлигини, юриспруденцияни ривожлантиришга астойдил интилганлигини, инсон сифатида оқ кўнгил, кўпчиликка яхшилик қилишдан чарчамайдиган олий ҳиммат бўлганлигини чуқур ва самимий миннатдорчилик билан хотирлади.

 

Халқаро конференциянинг илмий қисмида мамлакатимиз олимлари билан бир қаторда АҚШ, Беларусь, Қирғизистон, Қозоғистон давлатларидан профессор-ўқитувчилар ва адвокатлар онлайн-офлайн шаклда ўз маърузалари билан иштирок этдилар.

Mediator.uz

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech