Миллий марказда япониялик профессор ва талабалар билан учрашув бўлди

16 март куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида япониялик профессор ва талабалар билан учрашув бўлди. Тадбир Нагоя университетининг Осиё ҳуқуқий ҳамкорлик маркази (CALE) ва Нагоя университети юридик факультети делегациясининг ташрифи доирасида ташкил этилди.

Мулоқот асносида мамлакатимизда сўнги йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўз борди. Меҳмонларга, жумладан, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича ўтказиладиган референдум ҳақида маълумот берилди. 

Халқимиз хоҳиш-иродаси асосида қабул қилиниши режалаштирилаётган янги Конституцияда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти этиб белгилангани, инсоннинг шахсий ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилаётганига оид масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Бу ўринда Асосий қонунимизга “Хабеас корпус” институти, “Миранда қоидалари”, шунингдек, айбланувчи ва судланувчиларнинг ўзига қарши кўрсатма бермаслиги, яъни “сукут сақлаш” ҳуқуқи белгиланаётгани ҳақида сўз бормоқда. Ёш авлоднинг баркамол ривожланишига салбий таъсир қиладиган ҳар қандай болалар меҳнатининг тақиқланиши ҳам Конституциямизга тўғридан-тўғри ёзиб қўйилаётгани таъкидланди.

Учрашувда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатининг самарали амалга оширилиши, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсияларини бажариш, миллий ҳаракат режаларини ишлаб чиқиш, халқаро шартномалар қоидаларини миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилишни таъминлаш мавзуларида ҳам фикр юритилди.

Бундан ташқари, кейинги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда тузилмалар, хорижий мамлакатлар миллий институтлари билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот тақдим этилди.

Дўстона ва самимий руҳда ўтган учрашув якунида меҳмонлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди. Япониялик профессор ва талабалар ҳар бир бўлимга тегишли хизмат хоналарида бўлиб, Миллий марказнинг фаолияти билан атрофлича танишдилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech