НАВРЎЗ – УМУМХАЛҚ БАЙРАМИ

Қаҳратон қиш шиддатидан сўнг ҳам танга, ҳам қалбга илиқлик олиб келувчи қуёш нурлари юртимиз заминига ўзгача ҳусн ва кўрк бахшида этмоқда. Илиқ кунларнинг ёмғирли мавсуми бошланиб, тупроқ ва дарахтларнинг бир неча ойлик сукунатига якун ясамоқда.

Уйғониш фасли бўлмиш баҳорнинг дастлабки ойи ҳам бир қатор байрамлари билан киши кайфиятини кўтаришда ҳиссадордир. Булардан бири 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни бўлса, яна бири 21 март – Наврўз умумхалқ байрами ҳисобланади. Наврўз байрами юртимизда 1991 йилдан бошлаб умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келинмоқда.

Айни кунларда ҳам Президентимиз қарори асосида юртимизда Наврўз байрамини кенг кўламда нишонлашга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Наврўз фақат Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз икки йил давомидагина эмас, балки жуда олис даврларда ҳам халқимиз томонидан кенг нишонлаб келинган.

Наврўз сўзи – “янги кун” деган маънони англатади. Бундан бир неча аср муқаддам кириб келажак янги йил ҳисоби айнан шу санадан бошлаб ҳисобланган. Наврўз Шарқ халқлари ўртасида юксак аҳамиятга молик байрам сифатида Ўзбекистон билан бир қаторда Эрон, Афғонистон, Ироқ, Сурия, Озарбайжон, Баҳрайн, Ливан, Покистон, Ҳиндистон, Тожикистон, Туркия, Албания, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон каби кўплаб мамлакатларда нишонланади.

Аксарият олимлар Наврўзнинг келиб чиқиши зардуштийлик динига бориб тақалишини айтишади. Тилак билдиришлар, малакларнинг ерга тушиши тўғрисидаги турли афсоналар эса ушбу тахминларнинг ҳақиқатга яқин эканлигини тасдиқлайди. Бора-бора Наврўз оммалашгани сари сайил тарзида ташкил этилиб, халқнинг хоҳишига қараб турли мусобақалар: кураш, кўпкари, қўчқор ва хўроз уруштиришлар ўтказила бошланган. 

Наврўз ҳақида сўз борганда, беихтиёр ушбу байрамнинг шоҳ таоми бўлмиш сумалак ҳақида айтмасликнинг иложи йўқ. Ёш-у қари, катта-ю кичикни ўзига ром этувчи ушбу ажойиб таом ҳам 3 минг йиллик тарихга эга.

Айни кунларда юртимизда сумалакхўрлик авж паллада. Қишнинг изғиринида иммун тизими кучсизланиб қолган, турли хил консервантлар меъдасига тегкан инсон учун табиий, тоза ўстирилган буғдойдан тайёрланган сумалак айни муддао.

Ҳамма ёқда байрам шукуҳи. Нарўз дастурхони учун турли хил баҳорий, миллий таомлар тайёрланмоқда. Сайил учун кўча, хиёбон ва майдонлар ҳозирланмоқда.

“Оллоҳнинг назари тушган” дея улуғланувчи ушбу юртда нафақат Наврўз балки ҳар қандай оддий кун ҳам байрам қилишга арзийди. Меҳрли ва меҳмондўст халқимизга яхшиликлар ёр бўлсин, Наврўз муборак бўлсин!

 

Оғабек  АБДУРАСУЛОВ, 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази масъул ходими

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech