ЖССТ: мактаб ёшидаги ҳар ўнинчи бола ва ўсмир семиришдан азият чекяпти
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан илк бор мактабларда соғлом овқатланиш бўйича ишлаб чиқилган глобал тавсиялар эълон қилинди.
Маълум қилинишича, дунё бўйлаб болалар ўртасида ортиқча вазн ва семириш кўрсаткичлари ошиб бормоқда. Шу билан бирга, тўйиб овқатланмаслик ҳануз жиддий муаммо. 2025 йилда илк бор болалар ўртасида семириш ҳолатлари озғинлик кўрсаткичларидан анча юқори бўлди.
Хусусан, мактаб ёшидаги ҳар ўнинчи бола ва ўсмир семиришдан азият чекяпти. Ҳар бешинчиси, яъни жами 391 миллион нафар ўғил-қиз ортиқча вазнга эга. Шунингдек, дунё аҳолиси орасида 800 миллиондан ортиқ киши қандли диабетга чалинган.
Шу маънода, куннинг катта қисмини мактабда ўтказадиган миллионлаб болалар учун овқатланиш рациони муҳим. ЖССТ раҳбарининг фикрича, умумтаълим муассасаларида соғлом таомланиш келажакда турли касалликларнинг олдини олишга ёрдам беради.
ЖССТ тавсиялари мактабларда зарарли маҳсулотлар, хусусан, шакар, туз ва трансёғлар истеъмолини камайтириш, аксинча мева-сабзавот, ёнғоқ, дон ва дуккакли маҳсулотлар улушини оширишни назарда тутади.
Ташкилот янги қўлланмани амалиётга жорий этиш учун мамлакатларга техник кўмак кўрсатишни режалаштирмоқда.
ССВ матбуот хизматининг эслатиб ўтишича, “Умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал таълим муассасаларида ўқувчилар овқатланишини ташкил этишнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари”га кўра, юртимиздаги мактаб ошхоналарида ўқувчилар соғлиги учун зарарли бўлган маҳсулотлар тайёрланиши ҳамда сотилиши тақиқланган.
Умуман олганда, ЖССТ томонидан ишлаб чиқилган мактабларда соғлом овқатланиш бўйича глобал тавсиялар болалар саломатлигини ҳимоя қилишга қаратилган долзарб чора ҳисобланади. Зарарли маҳсулотларнинг кўпайиши ва нотўғри овқатланиш одатлари ортиқча вазн, семириш, қандли диабет ҳамда бошқа сурункали касалликлар хавфини оширмоқда. Бу касалликлар нафақат боланинг жисмоний ривожига, балки ақлий салоҳияти ва ҳаёт сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шу боис мактаб ошхоналарида соғлом, мувозанатли ва хавфсиз овқатланишни таъминлаш, болаларда тўғри таомланиш маданиятини шакллантириш орқали келажакда соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш мумкин.
Моҳигул Қосимова, ЎзА
Ўзбекча
English
Русский